"Бунёдкор" кучсизландими? "Ҳар ким турлича гапиради, лекин биз танлаган йўлимиздан қайтмаймиз" - Шуҳрат Мақсудов

Ўзбек футболида ўз ўрнига эга бўлган Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби ҳамма вақт ўзининг йўналиши бўйича ажралиб келган. Ўтган йили чемпионатда бу жамоанинг қандай интригани келтириб чиқарганини барчамиз кўрдик. Янги мавсумда ҳам гарчи йўқотишлар бўлишига қарамай, клуб ўз йўлидан қайтмоқчи эмас.

Туркиядаги йиғин ҳақида

“Қалдирғочлар” режа бўйича Туркиядаги йиғинини давом эттирмоқда. У ерда назорат учрашувлари ҳам ташкил қилиняпти. Жамоа устози Шуҳрат Мақсудов аввало мазкур хориж йиғинига тўхталди.

- Авваламбор, ушбу йиғинни ташкил қилиб беришда амалий ёрдам кўрсатган “Ўзбекнефтгаз” раҳбари Меҳриддин Раззоқович Абдуллаевга миннатдорлик билдираман. Ҳеч кимга сир эмаски, қайтадан шаклланаётган ва 70-80 фоизга ёшарган таркибимиз билан машғулотларни бошладик. Ўйлайманки, қилаётган ишларимиз клуб сиёсатига кўра, академиямиз тарбияланувларига катта эътибор қаратишга бел боғлаганмиз. Туркияда кунига икки маҳалдан машғулот ўтказяпмиз. Ёшларимизни ўзига бўлган ишончини орттириш учун қўлимиздан келган барча ишни амалга оширяпмиз. Машғулотларда ва машғулотлардан ташқарида ҳам суҳбатлар қиляпмиз. Ўртоқлик ўйинларида ҳам имконият беряпмиз. Ўйлайманки, буларни барчаси фақат фойда келтиради. Албатта, бунга вақт керак бўлади. Машғулотларда ҳам, ўйинларда ҳам футболчиларнинг кўзи ёниб тургани билиняпти. Ғалабага чанқоқ, иқтидорли йигитлар. Мен қўл остимдаги барча ўйинчиларга ишонаман. Яқин келажакда терма жамоаларимиз учун номзодлар етишиб чиқишига ҳам ишонаман. Бундан ташқари, академиямизда яна бошқа ўсиб келаётган ёшларимиз ҳам клубда олиб бораётган ишимизни кўришяпти. Тайёр футболчиларни сотиб олмасдан, клуб тарбияланувчиларига эътибор қаратаётганимизни, мураббийлар томонидан ишонч билдирилаётганини кўриб, уларда ҳам шунга ўсиш ва интилиш бўлади, деб умид қиламан. Худо хоҳласа, биз тўғри йўлда кетяпмиз. Фақат бунинг учун бироз вақт талаб қилинади.

аш

“Бунёдкор”нинг селекцияси яна давом этадими?

Хабарингиз бор, қишки селекция чоғида клубни бир қанча етакчи ўйинчилар тарк этди. Айни чоғда эса “Бунёдкор” таркиби бир мунча ёшарган. Шу сабабли бу жамоа бироз кучсизланиб қолди, дея фикр билдираётганлар ҳам йўқ эмас. Хўш, клуб яна селекция ишларини давом эттиряптими? Бу борада Мақсудов шундай жавоб қайтарди:

- Тўғри, ҳар ким турлича гапиради. Бу оддий ҳол. Лекин биз тўғри йўлдан кетаётганимизни биламиз. Танлаган йўлимиздан қайтмаймиз. Яна такрорлайман: кўпроқ ўзимиздаги академиямиз тарбияланувчиларига таянамиз. Лекин селекция ишлари давом этяпти. Туркияда ҳам изланишлар олиб боряпмиз. Ҳозирда раҳбарият билан 2-3 та янги футболчи масаласида гаплашяпмиз.

аш2

Қуръа тўғрисида

Яқинда Ўзбекистон Суперлигасининг янги мавсуми учун қуръа ташланди. “Бунёдкор” илк турда “Сўғдиёна”га қарши майдонга тушадиган бўлди. Шу сабабли “Қалдирғочлар” бош мураббийидан шу хусусида ҳам муносабат билдиришини сўрадик.

- Қуръага келсак, чемпионатни кимга қарши бошлашнинг фарқи йўқ. Қаерда ва ким билан ўйнаймиз? Барибир барча клуб билан майдонда тўқнаш келамиз. Ҳар бир рақибни ҳурмат қилган ҳолда майдонга чиройли ўйин ва ғалаба учун тушамиз.

Янги мавсумдан нимани кутяпти?

Умуман олганда, янги мавсум бошланишига ҳам оз фурсат қоляпти. Жамоаларнинг тайёргарлиги авжида. Шуҳрат Мақсудов бошчилигидаги “Бунёдкор”ни ҳам ўзига яраша мақсади бор. Муҳими, чемпионатдаги кураш жуда кескин тус олиши кутиляпти. Бу фикрга мураббийнинг жавоби шундай бўлди:

- Ўзбекистон чемпионатида олдинги мавсумда ҳам интрига кучли кўриниш олди. Охирги турдагина иккинчи ва учинчи ўрин эгалари маълум бўлди. Бу ҳам чемпионат қизиқарли ўтганини кўрсатиб турибди. Бу йил ҳам бундан бошқача бўлиши мумкин эмас. Менимча, ҳар бир учрашувда ўзига яраша интрига бўлади.

аш1

Қайси клубнинг селекцияси ажаблантирди?

Кузатиб бораётганингиздек, клублар селекцияда фаол ишлашяпти. Ўзига яраша эътиборни тортадиган трансферлар амалга ошириляпти. “Бунёдкор” устози эса бунга қуйидагича муносабат билдирди.

- Селекция бўйича қайси жамоа ажаблантирди? Менимча, бунга мен жавоб беришим ҳам шарт эмас. Чунки Ўзбекистонда ҳамма қайси клубда қанақа селекция бўлганини билиб турибди. Фақат шуни айтишим мумкинки, чемпионатдаги ҳар бир ўйин жиддий курашлар остида кечади.

 

Comments

You must be logged in to commet!
Nuriddin Umarov
16/02/2022 13:49
Газини бос.