“Бухоро” ЎзПФЛ томонидан қўйилган талабларни бажаришга киришди

8 февраль куни “Бухоро” футбол клуби бош директори Ўткир Қодиров ҳамда клуб бухгалтери 2023 йилги мавсум учун сметани келишиш мақсадида Ўзбекистон футбол ассоциациясида бўлди. Йиғилиш давомида Лига “Бухоро” футбол клуби инфратузилмаси юзасидан ўз таклифларини киритди ва фақатгина шу асос билан янги футболчилар рўйхатдан ўтказилишини маълум қилди.

Натижада “Бухоро” сметасига қисман ўзгартириш киритилди. Унга кўра, яқиндагина янгиланган “Бухоро спорт мажмуаси” майдони парвариши учун смета доирасида маблағ ажратиладиган бўлди. Нафақат мажмуада, балки вилоят миқёсида ҳам футбол майдонини парвариш қилиш учун мўлжалланган техника йўқ эканлигидан келиб чиқиб, футбол клуби мазкур фаолиятга ихтисослашган ташкилот билан расмий келишув имзолади. Келишув доирасида ташкилот “Бухоро спорт мажмуаси” ҳамда “Умид” стадиони майсаси парвариши билан 2023 йил сўнгига қадар машғул бўлади (мазкур ташкилот майдонни ҳозирги кўринишга келтирган ва уни 2022 йилги Ўзбекистон кубогининг финал ўйинига қадар тайёрлаган). Бунда маҳаллий мутахассислар иш ўрганиш учун ёлланма ташкилотга бириктирилади. 2024 йилги мавсумга қадар клуб ёки вилоят ҳокимлиги Бухородаги майдонларни парвариш қилиш имконини берувчи техника харид қилгач, маҳаллий агрономлар кейинчалик ёлланма ташкилоциз ҳам футбол майдонлари парвариши билан машғул бўлади.

Шунингдек, смета доирасида “Бухоро” футбол клуби “Умид” стадиони кийим алмаштириш, ювиниш хоналари, инспектор ҳамда видеотасвирчилар учун мўлжалланган ҳудудларни қайта таъмирдан чиқариш ишларини бошлади. Лига талаби билан ишдан чиққан барча техника олиб чиқилди. Мавсум стартига қадар Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг амалий ёрдами билан юқорида санаб ўтилган ҳудудлар таъмирдан чиқарилади. Завод 2024 йилги мавсумга қадар “Умид” стадионининг дренаж ва суғориш тизими, майсасини янгилаш бўйича кафолат хати ҳам тақдим этди.

Эндиликда бухоролик футбол мухлислари 2023 йилги мавсум давомида сифатли футбол намойиш этиш имконини берувчи, мутахассислар томонидан парваришлаб бориладиган футбол майдонида расмий учрашувлар томоша қилиш имкониятига эга бўлади. Шунингдек, клубнинг U21 ва U19 жамоалари тўп сурадиган стадиони нормал кўринишга келади. 2024 йилдан бошлаб эса бу ерда ҳам сифатли футбол майдони бўлади.

Қуйида чимнинг 2022 йил октябрь ва 2023 йил январь ҳолати бўйича кўриниши билан танишинг.

IMG_3242

photo_2023-02-13_13-43-35

ЎзПФЛ матбуот хизмати

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!