Чемпионлар Лигаси нимчорак финал қуръаси: ғолиблар ва мағлублар
Бир неча кун аввал УЕФА Чемпионлар Лигаси нимчорак финалига қуръа ташланди. Ундаги жуфтликлар мухлисларга қиш сўнги ва баҳор аввалида шиддатли қарама-қаршиликларни ҳадя этди. Плей-офф босқичининг ҳар бир беллашуви финал мақомида. Омад келмас экан, энг кучли жамоалар ҳам қийинчиликка учрайди. Бу гал ташланган қуръада ҳам қайсидир жамоалар ютди, бошқалари ютқазди. Улар хусусида сўз юритамиз.
Ғолиб: “Реал”
Доимгидек, қуръалар “Реал” учун муваффақиятли келади. Албатта, ҳазил. “Қироллик клуби” бундай омадга доҳил бўлишида гуруҳ босқичининг сўнгги турлардаги иродали ўйинлар намойиш этиб, гуруҳни биринчи ўринда якунлагани асосий ўрин тутади. Агар улар карвонбошиликни германиялик рақибларига бой берганда, ушбу қуръада “Бавария” ёки “Манчестер Сити”га рақиб бўлмасликни истаб, юрак ҳовучлаб ўтирарди. Тан олишимиз лозимки, янги шаклланаётган мадридликлар ҳозир ушбу икки жамоа даражасида эмас.
ЕЧЛ ўтган мавсумининг ҳақиқий кашфиётига айланган ва янги мавсумга ҳам деярли ўша таркиб билан келган клубга қарши нимчорак финалда тўқнаш келишнинг нимаси ютуқ? Сабаби, ҳозир бош мураббий Жан-Пьеро Гасперини ва жамоа “юраги” Алехандро Гомес ўртасида жиддий келишмовчилик мавжуд. Унинг жамоани тарк этиши деярли аниқ бўлиб бормоқда. Шундай етакчисидан айрилган жамоага қарши “қаймоқранглилар” анча эркин ҳаракат қилиши аниқ.
Мағлуб: “Челси”
“Аристократлар” Андалусияда Жиру томонидан киритилган 4 та гол билан гуруҳни биринчи ўринда якунлади ва уларнинг хаёлида нимчорак финал бироз енгил ўтиши керакдек эди. Фалакнинг гардишини қарангки, бутун Европа грандлари плей-оффда тўқнаш келишни истамайдиган “Атлетико” улар қаршисида. Боз устига, клуб жорий мавсумдаги барқарор ўйинлари орқали Ла Лигада карвонбошилик қилмоқда. Симеоне шогирдлари фақат “Мадрид дербиси”ни бой берди.
Бу клубни енгиш учун сизда кучли тактик билим, улкан иштиёқ ва Криштиану даражасидаги феноменал ҳужумчи бўлиши керак. Акс ҳолда, ким бўлишингиздан қатъий назар, уларни нимчорак финалдаёқ турнирдан чиқариб юбора олмайсиз. Ишонмасангиз, “Ливерпуль”дан сўранг!
Ғолиб: “Манчестер Сити”
“Шаҳарликлар” ўз гуруҳини ортиқча қийинчиликларсиз енгишга муваффақ бўлди ва эвазига “Боруссия” Мюнхенгладбахга рақиб бўлиш билан мукофотланди. Тўғри, Марко Розе шогирдлари гуруҳ босқичида “Реал”ни ортда қолдирган ҳолда, плей-оффга ғолиб жамоа сифатида ташриф буюришига бир баҳя қолди. Аммо улар гуруҳнинг гранд жамоаларини мағлуб эта олмади. Ғалабалар фақат “Шахтёр” билан ўйинларга бориб тақалади. Демак, уларни мукофот сифатида қабул қилиш мумкин.
Гвардиола шогирдларини оёғидан тортиши мумкин бўлган ягона жиҳат бу - вазиятлардан фойдалана олмаслик. Балки, нимчорак финал баҳслари бошлангунча, асосий ҳужумчи Кун Агуэро сафга қайтиб, ушбу муаммо ҳам бартараф этилар.
Мағлуб: “Лацио”
“Лацио” гуруҳ босқичида осон ўйин ўтказмади. Ҳар бир беллашувда қонли жангларда иштирок этишга мажбур бўлди. Тўртлик ғолиби “Боруссия” Дортмундга ҳар икки учрашувда мағлуб бўлмай, якунда 2-поғонадан ўрин олди. Бу каби оғир гуруҳдан чиқиб келган жамоа қаршисидан чиққан илк рақиб амалдаги чемпион “Бавария” бўлди. Аксига олгандек, клубнинг А Сериядаги ишлари ҳам бу мавсум бир текисда эмас. 12 та турда 18 очко тўплаган Симоне Инзаги шогирдлари 9-ўринда бормоқда.
Римликларнинг имкониятларини паст баҳоламоқчи эмасмиз. Аммо улар “Бавария” билан солиштирадиган даражадаги ҳолатда эмас.
Ғолиб: “Ювентус”
Ўз гуруҳини ютган ҳар қандай жамоа нимчорак финалда “Порту”га рақиблик қилишни исташи аниқ эди. 16 та клуб орасидаги энг камтарона таркибга эга бўлган жамоа янги шаклланаётган “Ювентус”нинг ЕЧЛ муҳитини янада яхшироқ ҳис этиб олиши учун айни муддао. Ваҳоланки, португаллар 6 та тур якунларига кўра, 3 тагина гол ўтказиб, энг яхши кўрсаткичлардан бирини қайд этди.
Қуръа Андреа Пирлога мураббий сифатидаги биринчи мавсумидаёқ, Чемпионлар Лигаси чорак финалига чиқиш имконини тақдим этмоқда.
Яна бир тарафдан Чемпионлар Лигаси, “Порту” ва Роналду номлари кўпчилигимизни 2009 йилда 40 метрлар масофадан урилган гол хотираларига ундайди. Носталгия!
Мағлуб: ПСЖ
Парижликларни тушунишга ҳаракат қилинг. Улар биринчи даврадаги мағлубият учун МЮдан ўч олган пайтда нимчорак финалда “Барселона” уларга рақиблик қилишини тушида ҳам кўрмаган эди. Таркибингда Месси бор экан, муаммоларинг дунёни босса ҳам, сен яққол аутсайдер эмассан. Устига-устак, “Камп Ноу”га ташриф буюрган ПСЖ футболчиларининг аксариятида даҳшатли камбек хотиралари сақланиб қолган ва уларга ушбу стадион ҳақидаги нохуш ўйлар ҳалақит бериши мумкин.
Ҳа, бу воқеадан кейин кўп нарсалар ўзгарди. Неймар ва Мбаппе клубни мутлақо бошқа даражага кўтаришга эришди. Аммо ким билади дейсиз, Неймар февралга жароҳатларсиз етиб борадими, Киллиан ўзининг супер ўйинини кўрсатиш имконига эга бўладими?! Нега фақат улар ҳақида гапирмоқдамиз? Чунки, Тухель мураббий сифатидаги ишлари билан кўзга ташланаётгани йўқ. Тактик билимлар томонидан Рональд Куман ундан устунроқ. Футболчиларининг индивидуал маҳорати эвазига натижа қайд этаётган немис мутахассиси нимчорак финалда уларсиз қолмасликни ўйлаб ухлолмай чиқса, ажаб эмас.
Абдулвосид Валихонов тайёрлади
Фикрлар