"Бунёдкор" мураббийларининг қуръадан кўнгли тўлдими?

Хабарингиз бор, саноқли соатлар олдин Суперлиганинг 2021 йилги мавсуми учун қуръа ташланди.

Қуръага кўра, "Бунёдкор" мавсумни ўз майдонида Муборакнинг «Машъал» клубига қарши ўйин билан бошлайди. Эътиборлиси, 2020 йилги мавсумда бу рақиб билан 2-турда тўқнаш келган эди. Маълумки, Суперлиганинг қуръаси ўз-ўзидан ўринбосарлар ва U-18 жамоалари учун ҳам таъсир қилади. Яъни, асосий таркиб билан бир қаторда ўринбосарларимиз ҳам U-18 жамоа ҳам мавсумни ушбу қуръа асосида ўтказади. Клуб матбуот хизмати ҳар учала жамоанинг мураббийларининг қуръа ҳақидаги фикрларини эълон қилди.

Марат Мифтахуддинов («Бунёдкор» мураббийи): «Қуръа биз учун қулай келди»

- Аслида қуръа қандай ўтишидан қатъий назар барча рақибларга қарши майдонга чиқиб, ўйнаш лозим. Шунчаки, саналар ҳар хил бўлади. Бу йилги қуръани аввалги мавсумдагиларидан бироз фарқи шуки, рақиблар кетма-кетлиги жиддийлашиб кетмади. Яъни, илгари кетма-кет 3-4та ўйин совринли ўринлар учун курашадиган жамоаларга қарши ўйнашга тўғри келарди. Шу томондан бу йилги қуръа биз учун қулай келди.

Ҳар қандай жамоа мавсумни ўз уйида бошлашни хоҳлайди. Чунки мавсум старти байрам ҳисобланади ва албатта байрамни ғалаба билан нишонлаш керак. Янги мавсумга қадар олдимизда деярли уч ҳафталик муддат бор. Ўйлайманки, 9 мартга жамоа ҳеч қандай муаммоларсиз етиб боради. Биз режамизга кўра, мавсумга тўлиқ тайёр бўламиз.

Абдуҳамид Қодиров («Бунёдкор U-21» мураббийи): «Ёш ўйинчилар билан ҳам мавсумни муваффақиятли ўтказамиз!»

- Ҳар қандай мусобақани бошланишида бироз ҳаяжон бўлади, албатта. Лекин мавсумни ўз майдонимизда бошлашимиз бизга устунлик беради. Жамоа мавсумга тайёр дейишим мумкин. Тўғри, таркиб деярли янгиланди. Тўрт нафар асосий футболчимизни бош жамоамизга, яна шунчасини «Олимпик»ка бердик. Таркибимизни академиямиз тарбияланувчилари билан шакллантирдик. Аслида бизнинг асосий вазифамиз бош жамоага ўйинчи етказиб бериш. Биз шу йўлдан юряпмиз. Қолаверса, албатта натижага эришишни ҳам хоҳлаймиз. Ҳар қандай мураббий нафақат футболчи тарбиялаш, балки натижага эришишни истайди. Қўл остимдаги деярли янгиланган таркиб, ёш ўйинчилар билан ҳам мавсумни муваффақиятли ўтказамиз!

Ринат Мифтахуддинов («Бунёдкор U-18» мураббийи): «Мавсумни совриндорлар қаторида якунлашни мақсад қилганмиз!»

- Бу йилги мавсум ҳам яқинлашяпти. Жамоамизнинг мавсумга тайёргарлиги давом этмоқда. Мен шогирдларим олдига янги мавсум олдидан йилни энг камида совриндорлар қаторида якунлаш вазифасини қўйдим. Аслида ўтган йили ҳам совриндорлардан бири бўлишимиз мумкин эди, бироқ қандайдир хатолар сабабли тўртинчи ўринга тушиб қолган эдик. Мавсумни ўз майдонимизда, қолаверса яхши шаклланган, академиясининг тарбияланувчиларига таянадиган «Машъал»га қарши бошлаш қизиқарли. Ўз уйингда деворлар ҳам ёрдам беради, дейишади. Қолаверса, мавсумни ўз уйингда бошлашнинг плюс томони шуки, футболчилар учрашувга кучли руҳий тайёргарлик билан, фақат ғалаба мақсадида чиқади. Тақвимни кўриб чиқдим, биз учун қулай дея оламан.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!