Чемпионат тугади! Кимдир қолмоқчи, кимдир кетмоқчи... ёхуд легионерларимизга оид янгиликлар бор

Ўз омадини четда излаб юрган футболчиларимизнинг тақдири доим бизни бефарқ қолдирмаган. Ким қаерда тўп суришидан қатъи назар, ўзбекистонлик ҳар қандай ўйинчининг қайд этган натижалари бизни беэътибор қолдирмайди.

Хабарингиз бор, бир қанча юртдошларимиз четда легионер сифатида фаолият олиб боришяпти. Масалан, Осиёнинг турли мамлакатларида ўзбекистонлик футболчиларни учратиш мумкин. Таиланд чемпионатида ҳам легионерларимиз борлигини биласиз. Эндиликда уларга тааллуқли айрим янгиликлар йўқ эмас. Бу сафар Таиланд томонларга назар ташлаймиз.

Кеча Таиландда “Тай” лигаси ниҳоясига етди. Маъулмки, у ердаги чемпионатда икки нафар ҳамюртимиз – Сардор Мирзаев билан Артём Филипосян тўп суришди. Уларнинг клубларидаги натижалари турлича бўлди.

Сардор Мирзаевга янги шартнома таклиф қилишмоқчи

Бу футболчининг имкониятларини барчамиз яхши биламиз-а? Мирзаев Таиланднинг “Муангтонг Юнайтед” жамоасига 2020 йили қўшилган. Ўтган вақт давомида ҳамюртимиз клубнинг етакчиларидан бирига айланди. Бу йилги мавсумда ҳам Сардор жамоасида муҳим фигуралардан бири бўлди. Дарвоқе, кеча Таиланд чемпионати якунланди ва охирги турда “Муангтонг Юнайтед” ўз майдонида “Патум Юнайтед”ни 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Қизиғи шундаки, “Патум Юнайтед” якунига етган Таиланд чемпионатида биринчи ўринни эгаллади. “МЮ”га қарши учрашувгача эса “Патум Юнайтед” ҳаммасини ҳал қилиб, чемпионликни расмийлаштириб бўлганди. Қолаверса, бу жамоанинг ҳисобида ҳали мағлубият йўқ эди. Айнан Мирзаев жамоасига қарши кечган баҳсда “Патум” Таиланд чемпионатидаги илк мағлубиятини қабул қилиб олди. Лекин ушбу охирги беллашувда Сардор Мирзаев майдонга тушмади. Бунинг сабабини у қуйидагича изоҳлади:

- Ҳа, биз биринчи ўриндаги жамоани ютдик ва шу билан чемпионат ҳам тугади. Лекин мен бу учрашувда ўйнамадим. Оёғимда бироз оғриқ бор эди. Бунинг устига бу баҳс аҳамиятсиз бўлиб қолганди. Энди олдимизда Кубок баҳслари бор. 3 апрель куни чорак финалда иштирок этамиз. Бу битта ўйиндан иборат. Ютсак ярим финалга чиқамиз. Кубок мусобақаси 15 апрелгача якунланади, - деди sports.uz мухбирига.

мирзаев_4

Шуни айтиш керакки, “Муангтонг Юнайтед” Таиланд чемпионатида 30 та ўйин ўтказиб, шундан 14 та ғалаба 5 та дуранг ва 11 та мағлубият қайд этиб 47 очко жамғариб 7-ўринни банд этди. Ўзи айтиб ўтганидек, энди жамоаси билан Таиланд Кубогига жиддий эътибор қаратишади. Сардор Мирзаевнинг оёғидаги кичик жароҳат туфайли ҳам мураббийлар таваккал қилиб уни ўйинга қўйишмаган ва Кубок баҳсларига асрашган десак ҳақиқат бўлади.

Шу ўринда Сардор Мирзаевнинг кейинги режалари бизни қизиқтираётгани рост. Бу футболчи одатда кўп ҳам жамоа алмаштиравермайди. Бунгача у ўзимизнинг чемпионатда “Нефтчи” билан “Локомотив”да бир неча мавсум тўп сурган. “Муангтонг Юнайтед” эса унинг фаолиятидаги учинчи клуб ҳисобланади. Мирзаевнинг клубдаги иштирокини қониқарли баҳолаш мумкин. У чемпионат давомида 24 тадан зиёд учрашувларда майдонга тушди. Шунингдек, Сардор 14 та гол урди, шуларнинг 13 тасини чемпионат баҳсларида, 1 тасини Кубокда киритди. Олдинда яна Кубок учрашувлари борлигини ҳисобга олсак, балки унинг голлари яна ортиши мумкин. Бундан ташқари, Мирзаев Таиланд чемпионатида 9 та ассистент вазифасини ҳам бажарди. Легионеримиз у ердаги кейинги тақдири қандай бўлиши ҳақида шундай деди:

- Кубок баҳсларидан кейин биз учун ҳам расман чемпионат якунига етади, янги мавсум август ойидан бошланади. Менинг клуб билан тузган шартномам шу йилнинг декабрь ойида тугайди. Жамоам эса ҳозирданоқ менга янги шартнома бермоқчи. Агар икки томонни қаноатлантирса, битимни яна узайтирамиз, - деди Мирзаев.

Артём Филипосян ортга қайтмоқда

У ердаги иккинчи легионеримиз Артём Филипосянга ҳам алоҳида тўхтамалмасак бўлмайди. Маълумки, ушбу ўйинчи ўтган йилнинг декабрь ойида собиқ клуби – “Прачуап” клубига қайтди. Бунга сабаб шуки, бу жамоа чемпионатда бироз қийин аҳволга тушиб қолганди. Натижада таркибни кучайтириш ва айниқса, ҳимоя чизиғини мустаҳкамлаш мақсадида Филипосянни ортга қайтаришга эришдилар.

филипосян_4

Илгари футболчимизнинг ўйинларини кўргач, қандай имкониятларга эга эканлигини “Прачуап”дагилар яхши билишарди. Натижада клуб чемпионат якунида 10-поғонани эгаллаб, кучлилар сафида жон сақлаб қолишнинг уддасидан чиқди. Кутилганидек, Артём жамоасининг асосий таркибидан муқим жой эгаллади. Тўғри, “Прачуап” охирги турда ўз майдонида “Бангкок Юнайтед”га 0:1 ҳисобида ютқазиб қўйди. Аммо бу клубнинг турнир жадвалидаги ўрнига таъсир кўрсатмади. Бу борада футболчи sports.uzга қуйидагиларни айтди.

- “Прачуап” билан шартномам 31 март куни тугайди. Кубок баҳсларида бизнинг жамоа биринчи даврада чиқиб кетганди. Шу сабабли биз учун мавсум тугади. Худо хоҳласа, 4 апрелда Ўзбекистонга қайтаман. Ҳозир режалар ҳақида ўйламаяпман. Биласиз, 3 йилдан бери четда ўйнаяпман. Энди уйда яқинларим билан бирга бўлмоқчиман. Қолганини вақт кўрсатади. Тўғриси, “Прачуап”га келиб ёрдам берганимдан бу ердагилар жуда хурсанд. Чунки мен иккинчи даврада келгандим. Ўшанда клуб охирги ўринда эди, энди эса 10-ўринни эгалладик, - дея фикрини якунлади, футболчи. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!