Лас-Вегасда давом этаётган оғир атлетика бўйича ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Нигора Абделлаева -49 кг вазн тоифасида мутлақ жаҳон чемпиони бўлди. Янаям қизиғини айтайликми? Бу қизимиз ҳали 14 ёшда!
Қаҳрамонимиз даст кўтариш машқида 75 кг, силтаб кўтариш машқида эса 90 кг, икки кураш бўйича 165 килограмм натижа қайд этди! Учала йўналишда ҳам ҳеч ким Нигорахонга тенг кела олмади!
Ҳали ўзбек оғир атлетикаси тарихида бунақаси бўлмаган. Ўтган йили пойтахтимиз мезбонлик қилган ёшлар ўртасидаги мусобақа ҳам шундай қувончли онларни тақдим қилганди. Ўшанда Кумушхон Файзуллаева -63 кг вазн тоифасида иштирок этиб, даст кўтаришда бронза (94 кг), силтаб кўтариш (120 кг) ва икки кураш бўйича (214 кг) олтин медалларни қўлга киритган. Ўшанда Кумушхон оғир атлетикада қизларимиз орасида биринчи бор жаҳон чемпионлигини қўлга киритган спортчига айланган эди. Кейинги кун баҳсларида Долера Давронова даст кўтаришда бешинчи натижани қайд этганига қарамасдан силтаб кўтаришдаги ажойиб кўрсаткичи эвазига икки кураш бўйича ғалабани илиб кетган. Кеча Нигорахон бу борада мутлақ сўзини ҳам қўшдириб қўйди.
Фикрлар