"Бухоро" бош директори: "Жамоани Суперлигага олиб чиққанидан кейин қандай қилиб Фузайловга жавоб бераман?"

Про лигада 2-ўринни эгаллаб Суперлига йўлланмасини қўлга кирита олган “Бухоро” клуби энди бор эътиборини элитада муносиб иштирок этишга қаратган.

Жамоада ўзгаришлар бошланди. Бош директор Ўткир Қодиров Sports.uz журналисти билан суҳбатда охирги янгиликлар ҳақида хабар берди.

- Бош мураббий Ҳаким Фузайлов билан янги шартнома имзоланди, деб эшитдим. У билан ҳамкорлик узайтирилаётганида асосий эътибор нимага қаратилди?

- Ҳаким Қаюмович бу йил “Бухоро” жамоасини Суперлигага олиб чиқишда катта ҳисса қўшди. Шунча меҳнат қилди. Клубга қанчадан-қанча мураббийлар келиб-кетди. Бироқ бирор-бир натижага эришилмади. Ҳаким Қаюмович бу ерга келиб жамоани шакллантириб, Суперлигага олиб чиққанидан сўнг мен қандай қилиб Фузайловга жавоб бераман? Қўпол қилиб айтганда, иш бажарилгач, эшагим лойдан ўтди, дейиш яхши эмас-да. Шунинг учун бош мураббийга Суперлигада ҳам имконият беришга қарор қилдик. У билан очиқ-ойдин гаплашиб олдик ва шартномага ҳам керакли бандларни киритиб қўйдик. Аввало, ҳаммаси Худодан. Фузайлов жамоа билан юқори ўринларни эгалласа, ўз ишини давом эттираверади. Мабодо, муваффақиятсизликлар кузатилаверса, унда мураббий билан хайрлашамиз. Бу нарса шартнома бандида ҳам кўрсатиб қўйилган. Лекин биз ҳозирча Ҳаким Қаюмович билан бир йиллик шартнома имзолаганмиз.

- 2023 йилги чемпионатда Фузайловнинг олдига аниқ мақсад қўйилдими?

- Албатта. Ҳеч бўлмаса кучли бешталикда бўлиш – бу бизнинг режамиз. Ҳозирда янги ўйинчилар билан музокаралар олиб боряпмиз. Ҳисобимиз бўйича Суперлигадан 7-8 нафар футболчи олмоқчимиз. Жамоани барибир 50 фоизини сақлаб қоламиз, меҳнат қилган йигитлар бор. Хуллас, вазифамиз кучли бешталикка кириш.

бухоро33_3

- “Бухоро”нинг дастлабки йиғини якунланди. Таркибда бир-иккита янги ўйинчиларга кўзим тушди. Масалан, Аббос Отахонов...Клубдаги ўзгаришлар ҳақида маълумот берсангиз...

- Ҳа, “Насаф” билан иккита ўйнадик. Йиғин давомида 40 тача футболчимиз бор эди. Биласиз, бизда ҳозир селекция ишлари олиб бориляпти. Айни чоғда Аббос Отахонов билан келишувга эришдик. У билан барчасини гаплашиб олдик. Ёзда “Пахтакор”дан Ҳумоюнмирзо Иминовни ижарага олгандик. Бу футболчининг шартномасини тўлиқ сотиб олдик. Футболчи энди тўлақонли равишда “Бухоро” аъзосига айланди. 3 январь куни Тошкентда тўпланамиз. Қолган ўйинчилар бўйича пойтахтдаги йиғин давомида гаплашиб оламиз.

- Янги мавсум учун тайёргарлик режаси ҳақида маълумот бера оласизми?

- Ҳозир айтганимдек, 3 январдан Тошкентда йиғинимиз бошланади. 16 январгача ўша ерда шуғулланамиз. Ҳозир раҳбарият билан гаплашяпмиз. Насиб бўлса, 20 январдан 10 февралгача Туркиянинг Анталия шаҳрида ўқув-машғулот йиғинини ўтказмоқчимиз.

- Таркибдаги қайси ўйинчилар жамоани тарк этди?

- Янги йилдан кейин бу хусусида бош мураббийимиз айтаман деди. Тахминан 8-9 та футболчи билан хайрлашамиз. Ҳозирча хайрлашган футболчиларимиз – легионер СонгЛонгжи ва Арислан Юсупбаев бўлиб туришибди. Иккисини йиғинга чақирмадик. Булардан ташқари, яна бошқа хайрлашадиган ўйинчиларимиз бор.

бухоро11_1

- Дарвозабон Никола Стошич масаласи нима бўлди?

- Стошич Худо хоҳласа 3 январь куни жамоамизга қўшилади. У билан музокара олиб борганмиз, бизда қолади.

- Про лига тўпурари Рўзим Аҳмедов ҳам “Бухоро”да қоладиган бўлдими?

- Рўзим Аҳмедов ҳам, Обид Жўрабоев ҳам жамоада қолади.

- Таркибда яна янги легионерларни кўришимиз мумкинми?

- Ҳозирча легионер масаласида Стошични кўряпмиз. Албатта, яхши легионерлар бўлса оламиз. Аммо биринчи навбатда асосий эътиборни ўзимизни футболчиларга қаратганмиз.

- Қарздорлик масаласи нима бўлди? Ҳамма билан ҳисоб-китоб қилинганми?

- Бу йил ҳисобидан қарздорлигимиз йўқ. Футболчилардан ва ишчи-ходимларнинг бирортасидан қарзимиз қолмаган. Фақат “Ўзбекистон” меҳмонхонасидан қарзимиз қолган, холос. Буни ҳам тез кунларда бартараф қиламиз.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!