Зафармурод Абдираҳматов: "Каннаваро зўр мураббий экан. Машғулотлари ҳам ўзгача - позитив тарзда ўтди"
Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчиси Зафармурод Абдираҳматов машғулотлар давомида эски жароҳати туфайли ўзини ноқулай ҳис қилган.
Шифокорларнинг тавсиясига кўра, ҳимоячимизнинг жароҳатдан тикланиш жараёни Ўзбекистонда давом эттириши ҳақида хабар берилган эди.
Футболчи жароҳати,бўлажак мавсум ва режалари билан ўртоқлашди.
МТЖ сафида жароҳат олдингиз. Бу олган жароҳатингиз қанчалик жиддий, янги мавсум бошлангунча сафга қайтасизми?
Авваламбор ассалому алайкум!
Суҳбатга таклиф қилганингиз учун раҳмат. Жароҳатимга келадиган бўлсак, унчалик ҳам жиддий эмас. Бир ҳафта жамоавий машғулотларга қўшила олмайман. Ўзим якка тартибда енгил машғулотлар ўтказаман ва жароҳатимга керакли муолажаларни қиламан Худо ҳоҳласа.
Ҳозирда Ўзбекистонга қайтганман ва жароҳатимни тиклаш жараёнларини олиб боряпман. Бу борада барча ишларни бажаряпман.
"Насаф" билан 9 февралда бўладиган Элит лига ўйингача сафга қайтаман.
Фабио Каннаваро қўл остида машғулотларда иштирок этингиз? Каннаваро сиз ишлаган олдинги мураббийлардан нимаси билан фарқ қилади?
Каннаваро зўр мураббий экан. Машғулотлари ҳам ўзгача - позитив тарзда ўтди. Штаби билан ҳаммаси профессионал жамоа.
Болалар билан чиқишиб кетди ва ажойиб машғулотлар ўтказдик. Каннаваро ҳам, штаби ҳам ҳаммамизни биринчи марта кўриб турган бўлса ҳам, ортиқча босим қилмади. Талаби фақат профессионаллик. У ҳамма яхши формади бўлишни, Жаҳон чемпионатига қадар ўз ўрни учун курашиш кераклигини айтди. Мен кўп машғулот ўтказмадим - 2 кун бўлса ҳам ўзимга керакли бўлган тажрибани олдим, деб ўйлайман.
Каннаварони бошқа мураббийлар билан таққослай олмайман. Чунки ҳар бир мураббийнинг ўз иш усули, йўналиши ва футболга қараши бор.
"Насаф"ни бир нечта катта футболчилар тарк этди. Раҳбарият томонидан жамоа олдига қанақа мақсадларни қўйилган?
Тўғри, жамоани кўплаб катта футболчилар тарк этди. Лекин мақсадларимиз кичиклашиб қолмайди. Кўплаб футболчиларнинг шартномаси якунланди. Уларга бошқа жамоалардан таклиф бўлди ва шу қарорга келишди.
"Насаф"да мақсадлар ҳеч қачон ўзгармайди. Ҳар доимгидек чемпионлик, кубок учун курашамиз. Аввалгидек, олдинги ўринларда юрш мақсади қўйилган. Бу борада мураббийлар томонидан ишлар олиб борилмоқда. Керакли чизиқлар тўлдирилмоқда. Чемпионат бошланишига ҳали вақт бор.
Сизнингча, Суперлиганинг янги мавсумида қайси жамоаларнинг чемпионлик учун имкониятлари юқорироқ? Насафни имкониятларини қанақа баҳолайсиз?
Менимча, бу мавсум чемпионлик учун яхши кураш бўлади. Ҳамма жамоа янги мавсумга тайёргарлик кўрмоқда - хориж йиғинларини ўтказмоқда. Ўртоқлик ўйинларида кучли жамоалар билан ўйнамоқда. Мухлислар бу йил анчагина кучли чемпионат гувоҳига айланади. Ҳаммани кучи бир хил, чунки ҳали мавсум бошланмади.
2026 йилда ўз олдингизга қандай мақсадлар қўйдингиз? Йил давомида қайси камчиликларингизни яхшилашни режалаштиряпсиз?
Албатта бу йилги мақсадларимдан бири "Насаф" билан яхши натижалар қайд этиш.
Энг асосийси ҳамма кутаётган Жаҳон чемпионатида иштирок этиб, Ўзбекистон термасининг ижобий натижаларга эришишида ўз ҳиссамни қўшмоқчиман.
Булар учун ўз устимда ишлашим керак. Ҳолатимни яхши формага келтириб, юқори даражага чиқишим керак", - деди Абдираҳматов.



Фикрлар