"Бухоро" бош директори: "Фузайлов билан хайрлашмадик"
Про лигадан Суперлигага қайтган “Бухоро” жамоаси 4 та ўйинда 1 ғалаба ва 3 мағлубият қайд этганини биласиз.
Гарчи чемпионатни ғалаба билан бошлаган бўлса-да, кейинги учта баҳсда мағлубиятлар серияси уланиб кетди. Натижада бош мураббий ўзгартирилди. Мухлисларга яхши таниш бўлган Улуғбек Бақоев “Бухоро”га қайтди.
Тожикистонлик мутахассис Ҳаким Фузайлов энди бош мураббий эмас. Маҳаллий мухлислар Бақоевнинг қайтишини яхши янгилик сифатида қарши олдилар.
“Бухоро”даги бош мураббий ўзгаргани хусусида клуб бош директори Ўткир Қодиров Sports.uz журналистига қуйидагиларни айтди:
"Ҳа, жамоамизда бош мураббий ўзгарди, - дея гап бошлади, Ўткир Қодиров. - Биласиз, охирги учта ўйинда мағлубиятга учрадик ва бу албатта раҳбарларни ҳам, мухлисларни ҳам қониқтиргани йўқ. Шу боис тўғридан-тўғри Улуғбек Бақоев билан алоқага чиқдик. Ўзи бухоролик ва илгари шу ерда ҳам ишлаган. Бухоро футболини яхши билади. Шунинг учун Бақоевни бош мураббийликка таклиф қилдик.
Жамоамиз олдига қўйилган вазифа ўзгармайди. Ҳар доим мухлисларни хурсанд қилиш ва клубни юқори ўринларга олиб чиқиш.
Ҳаким Фузайлов гарчи бош мураббийликдан бўшатилган бўлса-да, у жамоамизни бутунлай тарк этгани йўқ. Ҳаким Қаюмович “Бухоро”да маслаҳатчи мураббий лавозимида ишлашда давом этади. Барибир унинг клубимизда амалга оширган ишларини, меҳнатини унутмаймиз. “Бухоро” Суперлигага чиқа олмай юрган вақтида Фузайлов келиб жамоани элитага олиб чиқа олди. Шунинг учун Ҳаким Қаюмовичнинг қилган меҳнатларини инобатга олиб, буткул хайрлашмадик. Барибир қишда селекцияни унинг ўзи олиб борган. Шу сабабли Бақоевга ёрдам бериб туради.
Тўғрисини айтганда, жамоамиз нима сабабдан охирги учта ўйинда мағлубиятга учраганининг сабабини билмайман. Ҳолбуки, ўйинимиз чакки эмасди. Чемпионатни сафарда “Турон”га қарши ажойиб ғалаба билан бошлагандик. Бир футболчи кам бўлган ҳолда характер кўрсата олгандик. Лекин охирги учта учрашувда нимагадир натижалар биз кутгандек чиқмади. Биз буни фақат омад келмаганлиги билан изоҳлашимиз мумкин. Аммо молиявий томондан ҳеч қанақа муаммо йўқ. “Турон”ни ютган ўйиндаги мукофот пулини тўладик. Январь ва февраль ойлари учун маошларни ҳам берганмиз. Биз томондан қилиниши керак бўлган барча ишлар бажариляпти, камчиликлар йўқ. Умид қиламизки, Улуғбек Бақоев бошчилигида жамоамиз ишқибозларимизни ғалабалар билан хурсанд қила олади”, - дейди бош директор.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар