Футболда янги қоидалар ёхуд IFAB техник директорининг Суперлига клублари ва ҳакамлари билан семинари қандай ўтди?
Бугун, 26 январь Миллий футбол маркази анжуманлар залида Лига вакиллари, Суперлига клублари мутасаддилари ҳамда Ўзбекистон ҳакамлар маркази мутахассислари иштирокида семинар ўтказилди. Бу ҳақида ЎзПФЛ матбуот хизмати хабар берди.
Унда Халқаро футбол ассоциациялар кенгаши (IFAB) техник директори — Девид Эллерей қатнашчиларга ташкилот йиғилишлари ва ФИФА мутахассислари билан учрашувларда муҳокама қилиб келинаётган янги ўзгаришлар, хусусан, ўйин вақтини чўзиш орқали унинг темпини бузишга бўлган ҳаракатларнинг олдини олиш бўйича таклиф қилинаётган янги чоралар, ҳакамларнинг футболчилар билан мулоқотини қатъий равишда фақат сардорлар воситасида амалга оширилишини таъминлаш, ВАР протоколларидаги ўзгаришлар, ўйиндан ташқари ҳолатларни белгилаш қоидасида кузатилиши режалаштирилаётган янгиликлар ва бошқа қатор масалалар бўйича тушунтириш берилди.
Лига аввалроқ бу борадаги ўз позициясини маълум қилиб, ўйин интенсивлигини ошириш борасидаги амалиётларни қўллаб-қувватлашини билдирганди. Шунингдек, 2025 йилнинг 20 октябридаги клублар раҳбарлари билан йиғилишда мазкур янгиликлар улар томонидан ҳам маъқулланганди. Шундан сўнг Лига вакиллари Жаҳон лигалари ассоциациясининг Афина шаҳрида ўтказилган йиллик анжуманида жаноб Эллерей билан учрашиб, муҳокама қилинаётган ўзгаришларни мусобақаларимизда қўллаш истагида эканлигини маълум қилган эдилар. IFAB Техник директорининг Тошкентга ташрифи ҳам мазкур ташаббуснинг бир қисми ҳисобланиб, янги қоидалар юзасидан футбол жамоатчилигига батафсилроқ маълумот бериш мақсадида амалга оширилди.
Лига Ассоциация билан ҳамкорликда Суперлига ва бошқа мусобақаларимизда ўйин интенсивлигини оширишга қаратилган лойиҳаларни татбиқ этишда давом этади ва футбол учрашувининг томошабоплик даражасини оширишни ўзининг энг устувор мақсадларидан бири деб ҳисоблайди.



Фикрлар