"Бунёдкор" - обрўли жамоа". Клуб сафида ўз сўзини айтишни бошлаган янги футболчи эътибор марказида

“Бунёдкор” клуби янги мавсумни муваффақиятли бошлади. Аввалига Зоминда “Сўғдиёна”ни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратишди. 2-турда ОКМКни 3:2 ҳисобида таслим қилдилар.

Олмалиқликларга қарши учрашувда “Бунёдкор”нинг янги футболчиси Шохруҳ Абдураҳмонов гол урди, пенальти ишлади ва ғалабага муносиб ҳисса қўшди. Шу сабабли у учрашувнинг энг яхши ўйинчисига айланди.

Айтиш мумкинки, Абдураҳмонов янги мавсумдан эътиборан “Бунёдкор” шарафини ҳимоя қиляпти ва дебют голини ҳам уришга улгурди. Янги клубида 8-рақамли либосда ҳаракат қилаётган Шохруҳ кутилганидек ўзини кўрсатишни бошлади. Қуйида у билан уюштирилган суҳбатни ўқишингиз мумкин.

- “Бунёдкор”нинг ОКМКга қарши учрашувидан қандай хотиралар қолди?

- Нима десам экан? Ишимиз шу – ғалаба қозониш. ОКМК осон рақиб эмасди, қийин эди. Учрашув оғир ўтишини сезиб тургандик. Шу боис учрашувга яхши тайёрландик. Рақиб жамоанинг ўйинини ўрганиб чиқдик. Мураббийларнинг кўрсатмаларини бажардик ва ўзимизга керакли натижага эришдик. “Бунёдкор” охирги марта 4 йил олдин ОКМКни ютган экан. Жамоа сифатида биз буни уддаладик.

- “Бунёдкор”даги дебют голингизни урдингиз ва учрашувнинг энг яхши футболчисига айландингиз...

- Бу аввало жамоанинг ёрдами. Олдиндан нима бўлишини билмайсиз. Ҳаммаси Худодан. Бир ўзим ҳеч нима қила олмасдим. Агар насиб қилмаганида бундай бўлмасди.

абдураҳмонов

- Қишда “Бунёдкор”да айрим муаммолар кўзга ташланганди. Лекин жамоа таркибдаги айрим ўзгаришлардан кейин мавсумни кетма-кет иккита ғалаба билан бошлади. “Бунёдкор”нинг чемпионатни муваффақиятли старт олишини нима билан боғлаган бўлардингиз?

- Авваламбор, барчаси Худодан. “Бунёдкор”да жуда яхши жамоа йиғилган. Биз бир оиладек бўла олдик. Анталиядаги йиғин чоғида мураббийлар яхши жамоани йиға олдилар. Мураббийлар штабидан тортиб, оддий ишчи-ходимларгача аҳил-иноқлик асосий ўринга чиқди. Чемпионат бошланмасиданоқ бир-биримиздан куч ола бошладик. Бу эса ўйинларимизга ҳам ижобий таъсир кўрсатяпти. Футболчиларни ғалабага бўлган хоҳиш ва истаги жуда кучли. Биласиз, “Сўғдиёна” ҳам, ОКМК ҳам хирги пайтларда кучли бешталикдан тушмаяпти. Осон рақиблар эмас. Насиб қилган экан, ютиб олдик.

- Кейинги турни Фарғонада “Андижон”га қарши ўтказасизлар. “Сўғдиёна” ва ОКМКни осон рақиблар эмаслинини айтдингиз. Бўлажак беллашув олдидан нима дея оласиз?

- Ҳозир енгил рақибни ўзи йўқ. Буни чемпионат ҳам айтиб турибди. “Андижон” чемпионатни Қаршида “Насаф” устидан ғалаба қозониб бошлади. Ҳамма жамоа таркибини кучайтирган. Ҳозир мавсум боши бўлгани билан барча жамоалар очко йиғиш ҳаракатида. Шунинг учун енгил ўйиннинг ўзи бўлмайди. Ҳар бир рақиб жиддий. Кутилмаган натижалар ҳам бўляпти. Ҳар бир учрашувга муносиб тайёрланамиз.

абдураҳмонов2

- Ўтган йили биринчи даврада Беларусь чемпионатида “Энергетик-БГУ” сафида тўп сурдингиз. Иккинчи даврада “Динамо”га қайтдингиз. “Бунёдкор”га ўтишингиз қандай амалга ошди?

- Қишки трансфер ойнаси пайтида “Бунёдкор” менга қизиққан экан. Агентлар орқали бу нарса амалга ошди. Клубдагилар мени ўз сафида кўришни хоҳлашди ва бу рўй берди.

- Янги жамоада нимага эришмоқчисиз?

- “Бунёдкор” - обрўли жамоа. Юртимиздаги етакчилардан бири. Кўпчилик футболчи мана шундай яхши клубда тўп суришни хоҳлайди. Олдимизга қўйилган мақсадни бажаришга бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз.

Шуҳратбек Жўраев.  

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!