"Бунёдкор"нинг ғалабаси қайси футболчига бағишланди? Клубда молиявий аҳвол ўзгардими ёхуд Лутфулла Тўраев фаолиятидаги энг чиройли голни урдими?
Кеча “Бунёдкор” Суперлиганинг 17-турида ўз майдонида “Қўқон-1912”ни қабул қилиб 2:1 ҳисобида ғалабага эришди. Шундай қилиб, “Қалдирғочлар” кетма-кет тўртта ўйиндани бери мағлубиятсиз сериясини давом эттирмоқда, учта ғалаба, битта дуранг.
“Бунёдкор”нинг етакчиси Лутфулла Тўраев жорий чемпионатдаги биринчи голини “Қўқон-1912” дарвозасига чалқанча услубда киритди. Ўйиндан кейин футболчи Sports.uz сайтига таассуротлари билан ўртоқлашди.
- Футбол ўйнамаганимизга анча бўлди. Хабарингиз бор, миллий терма жамоамизнинг йиғини ва ўйини учун чемпионатимизда бироз танаффус юз берганди. Биз мана шу икки ҳафта мобайнида “Қўқон-1912”га қарши тайёргарлик кўрдик. Мақсадимиз ушбу учрашувга жиддий ҳозирланиш ва ғалаба қозониш эди. Майдонда барчамиз бир бўлиб ўйнадик. Шунинг учун уч очкога эришдик, деб ўйлайман.
- Биринчи таймдан кейин ҳисоб 2:1 эди. Иккинчи бўлим “Бунёдкор” учун жиддий хавотирда ўтдими?
- Жиддий хавотирда ўтмади-ю, боя айтганимдек, орада ФИФА кунлари бўлгани учун маълум вақт ўйнамадик. Яна ўйиндан-ўйинга ҳаммаси жойига тушади. Ҳозир энг асосийси, натижа.
- Чалқанча услубда урган голингиз ўйиннинг безаги бўлди. Бу турнинг ҳам чиройли голларидан бири бўлди. Ўша вазиятни қандай изоҳлайсиз? Ҳаммаси тасодифан юз бердими ёки...
- Бундай голлар ўйланиб уриладиган эмас. Тўп менга келиб қолди. Албатта, жарима майдони ичида тўп келиши билан гол ураман деб тургандим. Аммо айнан чалқанча ҳолатда тепаман, деб ўйлаганим йўқ. Фақат мен турган жойга нисбатан тўп бироз орқароқ келгани учун шундай ҳолатда тепдим. Балки тўп олдинроққа узатилганида бошқача тепишим ёки бош билан зарба беришим мумкин эди. Фақат орқароқдан келгани учун таваккал қилиб тепдим. Голим жамоамга ёрдам бериб, уч очко келтирганидан хурсандман. Яна шуни айтмоқчиманки, миллий терма жамоамиз сафида Швецияга қарши учрашувда жароҳат олган Фаррух Икромовга ушбу ғалабамизни бағишлаймиз. Шу бола учун ҳам ютишимиз керак эди.
- Адашмасам, бу мавсумдаги биринчи голингиз бўлди-а?
- Ҳа, Суперлигада биринчи гол.
- Ушбу гол фаолиятингизда энг чиройлисими ёки бундан ҳам чиройлиси борми?
- Тўғри, бу бошқача гол бўлди. Ҳақиқатан чиройли чиқди. Суперкубокда урган голим ҳам чиройли эди. Яъни, “Бунёдкор” майдонида “Локомотив” сафида “Пахтакор” дарвозасига узоқдан урган голим ҳам чиройли кўриниш олганди. Лекин буниси бошқача. У пайтда узоқдан урган бўлсам, буниси яқиндан ва тескари турган ҳолда. Менимча, энг чиройли голим шуниси бўлса керак. Биринчи ўринга қўяман.
- Охирги урган голингизни эслай оласизми?
- Ўтган йили ўз майдонимизда ўйнаганимизда “Андижон”га гол ургандим. Ҳозир ҳимояга яқинроқ жойда ўйнаяпман. Илгари бироз олдинроқда ўйнаганимда 3-4 та гол уриб турардим. Муҳими, голларимиз жамоага очко олиб келса бўлди. Қанақа гол бўлишини фарқи йўқ.
- Ўйиндан кейин “Қўқон-1912” устози Бахтиёр Ашурматов сиз ҳақингизда фикр билдириб, ёши мен билан тенг бўлса ҳам ўйнаб юрибди, деган гапни айтди. Бунга муносабатингиз қандай?
- Буни изоҳсиз қолдираман.
- “Бунёдкор” охирги тўртта ўйинда учта ғалаба ва битта дуранг қайд этди. Клубда молиявий қийинчилик борлиги ҳақида айтилаётган бир вазиятда жамоанинг ғалабали серияни бошлаб олгани таҳсинга лойиқ.
- Молиявий қийинчилик, деб ташлаб қўйсак ҳам бўлмасди. Бу билан ўзимизга-ўзимиз ёмон қилган бўламиз. Барча ўйинчилар машғулотларда астойдил ишлашяпти. Раҳбарият бизга кучли учталикка кириш вазифасини қўйган. Кубокда эса финалга чиқишимиз керак. “Пахтакор” анча олдинлаб кетган бўлса-да, ундан кейинги ўринлардаги жамоалар катта фарқ билан олдинда эмас. Ҳаракат қилса бўлади, ҳаммаси ўз қўлимизда.
- Ғалабали серия кўпроқ омад билан боғлиқми ёки тажрибами?
- Омад кимга кулиб боқади?
- Кучлиларга!
- Кучлиларга ва меҳнат қилаётганларга. Шунинг учун меҳнат қиляпмиз ва бизга омад келяпти.
- Ўтган сафар гаплашганимизда маошлар борасида узилишлар борлиги ҳақида айтгансиз. Ҳозир аҳвол қандай?
- Клуб ўртада қолиб кетганди. Ҳаммаси яхши бўляпти. Ҳомий яна ўзига қайтариб олди. Ойлик маошларни беришни бошлади, бундан муаммо йўқ. Бу эса жамоани руҳлантиряпти. Бу энг муҳими.
Фикрлар