Бунақаси тарихда бўлмаган! Англия Хорватияни шарманда қилиб кетди
Англия терма жамоаси Миллатлар лигаси гуруҳ босқичининг учинчи турида Хорватия устидан йирик ҳисобда ғалаба қозонди. Риека шаҳрида ўтган учрашув мезбонлар учун катта мағлубият билан якунланди — 7:0.
Ҳисоб тақдири амалда биринчи бўлимdaёқ ҳал бўлди. 8-дақиқада Жуд Беллингемнинг аниқ узатмасидан сўнг Ҳарри Кейн ҳисобни очди. Орадан кўп ўтмай, бу сафар Беллингемнинг ўзи гол урди. Кейинчалик Энтони Гордон ва Букайо Сака ҳам ўз имкониятларидан унумли фойдаланиб, англияликлар устунлигини тўрт тўпга етказишди.
Танаффусдан кейин ҳам вазият ўзгармади: Кейн ва Сака иккинчи голларини урган ҳолда дубль расмийлаштиришди. Учрашувдаги сўнгги зарбани эса Морган Рожерс йўллаб, якуний ҳисобни белгилаб қўйди.
Ушбу ғалабадан сўнг Англия олти очко тўплаб, A3 гуруҳида иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Хорватия эса уч очко билан ҳозирча учинчи поғонада жойлашган.
Хорватия терма жамоаси ўз тарихида энг йирик мағлубиятини қайд этди. Бунгача хорватлар ҳеч қачон бунчалик катта ҳисоб фарқи билан мағлуб бўлмаган эди. Улар учун энг йирик мағлубият сифатида 2018 йил 11 сентябрда Испанияга қарши ўйин қайд этилган, ўшанда ҳисоб 0:6 бўлган эди.

Фикрлар