Чемпионатимиздаги ҳужумчиларда асосий муаммо нимадалигини биласизми? Норчаевда-чи? Яқин ўтмишнинг таниқли футболчиларидан бири хулосасини айтди

Сир эмаски, футболимиздаги асосий камчиликларимиздан бири зўр ҳужумчиларнинг етишмаслиги билан боғлиқ. Ҳа, бизда энди Элдор Шомуродов бор. Лекин биргина у билан мақтанавермасдан яна янги Шомуродовларга эга бўлишимиз керакми?

Ҳозир Суперлигамизга қаранг, кимни зўр, тўпурар ҳужумчи дея айта оламиз? Мураббийлар учун энг кўп бош оғриғи бўлаётган муаммо ҳам аслида малакали ҳужумчиларга эга бўла олмаётганидир.

Олдин чемпионатимизда қандай футболчилар ўйнарди-а? Олдинги чизиқ вакиллари ҳар сафар бошқаларга ўрнак бўлишарди.

Мисол учун Зафар Холмуродовни ҳамма яхши билади, ўйинларини эслашади. Ҳозирда “Насаф” ёшларини бошқараётган ушбу мураббий Sports.uz мухбирига ҳужумчиларимиз ва уларга нима етишмаётгани хусусида гапирди.

- Биз ўйнаган даврларда зўр ҳужумчилар чиққан, - дея сўзини бошлади Холмуродов. - Ҳозир нимага бундай ҳужумчиларимиз йўқ? Бунинг учун улар ўз устида кўпроқ индивидуал томондан ишлашлари керак. Тўп билан эмас, тўпсиз ҳам ишлашни билишлари ҳозирда жуда муҳим. Масалан, тўпсиз ким қандай очилишни билади? Бизда ҳужумчиларимиз ҳар сафар вазиятларда бир хил очилади. Ҳужумчи югуриб кетаверса, ортидан ҳимоячилар ҳам югуради. Бундай пайтда уларни тўпсиз ҳам алдашлари мумкин. Буни имконини топса бўлади. Айниқса, ҳужумчиларни техникаси зўр бўлиши керак. Олег Шацких, Бахтиёр Ҳамидуллаев, Шуҳрат Мирхолдиршаев, Анвар Солиев, Анвар Бердиев, Умид Исоқов, Равшан Бозоров, Зайниддин Тожиев сингари футболчиларда турган жойидан ҳимоячилардан тезкорлик билан ўтиб кетиш қобилиятлари бўларди. Голни ҳис қилиш хусусиятлари зўр эди, қандай позиция танлашни ҳам билишарди. Ҳозир ҳужумчилар энергиясини кўпроқ йўқотяпти. Оқибатда ҳимоячилардан ўтиб кетишда қийналишяпти, чарчаб қолишяпти. Ҳужумчилар ақлли бўлиши ва шу билан тўп билан, тўпсиз ва қаерга очилишни ўзлаштиришлари шарт. Айниқса, ўз устида индивидуал жиҳатдан кўп ишлашлари талаб қилинади. Дарвозаларга кўпроқ зарба беришса, уларда голни ҳис қилиш қобилияти яхши шаклланади. Машғулотда бажарсангиз ўйинда амалга ошира оласиз. Лекин ўша нарсани машғулотда қилмадингизми, унда ўйинда ҳам ўхшамайди. Масалан, ҳимоячи билан бирга-бир қолган вазиятда ҳужумчиларимиз деярли бир хил ҳолатда алдашга ҳаракат қилишади. Ўз устида ишлашмайди. Машғулотда қийин бўлса, ўйинда шунча осон бўлаверади. Жамоа билан оддий бир ярим соатлик машғулотда битта ҳужумчига неча марта тўп келади ва у дарвозага қанча зарба йўллай олади? Агар индивидуал ишласа, ўзи хоҳлагандек тўп билан ишлаб, дарвозага тепиши мумкин. Буни фойдаси кўп. Ҳужумчиларда жарима майдони ичига кирганда совуққонлик бўлиши лозим. Аммо бизда мана шундай ҳислатлари йўқ. Тўпга кераксиз югураверса ҳам чарчаб қолишади. Оқибатда тўп унга келган маҳалда ҳимоячининг энергияси ҳужумчиникидан кўпроқ бўлгани сабабли ўтиб кета олмай қолади. Битта машқни такрор ва такрор бажараверса кейин шуни яхши ўзлаштириб олади. Голли вазиятларда позицияни тўғри танлай олиши муҳим саналади.

аа зафар

Суперлигамиздаги ҳужумчилар орасида “Навбаҳор”нинг легионер ҳужумчиси бор экан, Марушич деган. У кучга тўлган. Ўзимизда Хусайн Норчаев бор. Уни ўнг оёғи яхши ишламайди. Индивидуал тарзда шу камчилиги устида ишлаши керак. Гол уриш ҳиссиёти бор, бироқ янада кўпроқ ишлаши лозим. Ўйин пайтида ўнг оёқда тепадиган вазият бўлиб қолиши мумкин, шунда панд бериб қолади. Тўғри, Ўзбекистон футболида ҳужумчилар муаммоси бўляпти. Боя айтганимдек, улар ўз устида тинмасдан ишламаса бўлмайди. Илгари ҳар бир жамоада 8-9 нафардан зўр иқтидорли ўйинчилари бўларди. Энди эса ҳужумчи муаммоси юзага келган.

ааа норчаев

Захирада қолиб кетаётган ҳужумчини ўйин амалиёти бўлмаса, хоҳлайсизми-йўқми, уни ўйин даражаси юқори бўлмайди. Шомуродов “Ростов”да асосий таркибда ўйнади. Ўша пайтда тўпурарликни ва етакчиликни ҳис қила олди. Мураббий ишонч билдириб таркибда қўйса, борган сари ўйини очилиб кетаверади. Натижада ишонч пайдо бўлади. Бу энг муҳими. Элдорни тезкорлиги, чап ва ўнг оёқда зарба беришлари зўр. Агар у бошқа клубга борса ўйнайдиган жамоада бўлса, албатта ўйнаб кета олади. Дриблинги ҳам, бош билан ҳаракати ҳам яхши. Хуллас, Элдор Шомуродовда ҳар томонлама яхши хусусиятлари бор. Биласизми, уни 2005 ёки 2006 йили “Машъал” ўринбосарларида кўрганимда, бир танишимга шу болани келажаги бор, деб айтгандим. Ўша пайтдаёқ иқтидори борлиги сезилиб турарди. Бизда мана шундай ҳужумчиларимиз кўпайиши керак. Ўзимиздаги футболчилар Элдорга ва Европани бошқа ҳужумчиларига қараб интилиши жуда зарур. Ҳар бир ҳужумчини ўз мухлиси бўлади. Чунки ҳужумчи кўзга тезроқ ташланади. Барчасига омад тилайман, - дейди Зафар Холмуродов.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!