"Челси"нинг муваффақият сири. Ёхуд нега Тухель ғайриоддий усулларда машғулот ўтказади?
Тухель “Челси”да махсус машғулотлар усулидан фойдаланади, масалан, теннис тўпларидан. Унинг муаллифи эса немис олими ҳисобланади.
"Челси" Томас Тухелнинг ғайриоддий машғулотлари туфайли Чемпионлар лигаси финалида "Манчестер Сити"ни мағлубиятга учратди. Тухель немис олими Вольфганг Шёлльхорннинг дифференциал ёндашув тизимидан фойдаланади. Ушбу тизим шунингдек, “Ливерпуль” бош мураббийи Юрген Клопп ва “Монако” устози Нико Ковачнинг ҳам асосий қуролидир. Хўш, бу машғулот одатдагилардан нимаси билан фарқ қилади?
Томас Тухелнинг теннис тўплари "Челси"нинг Чемпионлар лигаси финалида "Манчестер Сити" устидан қозонган ғалабасидан сўнг, ўзига хос мемга айланди: Лондон клубида Фрэнк Лэмпард ўрнини эгаллаганидан сўнг, немис спорт залида зерикарли машқларни қисман алмаштириб, инновацион машғулот усулларини жорий қилди.
Теннис ўйинининг бунга мутлақо алоқаси йўқ. Сариқ тўплар марказий ҳимоячиларга мўлжалланган - улар жарима майдончасида ҳужум қилаётган рақибларни ушлаб олиш инстинктив одатларидан халос бўлиш ва қоидабузарликлар сонини камайтириш мақсадида машғулотлар пайтида қўлларида ушлаб туришади. Тухель шунингдек, тез вертикал ҳужумларни амалга ошириш учун сунъий равишда майдонларнинг кенглигини чеклаб қўйди. Бундан ташқари ҳўл майдонда машғулотлар ўтказиш футболчиларнинг ҳаракат қобилиятини янада ривожлантиради ва улар расмий учрашувларда қуруқ майдонга чиқгач, анча осон ҳаракат қилишади.
"Аввалига биз буларнинг футболга нима алоқаси борлигини ўйлаб ҳайрон бўлдик, аммо кейин улар тезда самара беришини англадик", - дейди "Боруссия" Дортмундда Тухель қўл остида ўйнаган Невен Суботич.
"Челси"нинг ҳозирги устози нафақат футбол учун, балки бошқа спорт турлари учун ҳам дифференциал машғулотларнинг ноёб тизимини яратган немис олими Вольфганг Шёлльхорннинг тадқиқотларига асосланади. Вольфганг 1990 йилда Франкфурт университетида биомеханика бўйича докторлик диссертациясини ёқлади, 2007 йилда профессор бўлди. Унинг биомеханика ва енгил атлетика бўйича машғулотлари бир нечта миллий ва халқаро мукофотларга сазовор бўлди.
"Тухель файласуфдан кўра кўпроқ олимга ўхшайди. У профессор Вольфганг Шёлльхорннинг ишидан илҳом олади. У спортчиларга турли хил машғулотлар зарурлигини исботлаган. У иш фаолияти давомида ғайриоддий машқларни жорий қилди: қўлида нарса ушлаган футболчилар ўртасида икки томонлама ўйин ёки теннис тўплари ёрдамида жонглёрлик қилиш" – деб ёзади L'Equipe нашри.
Томаснинг немис ҳамкасблари ҳам профессорнинг ишига мурожаат қилишади. Улар орасида Европа футолини қойил қолдирган "Ливерпуль" устози Юрген Клопп ҳам бор. Клопп Майнц университетида Шёлльхорн билан тўқнаш келган ва унинг машғулотларга дифференциал ёндошиш бўйича олиб борган изланишларидан таъсирланган. "Монако"ни бошқараётган Нико Ковач ҳам Шёлльхорннинг материалларидан фойдаланади.
Дифференциал тренинг - бу консерваторларни ғазаблантириши мумкин бўлган чинакам инқилобий усул. Шёлльхорн ўз веб-сайтида шундай ёзади: "Бу футбол ва умуман спортнинг анъанавий ғоясига зиддир. Спортчиларни ривожлантириш учун энг яхши усул - такрорлаш".
Профессор ўзи ўйлаб топган усул футболчиларни ўзини ўзи танқид қилишга ва шу орқали камроқ таваккал қилишга олиб келади, деб ҳисоблайди. Футболдаги креативлик бўйича тадқиқот олиб борган португалиялик Сара Сантос буни исботлади. У U-13 ва U-15 терма жамоаларидаги 40 нафар футболчини икки гуруҳга ажратди ва беш ой давомида уларни турли усуллар билан шуғуллантирди. Биринчи гуруҳ - анъанавий равишда, иккинчиси - дифференциал усул ёрдамида машғулотлар ўтказди.
Натижалар шуни кўрсатдики, дифференциал усулда шуғулланган гуруҳ футболчиларининг ҳаракатлари ўзига хослиги ва кўп қирралилиги ошди. Улар кам хатоларга йўл қўйди ва позицион жиҳатдан яхши ўйин кўрсатди. Рақиблари улар учун қанча кўп қийинчиликлар туғдирса, уларнинг фикрлаш даражаси ва ўйинни тушуниши шунчалик ошди.
Фикрлар