"Бунёдкор" Қаршида "Насаф"ни қандай мағлуб этди? Ўйин қаҳрамони нималарни айтди?

“Бунёдкор” клуби 19-турда Қаршида “Насаф” меҳмони бўлди ва ягона киритилган гол эвазига меҳмонлар жуда қимматли ғалабани қўлга киритдилар.

“Бунёдкор”нинг андижонлик футболчиси Усмонали Исмоналиев охирги дақиқалар ўтиб бораётганида жамоасининг тезкор ҳужумини гол билан якунлашга муваффақ бўлди. Иқтидорли ўйинчи эса “Насаф”га қарши учрашув ва яна бошқа айрим масалаларда ўз фикрларини бидирди.

“Зўр тайёрлангандик”

- Таассуротларга келсак, Худога шукрки, ўйинга зўр тайёрлангандик. Бунинг учун бизда етарлича вақтимиз бўлганди. “Насаф”дек кучли рақибни ўз майдонида мағлуб этиш ҳар бир жамоанинг ўзига бўлган ишончини оширади. Ортга юзимиз ёруғ ҳолатда қайтганимиздан хурсандмиз.

усмонали1

“Гол уриш ниятим кучли эди”

- Ҳар бир футболчи – у ҳужумкор ўйинчи ёки ҳимоячи бўладими, барибир кўнглида ўзига яраша ҳиссиёт юзага келади. Айниқса, мана шундай қийин учрашувларда гол уришга иштиёқ кучли бўлади. Майдонга 100 фоиз гол ураман деб тушганим йўқ. Аммо ичимда барибир гол уриш ниятим кучли эди. Худога шукр, ниятимизга эришдик ва ғалаба билан қайтдик.

усмоналиев2

“Жамоамга ёрдам бердим, деб ўйлайман”

- Ҳар бир хурсандчиликни ўзига яраша сабаби бор. Голдан кейин ичидан қандай хиссиётлар ўтишини айнан гол урган ўйинчининг ўзи билади. Буни шунчаки сўз билан айта олмайман. Албатта, ғалаба голини киритганимдан жуда қувондим. Бу билан жамоамга ёрдам бердим, деб ўйлайман.

“Насаф” кучли ўйин кўрсатди”

- Айтиб ўтганимдек, “Насаф” кучли жамоа. Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичининг илк турини меҳмонда ўтказиб ғалаба билан қайтиб келди. ОЧЛда ўйнаб келгани бизга озгина бўлса ҳам қўл келди. Чунки халқаро майдонда ва боз устига сафарда ўйнаш осон эмас. “Насаф” кучли ўйин кўрсатди. Биз ҳам уларга қарши яхши тайёргарлик кўрдик. Охирги дақиқаларда омадимиз келди.

усмоналиев3

“Насаф”нинг ҳар бир чизиғида кучли ўйинчилар бор”

- “Насаф” жамоасининг ҳар бир чизиғида кучли ўйинчилар бор. Шундай экан, барча футболчилари тажрибага эга. Шу боис ҳаммасидан хавфсираш мумкин. Улар индивидуал томондан ҳам ва жамоавий ўйин бўйича ҳам кучлилар. Бу биз учун эсда қоларли ўйин бўлди. Негаки, охирги дақиқаларда гол уриб “Насаф”ни ютдик. Ҳар бир футболчига айниқса, охирги дақиқаларда гол уриб ютиб кетганлари ёқимли туюлади.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!