CAFA кумуш медали, легионерга айланиши, 14-чемпионлик ва МТЖнинг япониялик мураббийи ҳақида "Севинч" клуби етакчиси Мафтуна Шойимова билан интервью
SPORTS.uz интервью рукнидан ўрин олган суҳбатларни давом эттиради. Бизнинг бу галги суҳбатдошимиз Ўзбекистон аёллар терма жамоаси ва "Севинч" клуби аъзоси Мафтуна Шойимова.
Истеъдодли футболчимиз яқиндагина бўлиб ўтган CAFA турнири, легионерга айланиши, яна чемпионлик пойгасига қайтиш ва ойликлар масаласида фикр билдирди.
-Ассалому алайкум, Мафтуна. Ва ниҳоят, сиз билан суҳбатлашиб турганимдан хурсандман.
Ассалому алайкум. Мен ҳам хурсанд бўлдим.
- Энг аввало, CAFA турнири ҳақида суҳбатлашсак. Мусобақа сизда қандай таассурот қолдирди?
CAFA менга жуда ёқди. Мен ўзи мини-футболга кўпроқ қизиқаман. Айниқса, кучли жамоаларга қарши майдонга тушиш жуда завқли. Улардан ўзимизга керакли хулосаларни оламиз. Масалан, Эрон билан 2:2 ҳисобида тугаган баҳс менга жуда ёқди. Қолаверса, ташкилотчилик жуда аъло даражада. Аэропортда бизни гуллар билан кутиб олишди. У ердаги турар-жойимиз ҳам ҳавас қилишга арзигулик эди.
- Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, мусобақада жуда яхши иштирок этдингиз. Аммо Эронга қарши баҳс турнир натижасига катта таъсир кўрсатди.
Тўғри, биринчи ўйин Эрон билан бўлганлиги учун 2:5 ҳисобида мағлуб бўлдик. Лекин кейинги учрашувда рақибни жуда синчковлик билан кузатдик ва дуранг (2:2) натижа қайд этдик. Хатолар устида ишлашга ва қўлдан келганча ғалаба қозонишга ҳаракат қилдик. Ҳа, яна доимий футзалда машғулот олиб борсак, биз ҳам ўсишга эришсак бўлади.
- Кўпчилик биламайдики, чемпионатмизда футболда ҳам футзалда ҳам шу қизлар тўп тепади. Агар сизда имкон бўлса, қай бирини танлаган бўлар эдингиз?
Мен футзални танлаган бўлар эдим. Чунки менга юқорида айтганимдек, футзал кўпроқ ёқади.
- "Севинч" клуби 13 марта чемпионликка эришган. Сўнгги вақтларда эса бироз оқсамоқда. Бу фақат молиявий тарафга боғлиқми?
Шунақа десам ҳам бўлади. Клубимиз ҳомийси билан суҳбатлашдик. Келаётган мавсумдан барчаси яхши бўлишини айтди. Кутамиз, ўйлайманки, ҳаммаси ўз ҳолига қайтар.
- "Севинч" клуби қизлари 6 ойдан буён маош олмаётгани ҳақида гап-сўзлар қулоққа чалинмоқда. Бу ростми?
Йўқ, асло ундай эмас. Ҳар доим ойлигимиз ўз вақтида қўлимизга етиб келади. Клубда биз ўйнаймиз ва унда аҳвол қандай эканини жуда яхши биламиз, қолганлар гапираверади.
- Владислав Николаевич яна клубга бош мураббий этиб тайинланди. Бундан барча хурсанд бўлса керак.
Албатта! Мураббийимизнинг қайтиб келгани жуда яхши бўлди. Мен уларга ишонаман, биз яна чемпионлик пойгасига қайтамиз.
- Турмушга чиқишингиз керак бўлса ва футболни тарк этишингизга тўғри келса, қандай йўл тутасиз?
Биласизми, мен учун 1-ўринда оилам туради. Агар турмушга чиқсам ва турмуш ўртоғим футболни тарк этишимни сўраса, албатта тарк этаман.
- Бугун аёллар футболига ҳам легионерлик бегона эмас. Сизга ҳам таклиф билан чиқишдими?
Легионер терма жамоа учун катта фойда олиб келади. Яъни, бошқа чемпионат, янги мураббий ва футболчилар билан танишув жуда қизиқарли. Мен ҳам легионер бўлишни жуда хоҳлайман, лекин баъзи муаммолар бор. Бу учун ҳозирча "Севинч" клубидаман.
- Терма жамоа машғулотларидан кўнглингиз тўлдими? Бирор ўзгариш қилиш керак деб ўйлайсизми?
Терма жамоа мураббийлари ва қизлар билан жуда яхши йиғин бўлди. Шунингдек, янги мураббий билан машғулот олиб боряпмиз. Ҳозир бир-биримизни ўрганмоқдамиз ва ўзгариш шарт эмас деб ўйлайман.
-Самимий суҳбат учун раҳмат, Мафтуна. Олдиндаги мусобақаларда омад ёр бўлсин!
- Раҳмат. Ғалаба қозонишга қўлдан келганча ҳаракат қиламиз.
Дилноза Мустафоқулова суҳбатлашди
Фикрлар