Дамир Темиров: "Ҳали ҳеч нарса йўқотилгани йўқ"

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

“Андижон” клуби Суперлиганинг 10-турида “Бобур арена”да “Динамо”ни 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Айтиш жоизки, мезбонлар иродасини ва характерини намойиш қилган ҳолда ғалаба учун охиригача меҳнат қилди ва бунинг натижаси таблода акс этди.

Захирадан майдонга тушган ва "Андижон"нинг иккинчи голига муаллифлик қилган Дамир Темиров клуб матбуот хизматининг бир қатор саволларига жавоб берди.

- Дамир, ажойиб ўйин ва ажойиб ғалаба билан табриклайман. Аввало, "Динамо"га қарши ўтказилган учрашув борасидаги фикрингизни билмоқчиман.

- Ассалому алайкум. Ўйин жуда зўр бўлди. Шиддатли ва курашларга бой ўтди. Менимча, мухлисларга ёқди, деб ўйлайман.

- Захирадан тушаётганингизда голингиз ғалаба келтирувчи бўлишини ўйлаганмидингиз?

- Бунақа ўй-хаёллар албатта ҳаммада бўлади. Бандаси ихлос билан сўраса, Яратган албатта беради.

- Стадиондаги муҳит бетакрор бўлди. Мухлисларнинг бундай атмосфера яратиши сизларни янада олдинга ундади, шундайми?

- Стадиондаги атмосферани сўз билан тасвирлаб бўлмайди, бу бизга қўшимча куч беради. Бежизга 12-ўйинчи дейишмайди.

-  Жамоа қандай ироада ва характер кўрсата олди? Чунки жамоа голларни 80 ва 82-дақиқаларда киритди...

- Мураббийлар штабини ҳар бир ўйинга режаси бор. Шуларни тўлиқ бажарсак, ғалабага эришамиз.

- Жамоада мураббий ўзгаргач, 3 та ўйинда 7 очко олди. Айтингчи, қандай ўзгаришларни сезяпсиз ва бу нима билан боғлиқ?

- Кетган мураббийларга раҳмат айтаман. Улар кўп ишлар қилиб кетишди. Янги мураббийларга келадиган бўлсак, улар бизга тўғри йўналиш бериб, ўзимизни эркин ҳис қилишимизга қўйиб беришяпти.

-  Биласиз, клуб олдига мавсум бошида жиддий вазифалар қўйилган. Жамоа ўз ўйини топиб, натижаларни яхшиб боряпти. Шундай экан, мавжуд имкониятлар борасида нима дея оласиз?

- Ҳали ҳеч нарса йўқотилгани йўқ. Қўлдан келганча ҳаракат қиламиз, натижа эса Яратгандан!

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!