Дастин Порье Ислам Махачевни мағлуб этишга қодирми? (Таҳлил)
Хабарингиз бор, 2 июнь куни “UFC 302” турнири бўлиб ўтади. Марказий жангда енгил вазн чемпионлиги учун Дастин Порье амалдаги чемпион Ислом Махачевга қарши октагонга кўтарилади. Албатта, ушбу жанг борасида турли хил фикрлар янграмоқда. Яъни, кўпчилик Махачевнинг имкониятини юқори баҳолаётган бўлса, Дастин Порьенинг ғалаба қозонишига ишонаётганлар ҳам йўқ эмас.
Биз ҳам ушбу қарама-қаршилик борасида, бироз таҳлилий фикр юритамиз...
- Демак, Дастин Порье ушбу жангдан сўнг, катта эҳтимол билан фаолиятини якунлашини маълум қилди ва унда қандайдир мотивациялар ҳам йўқ эмас. Ҳа, у “стойка”да беназир жангчилардан бири ҳисобланади. Бироқ, барибир Порье ҳозирда энг юқори жисмоний ҳолатга эга деб айта олмаймиз. Сўнги жангларида унинг имкониятларига гувоҳ бўлдик. Жастин Гэтжидан чуқур нокаутга учраши ва Сен-Денига деярли имконият бой берилаётган жангида омадли зарба эвазига ғалаба! Қолаверса, ёш ҳам ўз сўзини айтмоқда. Унинг биргина кучли жиҳати ва ғалабани ўз томонига оғдириши мумкин бўлган “қурол”и бу унинг кучли қўл зарбаси дейишимиз мумкин. Тўғри оёқ зарбалари ҳам йўқ эмас, аммо бу жабҳаларга Исламда етари даражада ҳимоя мавжуд. Умуман олганда қолган барча жабҳада у Махачевга муаммо туғдира олмайди.
Ислом Махачевнинг мукаммал курашига Дастинни дош бериши амримаҳол. Эҳтимол, 1-раундда “тэйк-даун”ларда ҳимояланишга уриниб кўрар. Бироқ, барибир Махачев уни “партер”га торта олади ва назорати ва кучли грепплинги эвазига у Порьени холдан тойдиради. Эҳтимол, Порье “гильотина”га ҳам уруниб кўрар, лекин бу Махачевнинг бақувват бўйни ва жағи учун муаммо туғдирмаса керак. Хуллас, жанг тўлиқ давом этмайди. Катта эҳтимол билан 2 раундда Махачев бўғиш ёки техник нокаут эвазига ғалаба қозонишини тахмин қилмоқдаман. Имкониятлар 70/30! Албатта, бу шахсий фикр. Аслида нима бўлишини 2-июнь куни билиб оламиз!
Аҳмадбек ЭШМАТОВ тайёрлади.
Фикрлар