"Чиғатой"да Халқаро футбол ва дўстлик куни муносабати билан очиқ дарс ўтказилди
Хабарингиз бор, "Газпром" компанияси ва ФИФА ҳамкорлигида ўтказиладиган "Футбол дўстлик учун лойиҳасининг еттинчи мавсуми старт олган бўлиб, Ўзбекистон мазкур лойиҳади бу йил учинчи марта иштирок этади.
"Футбол дўстлик учун" лойиҳаси доирасида бутун дунёда 25 апрель куни Халқаро футбол ва дўстлик куни нишонланади. Шу муносабат билан бугун пойтахтимизда жойлашган "Чиғатой" спорт базасида очиқ дарс бўлиб ўтди. Унда "Чиғатой" футбол мактаби тарбияланувчилари, "Футбол дўстлик учун" лойиҳасининг бу йилги иштирокчилари, миллий терма жамоамиз футболчилари иштирок этишди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар берди.
Очиқ дарс икки қисмдан иборат бўлди. Дастлаб, ЎФА Мураббийлар тайёрлаш департаменти директори Шавкат Имамов йиғилганларга "Футбол дўстлик учун" лойиҳаси ва ундаги 9та қадрият: дўстлик, тенглик, адолат, соғлиқ, тинчлик, содиқлик, ғалаба, анъаналар ва фахр туйғулари ҳақида гапириб берди. Суҳбат шаклида ўтган очиқ дарсда миллий терма жамоамиз аъзолари Марат Бикмаев, Анзур Исмоилов, шунингдек, терма жамоамизнинг собиқ футболчиси Темур Кападзе ҳам фаол иштирок этди.
Кейин "Футбол дўстлик учун" лойиҳасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиладиган Асилбек Нўъмонов, Абдулла Турсунбоев ва Асадбек Рўзимовлар лойиҳанинг мақсади ҳақида ўз тенгдошларига тушунча бериб ўтишди ва тиниқ осмон ҳамда яшил майдонни акс эттирувчи ҳаворанг ва яшил рангли билакузукларни бир-бирларига тақиб қўйишди.
Очиқ дарснинг иккинчи қисми майдонда ўтди. Марат Бикмаев, Анзур Исмоилов, Темур Кападзе болалар билан гуруҳларга бўлинган ҳолда маҳорат дарслари ўтишди. Шунингдек, турли қизиқарли машғулотларда иштирок этишди.
«Менда бу очиқ дарс катта таассурот қолдирди. Янги дўстлар билан танишдим. Марат Бикмаев, Анзур Исмоилов, Темур Кападзе сингари футбол юлдузлари билан биргаликда машғулотларда қатнашиб, ўз маҳоратимни синовдан ўтаздим. Бу жуда ҳам ажойиб бўлди" - дея ўз фикрларини билдириб ўтди лойиҳа иштирокчиси Асадбек Рўзимов.
Фикрлар