Буюк футболчи ва афсуски, бошқа урмайдиган буюк юрак!
Диего Марадонани доим Пеле билан таққослашган. Аслида, уларни солиштириб бўлмайди. Иккаласи ҳам ажойиб футболчи бўлган. Пеле 17 ёшидаёқ ўз истеъдодини намойиш эта олган, ҳақиқий жентельмен эди. Марадонани жанжалкашлиги ва қўл билан гол уришда айблашарди, аммо у шоумен эди. Диегони 17 ёшида жаҳон чемпионатига олишмаган. Ўшанда, Аргентина ўз майдонида бўлиб ўтган мундиалда чемпион бўлганди.
Энди 42 йил ўтгач, бутун дунё уни яхши билади. 1978 йилда терма жамоа билан зафар қучган Даниэль Пассарелла ва Марио Кемпес ҳақида мамлакатдан ташқаридагилар ва футбол тарихини унчалик билмайдиганлар ҳамон Wikipedia рукнига мурожаат қилади. Одамлар ўша чемпионатда муваффақият қозонганларни эслашмайди-ю, аммо Марадона бормаганлигини ёдда сақлашади. "1978 йилда Марадонани олмаган Аргентина жаҳон чемпионатига мезбонлик қилди," - ёзувлари футбол тарихига муҳрланиб қолган.
80-йилларнинг ўрталарида Марадона "Наполи" аъзосига айланди ва неаполликлар аргентиналик футболчи билан иккита скудеттони қўлга киритди. Италиянинг ушбу шаҳари Диего учун идеалдек эди. Чунки, бу ерда ҳар хил безориликларга бой ҳудуд ҳисобланади.
У 1986 йилда терма жамоанинг жаҳон чемпиони бўлишида муҳим аҳамият касб этди. Аргентина Марадонасиз анча кучсиз ва ҳимояга таяниб ўйнайдиган жамоа бўлиши мумкин эди, аммо Диего бу жамоадан "эртак" яратди. Ўша даврда футбол оламида инглизлардан баланд овоз кўтарадиган, тажовузкорроқ ва босим ўтказишда устунроқ жамоанинг ўзи йўқ эди. Марадона айнан, шу инжиқ Англия термаси дарвозасини икки марта ишғол этди ва ушбу голларнинг бирини қўли билан киритди. Учрашув якунига етгач, "Ацтека" стадионининг марказига қуёш нури тушиб турарди ва шунда шарҳловчи ўзига хос ибора келтирган: "Аренада иккита қуёш нури акс этмоқда. Бири майдон марказидаги ёруғлик, иккинчиси Марадона!"
1994 йилда Диего ЖЧдан четлаштирилди. Бунга сабаб сифатида уни допинг қабул қилганлиги кўрсатилди. Аммо аргентиналик футболчининг ўзи ҳеч қандай дори воситасини қабул қилмагани ва бу бразилияликларнинг ишлатган ҳийласи эканини таъкидлади. Допинг унинг танасига қандай кириб қолганлигини ҳеч кимга тушунтиришни ҳам истамади. У шунчаки майдонга тушиб, шоу намойиш этишни хоҳларди.
Марадона футболни танлагани, бу спорт оламининг катта муваффақияти, десак ҳам бўлади. Аммо у футболдан кетганидан кейин ҳам шоу кўрсатишдан тўхтаб қолмади.
Кустурица фильмида ўзига-ўзи қўшиқ куйлаб, ушбу кинони шоуга айлантирди, 2010 йилги ЖЧда мураббийлик қилди ва муваффақиятсизликка учраганига қарамай, диққат марказида бўлди. "Мен футболчиларга юрагимни очдим ва биз биргаликда йиғладик". У Аргентина ва Хорватия ўртасида кечган дастлабки беллашувдан бошлаб, шоу кўрсатди. Бутун дунёга майдондаги футболчилардан кўра, Марадона қизиқроқ бўлиб турганди.
Эҳтимол, уни Ману Чао ҳаммадан кўпроқ тушунгандир. "Агар мен Марадонанинг ўрнида бўлганимда, у каби яшаган бўлардим, чунки ҳаёт - кечаю-кундуз "лоторея," - деган Ману Чао.
Марадона умр худди "лоторея"га ўхшашини биларди. Диего ўйнади ва деярли ҳар доим ғалабага эришди. Буюк футболчи ва афсуски, бошқа урмайдиган буюк юрак!
Фикрлар