“CAFA U-16 championship” олдидан терма жамоамиз бош мураббийи билан эксклюзив интервью
Ads

Кўпчиликка яхши таниш бўлган мутахассислардан бири Усмон Тошев яқинда Ўзбекистон U-16 терма жамоасига бош мураббий этиб тайинланди. Албатта, бу хабарни кутмаганлар ҳам кўп эди. Охирги марта ўтган йили “Андижон” жамоасини бошқарган мураббий яна инструкторлик ишини давом эттириб келаётганди. Лекин Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарлари U-16 терма жамоасини айнан Усмон Қудратовичга лойиқ кўришди. Тошев аллақачон ушбу жамоа билан қизғин ишга киришган. Боиси, Тошкентда “CAFA U-16 championship” мусобақаси бўлиб ўтади. Усмон Тошев эса янги жамоаси билан ушбу турнирда қатнашади. Ушбу мусобақа олдидан SPORTS.uz мухбири тажрибали мутахассис билан суҳбатлашди.

Таклиф ҳақида

- Ўзбекистон футбол ассоциацияси менга таклиф билан чиқди. Улар бизга ўйин, натижа ва иш керак дея мени ҳамкорликка чорлашди. Мен эса футболни яхши кўраман. Ўзингиз биласиз, менга қаерда ишлашимнинг фарқи йўқ. Муҳими, футбол ичидаман. Шу боис уларнинг таклифини ижобий қабул қилиб, ишлашга рози бўлдим. Бунинг устига терма жамоа – бу катта савия. 2002, 2001, ёшлар, олимия, миллий, умуман олганда, буларнинг барчаси терма жамоа ҳисобланади. Мен эса 2002 йилда туғилган терма жамоанинг бошқарувини қўлга олдим. Ушбу жамоа билан иш бошлаганимга 20 кундан ошди.

Мусобақага тайёргарлик

- “CAFA U-16 championship” мусобақасига қизғин тайёргарлик кўряпмиз. Бизнинг олдимиздаги дастлабки вазифамиз учта. Биринчи ўйинимизни 5 июлда Афғонистонга қарши ўтказамиз. 7 июль куни Қирғизистон билан ўйнаймиз. 9-куни эса Тожикистон бизнинг рақибимиз бўлади. Ушбу ўйинларда ғалабалар қозониб 1-ўринни олишимиз керак. Албатта, шу билан бирга йигитларни янада яхшироқ билиб, саралаб оламиз. Биз ўз уйимизда ўйнаймиз. Бу турнирда ўзимизни кўрсатишимиз даркор. Шунингдек, мураббий сифатида мен ҳам ўзимга-ўзим вазифа қўйиб олганман. Қўл остимдаги футболчилар албатта чиройли, маъноли ўйнаб натижа кўрсатишлари лозим. Айни пайтда ихтиёримда 18 нафар футболчи бор. Агар улар ўзларини кўрсата олишса, энг муносибларини 2001 йилда туғилган жамоага тавсия қиламиз. Шу тариқа, улар босқичма-босқич ривожланиб боришади. Ҳар бир мураббийнинг вазифаси ўйинчиларни пухта тарбиялаб, натижа ҳам кўрсатсин ва ўз навбатида уларни миллий терма жамоагача олиб чиқсин. Агарда ўйинчилар гуруҳ-гуруҳ бўлиб термадан-термага кўчиб ўтишса бу футболимиз учун жуда фойдали бўлади.

Таркиб масаласи ва селекция

- Ҳар бир жамоада селекция бўлади. Бу клуб бўладими ёки терма жамоами, бунинг аҳамияти йўқ. Асосийси, селекция тун-у, кун давом этади. Сиз ўз жамоангизда энг яхшилари бўлишини истайсиз. Аммо рақиб жамоа сафида қайсидир футболчи сизга ёқиб қолса, албатта уни қалам билан ўзингиз учун алоҳида белгилаб қўясиз. Селекция ўзи шунақа. U-16 терма жамоасини қабул қилиб олаётган пайтимда менга 65 нафардан ошиқ футболчиларнинг рўйхатини беришди. Терма жамоалар бўлими ҳар бир термага номзод ўйинчиларни кузатиб юришади. Шу боис улар томонидан танлаб олинган футболчилар рўйхатини менга беришди. Шундан кейин дарҳол мураббийларга қўнғироқ қилиб, ўша ўйинчилар ҳақида маълумотлар тўплай бошладим. Кейин эса “Пахтакор”, “Бунёдкор”, умуман Тошкент жамоаларининг машғулот ва ўйинларини бориб кўрдим. Чунки таркибга эътибор берган бўлсангиз “Пахтакор”, “Бунёдкор” каби жамоалардан номзодлар кўпроқ. Масалан, 6 таси “Пахтакор”, 10 таси “Бунёдкор”дан. Нима учун фақат шу иккала клубдан ўйинчиларни олди деб ҳамма ўйлаши мумкин, тўғрими? Лекин ўша “Бунёдкор”дан чақирилган 10 та футболчидан фақат 1 ёки 2 таси тошкентлик холос. Қолганлари Фарғона, Самарқанд, Урганч ёки яна бошқа вилоятлардан келишган. “Пахтакор” ёки “Бунёдкор” 2002 йилда туғилган футболчиларнинг энг сараларини ўз вақтида бошқа вилоятлардан олиб келган. Чунки уларда футбол учун шароитлар яхшироқ. Масалан, Тошкендан Урганчга футбол учун ким боради? Аксинча, у ердан Тошкентга келишади. Шу боис таркиб масаласида саволлар келиб чиқмаслигини истардим. Лекин мен йигитларни саралашда давом этяпман. Чунки терма жамоада иш бошлаганимга ҳали кўп вақт бўлмади. “CAFA U-16 championship” мусобақасини ўтказиб олганимиздан кейин селекцияни янада кучайтириш учун ўзим вилоятларга чиқиб 2002 йилларда туғилган футболчиларни саралаб оламан. Бунинг учун Андижон, Фарғона, Наманган, Қарши, Нукус каби шаҳарларга бораман. Дарвоқе, Нукусда ҳам иқтидорли ўйиничлар кўп. Хуллас, четда қолиб кетаётган иқтидорларни ҳам излаб топамиз. Биласизми, ҳозирги таркибимизда хоразмлик футболчи ҳам бор. Аслида у рўйхатимизда йўқ эди. Терма жамоада иш бошлаганимни эшитган дўстларим ҳам менга бир қатор номзодларни тавсия қилишни бошлашди. Улардан бирининг позицияси эса менга тўғри келди ва шу тариқа хоразмлик иқтидорли ўйинчини чақирдим. Ўзим барча вилоятларда мураббийларга инструкторлик қилганман. Шу боис у ерларда қандай ўйинчилар борлигини биламан. Эртанги кунимизда эса улар албатта бизга керак бўлади. Шу боис яна қайтараман: терма жамоа ўйинчилари фақат “Пахтакор” билан “Бунёдкор”дан эмас. Шунчаки, Республикамиздаги иқтидорли болалар ўша академияларга келиб қолишган.

Мураббийлик тамойиллари

- Мен Андижондами, Сармарқанддами ёки Наманганда ишлайманми, муҳими ҳар бир таклиф инсон учун янги чақирувдир. Мураббий ҳам доим олдинга интилиб ишлаши лозим. Масалан, Германия терма жамоасини олайлик. Улар жаҳон чемпионатида гуруҳда қолиб кетишди, ҳали бунақаси бўлмаганди. Аммо Германия футболи раҳбарлари мамлакат терма жамоасининг бош мураббийи Йоахим Лёв билан яна шартнома тузишди ва ҳамкорликни давом эттирадиган бўлишди. Буни ўзим учун айтмаяпман. Бу – ҳаёт, раҳбарият сизнинг қандай ишлаётганингизни кўради, билади, таҳлил қилади. Сизни ҳамма билади, бунгача ишлаб ўзингизни кўрсатгансиз, аммо шуни билингки, доим янги жойга ишга ўтганингизда ўзингизни кўрсатиш учун бошидан бошлаш керак бўлади. Менинг иш принципларим – тартиб-интизом, ростгўйлик ва футбол. Мен ҳақимда ким нима десин, бу билан ишим йўқ. Футболни ичида юрган инсонлар мени терма жамоада иш бошлаганим билан табриклашяпти.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.