
Бундай тўқнашувларни кўрмасангиз бўлмайди ёхуд Суперлигамиз бизни "оловли" ўйинларга чорламоқда
ФИФА кунлари якунига етгани сабабли яна бор эътиборимиз Суперлига баҳсларига қаратилади. 27-29 март кунлари 3-тур учрашувлари ўтказилади. Унда жуда муҳим ва марказий тўқнашувлар бор.
27 март
16:45. “Хоразм” – “Бухоро”
3-турни бошлаб берадиган “Хоразм” ва “Бухоро” ўртасидаги баҳс ўзига яраша аҳамиятлидир. Биласиз, иккала клуб ҳам про лигадан Суперлигага йўл олишди. “Хоразм” иккита турдан кейин иккита ғалаба қозониб жадвалда пешқадамлардан бири. “Бухоро”да эса бир мағлубият ва бир ғалаба бор. “Хоразм” бош мураббийи Ҳаким Фузайлов ўз вақтида “Бухоро”ни ҳам бошқарган ва элитага олиб чиқа олган. Ҳозирда Ҳаким Қаюмович бошчилигидаги “Хоразм” анча қизиқарли кўринмоқда. Бақоев жамоаси ҳам анойилардан эмас. Яхши тўқнашув бўлади. Ҳозирча имкониятлар тенг.
19:30. “Қўқон-1912” – “Шўртан”
Ушбу жамоалар ҳам ўтган йили про лигада ўйнашди ва бу йил Суперлигада қатнашиш имкониятини қўлга киритдилар. Қўқонликлар дастлабки икки турда “Андижон” ва “Нефтчи”га қарши баҳсларда дуранг ўйнаб, кўпчиликда яхши таассурот қолдирди. “Шўртан” учун эса чемпионат омадсиз бошланди. Чунки дастлабки икки турда ғузорликлар мағлубиятга учради. Ҳали рақиблар дарвозасига гол ҳам ура олмаган “Шўртан” Қўқонда ўз омадини излаб кўради. Олдинги иккита турда қайд этилган натижадан келиб чиқиб ва уй фактори инобатга олинганда “Қўқон-1912”да имкониятлар бироз юқорироқ кўриниши табиий. Анвар Бердиев бошчилигидаги “Шўртан” кетма-кет учинчи мағлубиятга рози бўлмаса керак, қолганини ўйинда кўрамиз.
28 март
16:45. “Қизилқум” – ОКМК
Миржалол Қосимов устозлик қилаётган олмалиқликлар мавсумни муваффақиятли бошлади. Иккита ўйин, иккита ғалаба. Навбат учинчи учрашувга. “Қизилқум” Никола Лазаревич бошқарувида ўзининг ўйин услубини шакллантиришда давом этяпти. Навоийликлар етакчиларга қарши яхши ўйнай олишини олдин ҳам намойиш этишган. Агар шу фактор инобатга олинса ОКМКга осон бўлмаслиги тайин. Лекин тажриба олмалиқликларга қўл келишини ҳам истисно қилиб бўлмайди.
19:30. “Навбаҳор” – “Андижон”
Бу икки ном ҳар доим барчанинг эътибори ва қизиқишига сабаб бўлиб келади. Ўтган йилги Ўзбекистон Кубоги финалидаги ёрқин ўйин ҳамон барчанинг ёдида. Жиддий ўйин ва жиддий тўқнашув бўлади. Икки жамоа фан-клуби алоҳида мавзу. Шу куни стадионда “даҳшатли” муҳит бўлиши аниқ. Иккала жамоа мухлислари ўйинни янада қиздиришларига шубҳа йўқ. Ўтган йили охирги турда “Андижон” Наманганда 3:3 ҳисобида жанговар дуранг ўйнаган. “Бобур арена”да эса “Андижон” 3:0 ҳисобида устун келган. Аммо ўзаро ўйинлардаги умумий статистикада “Навбаҳор” устун. Бироқ навбатдаги водий дербиси олдидан статистикалар бир четга чиқади. Майдонда аёвсиз кураш кечади. Имкониятлар ҳозирча тенг. Бундай ўйинни ўтказиб юбориб бўлмайди.
20:00. “Бунёдкор” – “Сурхон”
“Сурхон” кутилмаганда чемпионатни иккита мағлубият билан бошлади. Айниқса, йиллар давомидаги танаффусдан кейин янги қурилган Термиздаги аренага қайтгач, “Хоразм”га 0:2 ҳисобида имкониятни бой бериш - бу жамоа учун жуда аламли. Кейинги рақиб “Бунёдкор” эканини ва сафарда тўп суришини инобатга оладиган бўлсак, “Сурхон”га қийин бўлади. Бунинг устига “Бунёдкор” ҳали ютқазгани йўқ ва ўз ўйини билан яхши таассурот қолдиряпти. “Сурхон” ғалаба учун бор имкониятини ишга солади. Кўп нарса жамоаларнинг тайёргарлигига боғлиқ.
29 март
18:30. “Насаф” – “Нефтчи”
Қаршида марказий тўқнашув гувоҳига айланамиз. “Насаф” амалдаги чемпион. “Нефтчи” эса чемпионликни орзу қиляпти ва мақсади айнан чемпионлик. Лекин фарғоналиклар иккита турда иккита дуранг ўйнаб, қимматли 4 очкони йўқотди. Албатта, бу мавсум боши, бироқ чемпионлик учун курашадиган жамоа учун йўқотилган ҳар бир очко охирида билинади. “Насаф” бир ғалаба, бир дуранг ўйнади ва бор эътиборини “Нефтчи” билан учрашувга қаратган. Катта ўйин бўлади. Агар “Нефтчи” яна қоқилса раҳбарият мураббийни кечирармикин, очиғи билмадик. Чунки фарғоналиклар таркиби энг қиммати ва юлдузлар йиғилишган. “Насаф” жамоавий ўйин бўйича биринчи рақамли. Тажриба борасида эса “Нефтчи” тенгсиз. Супер тўқнашувни ҳамма кўрса керак.
20:00. “Машъал” – “Сўғдиёна”
“Сўғдиёна” Иван Бошкович бошчилигида доимо яхши таассурот қолдириб келган. Лекин янги мавсумни жиззахликлар иккита мағлубият билан бошлади. “Машъал”нинг “Пахтакор”га қарши илк турдаги учрашуви қолдирилган ва ўтган турда меҳмонда “Динамо”га 1:0 ҳисобида ютқазди. Муборак жамоасини олдинда оғир ўйин кутиб турибди. “Сўғдиёна” сафарда “Машъал”ни енгиш учун тажрибасини ишга солиши муқаррар. Лекин бу учрашув “Машъал” учун ўз майдонидаги очилиш ўйини ҳисобланади ва бир неча йилдан кейин муборакликлар мухлислар қаршисида Суперлигада ўйнайди. Хуллас, майдон эгаларини жиддий имтиҳон кутяпти.
20:30. “Пахтакор” – “Динамо”
“Пахтакор” ўтган турда португалиялик мураббий қўли остида Суперлигадаги биринчи мағлубиятини қабул қилди. “Машъал”га қарши қолдирилган ўйини бор ва “Динамо” билан баҳс эса “Шерлар”нинг Суперлигадаги иккинчи учрашувига айланади. Вадим Абрамов бошқарувидаги “Динамо” “Пахтакор”га қарши очиқ ва ҳужумкор ўйин таклиф қилишини кутса бўлади. Шу боис ўйин ҳужумкор ва голларга бой ўтса ажабланмаймиз.
Фикрлар