"Бундай гапларга қўшилмайман" - "Нефтчи" етакчиси жамоасининг Бекободдаги мағлубияти ва Кубокдаги юришини тўхтатгани ҳақида нималарни айтди?

Фарғонанинг “Нефтчи” клуби Ўзбекистон Кубоги гуруҳ босқичидаги иштирокини якунлади ва мусобақани якунлашига тўғри келди. Бекободда “Металлург”га қарши баҳсда фарғоналиклар 1:2 ҳисобида ютқазиб қўйди. Натижада гуруҳда қолиб кетди. Бу натижа кўпчилик учун кутилмаган ҳолат бўлиб туюлмоқда.

Қолаверса, “Металлург”га қарши учрашувда жамоанинг айрим етакчи футболчилари майдонга туширилмади, масалан, Мирзоҳид Ғофуров захирада қолдирилди. Учрашувдан кейин Sports.uz журналисти Мирзоҳид билан боғланди.

- Мирзоҳид, аввало ўйин тўғрисида сўрамоқчиман. Мағлубиятга нима сабаб бўлди?

- Учрашув бошида ўз дарвозамиздан тезгор гол ўтказиб юбордик. Шу нарса таъсир кўрсатди.

- “Нефтчи” ушбу мағлубиятдан сўнг гуруҳда қолиб кетди. Буни ўйиндан кейин билдингизми ва қандай ҳолатга тушдингиз?

- Ҳа, гуруҳда қолиб кетганимизни ўйиндан кейин билдик. Жуда қаттиқ таъсир қилди, мағлубият. Биз бунга лойиқ эмасдик.

мирзоҳид

- Аслида жамоанинг Кубокдаги асосий вазифаси қандай эди ёки бор эътиборини фақат Суперлигага қаратганми?

- Жамоамизнинг Ўзбекистон Кубогидаги вазифаси охиригача бориш эди. Афсуски, гуруҳда қолиб кетдик. Биз ҳар доим ўзимиз қатнашаётган мусобақада максимал натижа кўрсатишни истаймиз ва бунга ҳаракат қиламиз.

- “Металлург”нинг кучига етарлича баҳо берилмади, деб ўйлайсизми ёки...

- Йўқ, мен бундай деб ўйламайман. Мураббий айтиб ўтганидек, бизда 23 нафар футболчи бор. Асосий ёки захира деган гап йўқ.

мирзоҳид3

- “Нефтчи” чемпионатда ҳали ютқазмаган бўлса-да, лекин дуранглари кўпайиб боряпти. Левченко футболчиларда босим борлигини айтди. Шу тўғрими? Умуман, нега ютолмаяпти?

- Дурангларга келсак, ўйиннинг охирги дақиқаларида эътиборни йўқотяпмиз ва дарвозамиздан гол ўтказиб юборяпмиз. Натижада якунда дуранг бўляпти. Аслида биз ҳар бир учрашувда ғалабадан бошқасини ўйламаймиз ва ҳамиша тайёргарлигимиз фақат ғалаба учун бўлади. Лекин футболда доим ҳам сиз ўйлаган истак амалга ошавермас экан.

- Бекободдаги мағлубият ва Кубок мусобақасидан чиқиб кетгани бу мабодо, “Нефтчи”да инқирозни бошланиши эмасми?

- Йўқ, мен бундай гапларга қўшилмайман. Шунчаки, биз кутилмаганда гуруҳда қолиб кетдик.

мирзоҳид1

- Унда бўлса, нега ўйинни асосий таркибда бошламадингиз?

- Мураббий айтганидек таркибда ротация қилди, дам беришга қарор қилди. Юқорида таъкидлаб ўтганимдек, бизда асосий ёки захира ўйинчиси деган тушунча йўқ. Ҳаммага бир хил қаралади.

- Лекин захирада қолганингиздан хафа бўлмадингизми?

- Йўқ. Чунки Суперлигада ҳар бир учрашувда ўйнаяпман. Эътибор берган бўлсангиз, Кубок беллашувларида майдонга тушмадим. Мураббий шуни хоҳлади. Мен эса буни тўғри қабул қилдим. Бу ҳақида менга ўйиндан олдин айтганди.

мирзо2_1

- Бош мураббий Виталий Левченко ўйиндан кейин сизларга нима деди?

- Учрашувдан сўнг ҳозирча дам берди. Чемпионатда қисқа танаффус бўлгани учун Бекободдаги ўйинни Фарғонада биргаликда таҳлил ва муҳокама қиламиз деди.

- Сизнингча, энди Ўзбекистон Кубогининг асосий фаворитлари ким?

- Тўғрисини айтсам, бир нима дея олмайман. Ҳамма жамоа бир хил бўлиб боряпти.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!