«Чарм тўп-2019». Қорақалпоғистоннинг «Тахиаташ» жамоаси Тошкентга келади
Юртимизда ёш авлодни ҳар жиҳатдан етук, жисмонан соғлом ва баркамол руҳда вояга етишлари, иқтидор ва салоҳиятларини тўла намоён этишлари учун кенг шарт-шароит ва имкониятлар яратиб берилаётир. Айниқса, болалар футболини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва бошқа тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига бағишлаб маҳаллалар ёшлари, хусусан, 18-30 даги ҳаваскор футболчилардан ташкил топган жамоалар ўртасида ўтказилаётган «Чарм тўп» анъанавий республика турнири ана шу саъй-ҳаракатлар самараси саналади.
Айни дамда, жойларда ушбу турнирнинг учинчи босқичи ниҳоясига етмоқда. Бунинг баробарида, байрамона тарзда уюштирилаётган учрашувлар футбол ихлосмандларида катта таассурот қолдираётир.
Жорий йилнинг 14-15 август кунлари Қорақалпоғистон Республикасида«Чарм тўп» анъанавий турнири марказий «Турон» стадионида кўтаринки руҳда ўтказилди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Мусобақада 16 та жамоа иштирок этиб энг кучлилар ғолиблик шоҳсупасига кўтарилишди.
Мусобақа финал босқичидаги ўйинлар натижасига кўра биринчи ўринни Тахиаташ тумани, иккинчи ўринни Қўнғирот тумани йигитлари қўлга киритган бўлса, фахрли учинчи ўрин Нукус туманига насиб этди.
Тахиаташ туман жамоаси Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган финал босқичига йўлланмани кўлга киритди.
Мусобақа якунига кўра ғолиб ва совриндорларга ташкилотлар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Фикрлар