Бунақаси супертўпурар ҳаётида биринчи марта бўлди
Англия миллий терма жамоаси ва “Бавария” клуби ҳужумчиси Ҳарри Кейн тўпурарлик борасида янгидан янги рекордларни ўрнатишга киришиб кетди.
32 ёшли ҳужумчи Европа Чемпионлар лигаси умумий гуруҳ босқичи учинчи турида “Брюгге” дарврозасини ишғол қилиб, жамоасининг 4:0 ҳисобидаги ғалабасига катта ҳисса қўшди.
Бундан аввал, англиялик форвард қитъанинг энг нуфузли турнири доирасида “Челси” (3:1) ва “Пафос” (5:1) жамоалари дарвозасига ҳам йўл топган эди.
Шунингдек, Ҳарри Кейн Бундеслига тур учрашувларида “Боруссия Дортмунд” (2:1),”Айнтрахт” (3:0), “Вердер” (4:0), “Хоффенхайм” (4:1) ҳамда “Гамбург” (5:0) дарвозабонларини ҳам ожиз қолдирган.
“Бавария” клубининг расмий сайтида хабар берилишича, Ҳарри Кейн фаолиятида илк маротаба қаторасига саккизта учрашувда гол уришни уддалаб келмоқда.
Мюнхен суперклуби футболчилари 25 октябрь куни Бундеслиганинг саккизинчи турида “Боруссия Мёнхенгладбах” жамоаси меҳмони бўлади. Агар бу учрашувда ҳам Кейн ўзини кўрсата олса, унинг голли серияси яна бир шахсий рекорд сифатида қайд этилади.



Фикрлар