"Бухоро"нинг янги легионери: "Ўзбек футболи ҳақида олдин жуда кўп эшитганман"
"Бухоро" жамоасининг янги аъзоси, сербиялик ҳимоячи Велко Филипович илк бор клуб матбуот хизматига интервью берди.
- Велко авваломбор сизни "Бухоро" жамоаси таркибида кўриб турганимиздан хурсандмиз. Бунгача Таиланд чемпионатида 5 йил давомида юқори савияда тўп сурдингиз, "Бухоро"га қўшилиш варианти сизда қандай пайдо бўлди?
- Ўзбекистон Суперлигасида ҳаракат қилган бир нечта дўстларим бор эди ва уларнинг барчаси чемпионат савияси юқори эканлигини таъкидлаб ўтишди. Агентим орқали таклиф келиб тушгач, ўзимни “Бухоро” жамоасида синаб кўришга қарор қилдим.
- Ўзбекистон чемпионатида илк бор иштирок этасиз. Юртимиз ва Ўзбек футболи ҳақида сизда қандай маълумотлар бор эди?
- Албатта, ўзбек футболи ҳақида олдин жуда кўп бора эшитганман, бу ерда ўйин суръати жуда юқори, учрашувларда жуда кўп масофа босиб ўтилади, футболчилар тезкор ва агрессив ҳаракат қилишади. Шунингдек, қарши ҳужумларда жамоалар яхши ҳаракат қилиши ҳақида эшитдим.
- Ҳозирги кунда “Бухоро” жамоаси билан Анталиядаги машғулотларда иштирок этяпсиз, 3 та ўртоқлик учрашувида ҳам майдонга тушдингиз, жамоа ҳақида дастлабки тассуротларингиз қандай?
- Жамоада меҳнаткаш футболчилар жам бўлишган. Биз ҳали ҳам бир-биримизни яхшироқ ўрганишга ҳаракат қиляпмиз, аммо клубдаги барча бизни жуда яхши қабул қилишди. Мен майдонда ўзимизни тобора яхшиланиб бораётганимизни ҳис қиляпман.
- Клуб ва мухлислар легионер футболчидан ҳар доим кўп нарса кутишади. Боиси, сизга бўлган ишонч ва маъсулият катта..
- Албатта, менда легионер футболчи сифатида ўйнаш тажрибаси бор, бизда қандай маъсулият борлигини ҳис қилиб турибмиз. Мен ҳар доим янги чақирувлар ва қийинчиликларга тайёрман.
- Жамоа ҳимоя чизиғида Сардор Қулматов, Хуршид Мухторов каби тажрибали маҳаллий футболчилар ва ундан ташқари ҳамюртингиз Младович ҳам тўп суради. Ҳимоядаги рақобат ҳақида қандай фикрдасиз?
- Ҳа рақобатлашиш осон бўлмайди, лекин футболчи сифатида сиз бундан фойда оласиз. Рақобат бор жойда ҳар доим ўсиш бўлади. Атрофингизда, ниманидир ўрганишингиз мумкин бўлган футболчилар бўлиши ҳар доим яхши.
- Янги мавсум олдидан бухоролик мухлисларга тилакларингиз.
- Барча мухлисларимизни 1-тур учрашувига чорлаб қоламиз, мухлислар қўллаб-қувватлаши ҳар доим муҳим бўлган. Майдонда чиройли ўйин намойиш этиб, ғалабалар билан уларни хурсанд қилиш учун бор кучимизни сарфлаймиз.
Фикрлар