Дилноза Мустафоқулова суҳбатлашди
"Четдан таклиф тушса, нега ўйлаб кўрмаслик керак?!", "Футбол пул билан ўйналади!", "Баъзи жамоалар ҳали ноябрь ойи учун ҳам маош олмаган" - йилнинг энг яхши аёл футболчиси Диёра Ҳабибуллаева кўп ҳақиқатлар ҳақида очиқ гапирди
SPORTS.uz интервью рукнидан ўрин олган суҳбатларни давом эттиради. Бизнинг бу галги суҳбатдошимиз Ўзбекистон аёллар терма жамоаси ва "Сўғдиёна" клуби аъзоси Диёра Ҳабибуллаева.
2021 йилги футбол мавсуми Аёллар олий лигаси тўпурари ва "Йилнинг энг яхши аёл футболчиси" номинацияси ғолибасига айланган Диёра легионерга айланиши, чемпионатимиздаги пулдор жамоалар, футбол ёки оиладан қай бирини танлаши ва бошқа кўплаб мавзуларда ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
- Ассалому алайкум, Диёра. Энг аввало, халқаро турнирда терма жамоамизнинг ғалаба голига муаллифлик қилганингиз билан табриклайман.
Ассалому алайкум. Сизларни қувонтирганимдан жуда ҳам хурсандман. Лекин биргина гол билан турнир якуланмайди ва олдиндан севинишни ёқтирмайман. Яна шуни айтиб ўтиш керакки, биринчи бўлимда урсам бўлар эди, лекин хатога йўл қўйдим ва иккинчи таймда буни тўғрилашга ҳаракат қилдим. Худога шукр, шу кун омадим келди.
- Ички чемпионатдаги жамоангиз иштироки ҳақида нималар дея оласиз?
Албатта, чемпионат якунланди ва тўпурарлар жадвалида пешқадамликка эришдим. Қолаверса, йилнинг энг яхшиларидан бири сифатида эътироф этилдим. Булар осонликча қўлга киритилмади. 3 йил давомида номзодлар орасида бор эдим. 1-сафар роса ҳаракат қилдим ва тўпурарлар баҳсида ғолиб бўлдим. Лекин мени ғолиб, деб топишмади. 2021 йил мен учун жуда омадли келди. Ғалаба учун ота-онам, мураббийларим, жамоадошларим ва мени қўллаб-қувватлаётган барчага миннатдорлик билдираман.
- Спортга кириб келишингиз қандай рўй берган?
Бизнинг оиламизда ўғил фарзанд йўқ ва оилам мени ҳам ўғил, ҳам қиз фарзанд ўрнида кўради. Чақалоқлигимдан йиғласам, тўп билан овутишган экан. Мактаб вақтида ҳам ҳамма қизлар танаффусга чиқиб, мактаб формасида юришса, мен ўғил болалар билан футбол ўйнаб юрганман. Маҳалламизда ҳар куни кечқурун футбол бўларди, мен роса қизиқардим. Шундан кейин футболга қизиқишимни кўриб, дадам агар қизлар жамоаси очилса, сени ўша академияга берамиз, деган. Мен фақат "Севинч" клубини билар эдим. Лекин Қашқадарё бизга бироз узоқроқ эди ва мен волейбол спортига қатнаша бошлаганман. Вақт ўтиб, коллежга ўқишга кирдим. Бир куни залимизда тайёрланиш учун "АГМК-W" ва "Металлург-W"нинг гулистонлик қизлари келди. Кийиниш хонасида жамоалар ҳақида сўраб-суриштириб, дадамга айтганман. Маслаҳатлашиб, "Металлург-W" клубини танлаганмиз. Кейинчалик, "Сўғдиёна-W" жамоасидан таклиф олдим.
- Оилангизнинг бошқа аъзолари томонидан ҳеч қандай қаршиликлар бўлмаганми?
Йўқ! Аксинча, дадамнинг ўзи бувим билан келишиб, "Металлург"га олиб борганлар. Ҳамиша эсимда, бўлсанг, энг яхши футболчи бўл, ҳеч қачон ўртамиёна бўлмагин, деб айтган эдилар. Илк бор Шерали Бобоқулов қўл остида шуғулланганман. Уларнинг ёрдами билан Ўзбекистон чемпиони, кубоги ва Суперкубоги соҳибасига айландим. Чемпионатимизда аввал 2-ўринни эгалладик ва кейинги йилни 1-ўрин билан якунладик. Бугунги кунда ҳам жиззахликлар шарафини ҳимоя қилмоқдаман.
- "Сўғдиёна-W" клубининг сизнинг фаолиятингиздаги ўрни қандай? Яъни, муваффақиятингизда жиззахликланинг Ўзбекистондаги энг кучли клуби эканлигининг ҳам таъсири борми?
Гапларингиз жуда тўғри, футболчининг индивидуал ютуқларида шерикларининг катта меҳнати бор. Чунки футбол жамоавий ўйин ва агар мен тўп тепаётган клуб кучсиз бўлганда, балки, бу натижага эриша олмасдим. Бу даражага етишимда кучли мураббийлар ва жамоадошларимнинг ўрнини алоҳида таъкидлаб ўтишим керак. Шу ўринда, жамоамиз директорлари ва ҳомийимизга ҳам миннатдорлигимни билдириб ўтмоқчиман. Футболда маблағ катта аҳамиятга эга. Футбол пул билан ўйналади. Шу учун ҳомийларимизни алоҳида айтиб ўтяпман.
- Бугун жиззахликлар моддий тарафдан энг кучли клуб! Қўшиласизми?!
Ҳа, қўшиламан. Негаки, биз аллақачон январь ойи учун маошимизнинг ярмини ҳали ой тугамасидан аввал олиб бўлган эдик. Баъзи жамоадаги дугоналарим билан гаплашганимда, ҳали декабрь, ноябрь ойликларини олмаганини айтишди. Мен шу клубда ўйнаётганимдан хурсандман.
- "Сўғдиёна-W" нинг бошқа клублардан ажралиб турадиган жиҳатларини айта оласизми?
Бошқа клублардан ажралиб турадиган жиҳати, аввало бирдамлигимиз, бир оила эканимиз, мураббийларнинг маҳоратлилиги ва шунингдек, бизни қўллаб-қувватлаётгани, деб ўйлайман. Раҳбарнинг шахсан ўзи биз билан танишиб, суҳбатлашиб, муамоларимизга қизиқади. Қолаверса, мураббийимиз қизларни танлаб олишда жуда катта тажрибага эга. Қайси қиз қайси нуқтани кучайтира олади, ким жарима тўлларини тепишда маҳоратли жуда яхши билади. Бизнинг энг катта устунлигимиз шулар, деб ўйлайман
- Олий лига учрашувларида "Сўғдиёна" бир бош устун бўлиб ўйнайди. Халқаро турнирда бу қандай натижа беради деб ўйлайсиз?
"Сўғдиёна" ҳар доим ҳам ҳужумкор ўйин кўрсатмайди. Мураббийимиз рақибни ўрганиб чиқади ва шунга кўра тактика қўллайди. Бу учрашувларда ўз самарасини беради. Энди бўлажак рақибларимизни билганимиздан сўнг ўйинларини кўриб, ўрганиб чиқиб, алоҳида тайёргарлик олиб борамиз ва ўйлайманки, муваффақиятли қатнашамиз.
- Ҳозир барча тажрибали футболчи қизлар Туркиядаги турнир сабабли бир жойга йиғилган. Кайфиятлар қандай?
Ҳозир барча қизларнинг кайфияти аъло даражада. Ғалабадан сўнг барча ўз қувончини яшира олмаяпти. Худо хоҳласа, кейинги ўйинда ҳам ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз. Тайёргарликлар аллақачон бошланган.
- Диёра, трансферлар ойнаси ёпилишига ҳам саноқли кунлар қолди. Сизга ҳам таклифлар бўляптими?
Албатта, менга кўп жамоалардан таклифлар келиб тушди. Ҳаттоки, чемпионат якунланмасдан қизиқишлар билдиришди. Лекин мен ўз жамоамда қолишни афзал кўрдим.
- Қачондир чет давлатидан аниқ таклифлар бўлса, кетишга тайёрмисиз?
Ҳар бир футболчини ўз олдига қўйган орзу, мақсадлари бўлади. Энг катта орзуларимдан бири легионер бўлиб тўп тепиш. Агар фаолиятимни тугатмасимдан аввал четдан яхши таклиф бўлса, нега ўйнамаслигим керак?! Мураббийларим ва ота-онам билан маслаҳатлашиб кўраман.
- Аёллар футболининг нозик тарафлари ҳам бор. Баъзан турмуш қуриб, футболдан кетишга тўғри келиши мумкин. Сиз бу вазиятда қандай танлов қиласиз ва нима учун?
Оилани танлайман. Чунки ҳар бир ота-она фарзандини турмуш қуришини ва бахтли бўлишини хоҳлайди. Қизлар ҳам ёшлигидан оқ либос билан уйини тарк этишни орзу қилади, шу ўринда мен ҳам.
- Диёра жавобларингиз ва самимий суҳбатингиз учун раҳмат. Навбатдаги турнирларда омад ёр бўлсин.
Катта раҳмат. Худо хоҳласа, ғалабалар билан ҳамюртларимизни ҳурсанд қиламиз.
Фикрлар