"Бунёдкор"ни рози қилиб кетаман, Слуцкий билан гаплашдим, аммо..." - Умарали Раҳмоналиев "Рубин"га ўтиш тафсилотлари ҳақида гапирди
“Бунёдкор” клуби аъзоси Умарали Раҳмоналиев Россиянинг “Рубин” клуби билан келишувга эришгани ҳақида хабар берилди. Иқтидорли ўйинчига Европадан турли қизиқишлар мавжуд эди ва уларнинг орасидан “Рубин” танланди. Лекин ҳозирча Раҳмоналиев ҳамон “Бунёдкор”га тегишли.
Янги мавсумдан эътиборан, “Рубин” жамоасига кўчиб ўтади. Аммо ҳозирнинг ўзидаёқ, футболчимизнинг трансфер масаласи ҳал бўлиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас. Умарали бу борада Sports.uz мухбирининг саволларига жавоб қайтарди.
- Умарали, фаолиятингизда янги саҳифа очилаётгани эътиборга молик. “Рубин” таклифи қачон пайдо бўлди?
- Бундан олдин ҳам менга бошқа клублардан таклифлар бўлганди. Лекин бу ҳақида айтиш шарт эмас. Фақат шуни таъкидлашим мумкинки, қизиқишлар Европа клубларидан бўлди. Агентларимнинг таклифига кўра, “Рубин” варианти пайдо бўлди. Клуб бош мураббийи Леонид Слуцкийнинг ўзи ўйинларимни кўриб ёқтириб қолган экан. Шунинг учун “Рубин” томонидан жиддий қизиқиш бўлаётганлиги сабабли ўзимга ҳам бу таклиф ҳар томонлама қулай бўлиб кўринди. Биласиз, мураббийни ўзи ишонч билдирса, ҳаммаси яхши бўлади. “Рубин”даги шароитлар Россияда "топ-3"таликда туради. Бирданига Россия премьер-лигасига бориб ўйнаш бироз қийинчилик туғдириши мумкин. Шундай бўлмаслиги учун “Рубин” яхши вариант. Чунки клуб биринчи дивизионда қатнашяпти. Бу мен учун янада трамплин бўлиши сабабли ҳам “Рубин”ни танладим. Хабарингиз бўлса, агентим Раул Абдураҳмонов. У орқали “Рубин”га ўтиш ишлари ҳал бўлди. Ҳужжат ишларини ўзи ҳал қилди. Фақат “Бунёдкор”ни рози қилиб кетиш кераклигини айтдим. Чунки клубим мен учун шунчалик жон куйдирди. Шу сабабдан кетар чоғимда жамоамга бироз бўлса ҳам нафим тегишини истайман. Биринчи айтган гапим: мен орқали “Бунёдкор” клуби фойда олиши кераклигини тушунтирдим. Трансфер ҳам бозордаги каби олди-сотди нарса экан. “Рубин” клуби бошланғич нарх сифатида 50 минг евро билан чиқди. “Бунёдкор” эса бунга жавоб ҳам ёзиб ўтирмади. “Рубин” яна қизиқиш билдиришда давом этди. “Бунёдкор” “Рубин”га 1 миллион долларга сотамиз, деган жавобни билдирди. “Рубин” бўлса, ҳозирги ёздаёқ 130 минг долларга сотиб олиш таклифини ўртага ташлади. Ҳозирча шунақа гаплар. Шартнома бўйича мен кейинги йил бошидан расман “Рубин” футболчисиман. Шартнома муддати 2,5+1.
- Дарҳақиқат, “Рубин” сизни ҳозирнинг ўзидаёқ ўз сафида кўрмоқчи бўляпти. Ўзингизга қолса, қайси вариант маъқул?
- Биринчи ўринда ҳаммаси Худодан. Қайси бири бўлса ҳам мен тайёрман. “Бунёдкор”да қоладиган бўлсам ҳам, бу ерда бор салоҳиятимни ишга солиб ёрдам кўрсатишга тайёрман. Агар “Рубин” масаласи ҳал бўлса, келажакдаги орзулар сари йўл олмоқчиман.
- Воқеалар ривожи кўпроқ қайси томонга силжиши мумкин, деб ўйлайсиз?
- Тўғриси, аниқ хабарим йўқ. Бу “Бунёдкор”нинг зиммасидаги нарса. Клуб нимани истаса, шуни қилади. Айни пайтда шу йилнинг 31 декабрь санасигача мен “Бунёдкор” клуби ўйинчисиман. Клубим нимани истаса, шу бўлади. Уларнинг айтганига рози бўлишга мажбурмиз. Чунки амалда шартномам бор.
- “Рубин” сиз учун янги чақирув. Лекин ҳали ёшсиз ва бу балки катта таваккалчилик бўлиши ҳам мумкин. Барча қийинчиликларга тайёрмисиз?
- Кўпчилик яна ўйнашинг керак, Ўзбекистон чемпионатида энди “ёриб” чиқяпсан, яна бироз тажриба тўплашинг керак, деган фикрларни футболчилар ҳам, мутахассислар ҳам айтишяпти. Яна кўпни кўрган инсонлардан ҳам эшитяпманки, бундай чақирув бошқа бўладими-йўқми, масаланинг шу томонини ҳам ўйлаб кўргин, деб айтишди. Эртага нима бўлишини фақат Худо билади. Мақсадим бор ва бунга меҳнатим орқали эришаман, деган шиор остида фақатгина олдинга қадам босаман. Йўлимда учрайдиган турли қийинчиликларни енгиб ўтиш учун ўзимда куч топа оламан, ишлашдан тўхтамайман. Албатта, Суперлигада аста-секин ўйнашни бошладим ва яна тажриба кераклиги аниқ. Қабул қилинган қарор қанчалик ўзини оқлайди ёки йўқ, бу келаси йили “Рубин”даги фаолиятим жараёнида маълум бўлади.
- “Рубин” бош мураббийи Слуцкий билан гаплашишга улгургандирсиз?
- Албатта.
- Илк суҳбат қандай кечди?
- Ҳозирдан бу ҳақида оммага тарқатиш нотўғри, деб ўйлайман. Чунки мен ҳали “Бунёдкор” ўйинчиси ҳисобланаман. Шунинг учун “Рубин” бош мураббийи билан суҳбатимиз қандай кечганини айтишим тўғри келмайди. Одамлар эшитадиган бўлса, одамлар бу футболчини ўй-хаёли фақат “Рубин”да экан, “Бунёдкор”ни эсдан чиқарибди, деб ўйлашлари мумкин. Қачонки, расман “Рубин”га кўчиб ўтганимда шу саволингизга жавоб бераман.
- “Бунёдкор”дан Жасур Жалолиддинов “Локомотив”га кетиб, кейин нималар бўлганини ҳамма билади. Остон Ўрунов ҳам ҳозирда Россияда ўз ўрнига эга бўла олмай юрибди. Сиз билан ҳам яна шунга ўхшаш ҳолатлар такрорланиб қолмаслигини истаймиз. Бу воқеалардан қандай хулоса чиқаряпсиз?
- Тақдир биринчи навбатда Аллоҳ томонидан белгиланади. Биз сабабини қилишга ҳаракат қиламиз. Меҳнатимиз орқали рўёбга чиқиши мумкин. Бу йўлда қаттиқ меҳнат керак ва оддийликни ҳам йўқотмаслик даркор. Уларни манманликка берилган ёки ишлашдан тўхтаган демоқчи эмасман. Фақат ишлашда давом этиш керак. Бу ишлар бизга мотивация бўлиши лозим. Россия томонга интиляпмизми, мақсад шунга яраша каттароқ бўлиши лозим. Юқоридаги ишлар бўйича унинг ёмон томонларини ўйлашлар хаёлимизга ҳам келмаслиги керак. Бундай чақирув биз учун трамплин вазифасини ўтаб бериши лозим.
- Олдингизга қўйган мақсадингиз фонида кўпроқ қайси футболчини ўзингизга намуна қилгансиз?
- Ўзбек футболчиларидан кўпларини айтишим мумкин. Масалан, Нголо Кантенинг ҳаётини ҳам кузатиб бораман. Унинг ҳаёти оддийликдан иборат. Ишига бўлган ҳурмат, интилиш ва меҳнат юқори. Шу даражага меҳнати орқали эришган. Канте, Модрич каби ўйинчиларга қараб интилишга ҳаракат қиламан.
- “Бунёдкор”га барқарорлик етишмаяпти. У ердаги ишларингиз қандай? Масалан, клубнинг натижалари ўхшамаётгани кайфиятингизга ҳам таъсир кўрсатяптими?
- Тўғриси, бироз омад етишмаяпти. Шу сабабли натижалар ҳам кўнгилдагидек бўлмаяпти. Бундай вазиятдан жамоамиз бирлашган ҳолда, қўрқмасдан ишлашда давом этадиган бўлсак, вазиятни ўзгартира оламиз. Фақат мана шундай қийинчилик пайтида барчамиз бирлашишимиз керак. Футболда натижа муҳим роль ўйнайди.
- “Рубин” клуби дастлабки ўйинларда ғалаба қозонишга эришди. Кузатишни бошладингизми?
- Жамоани кузатишни бошладим. Олдиндан Россия чемпионатига қизиқардим. Бу менинг мақсадимдаги жамоа бўлиб, қуйи лигада бўлса ҳам ўйин шакли ўхшаб кетиши боис Россия клубларини ўйинларини кузатиб борардим.
Фикрлар