Чироқчи спорт мактабида белбоғли кураш бўйича мамлакат кубоги баҳслари ўтказилмоқда
Бугун 14 апрель куни Қашқадарё вилояти Чироқчи туман спорт мактабида белбоғли кураш бўйича 2010-2011 йилда туғилган ўғил болалар ва қизлар ўртасида Ўзбекистон кубоги беллашувлари бошланди.
Ўзбекистон Республикаси ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон белбоғли кураш федерациясининг йиллик тақвим-режасидаги мазкур мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан 300 нафарга яқин ёш полвонлар белбоғли курашнинг белбоғли кураш ва эркин йўналишида ўз вазн тоифаларига кўра ғолиблик учун кураш тушишмоқда.
Таъкидлаш жоиз, вилоят белбоғли кураш федерацияси, Чироқчи туман ҳокимлиги, туман спорт мактаби томонидан юқори савияда ташкил этилган Ўзбекистон кубоги беллашувларида дастлаб тантанали очилиш маросими ташкил этилди. Очилиш маросимида сўз олган Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров, Қашқадарё вилоят белбоғли кураш федерацияси раиси Фарҳод Жумановлар мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортга, хусусан, миллий спорт турларимизга қаратилаётган юксак эътибор хусусида таъкидлаб, мусобақа иштирокчиларига омад тилашди.
Шундан сўнг Ўзбекистон кубоги беллашувларига старт берилди. Мусобақа регламентига мувофиқ, бугун белбоғли кураш йўналишида ўғил болалар 11 та вазн тоифасида, қизлар эркин йўналишда 7 та вазн тоифасида куч синашишади.
Мусобақа 16 апрелга қадар давом этади.
Фикрлар