"Дастлабки икки ой қийналдим, бу ерда Ўзбекистон чемпионатига эътибор катта". Европадаги легионеримиз ҳақида

Дунёнинг турли бурчакларида ўзбекистонлик легионерлар фаолият олиб боришяпти. Уларни имкон қадар ёритиб бориш бизнинг вазифаларимиздан биридир.

Грузия чемпионатида тўп сураётган ҳамюртимиз Маликшоҳ Расулов ҳам бор. Ёдингизда бўлса, бу ҳужумчи ўтган йили “Андижон”да тўп сурган. Бу йил эса фаолиятини Грузияда давом эттириб келмоқда. Куни кеча Расулов Sports.uz сайтига у ердаги фаолияти ва ҳаёти қандай кечаётгани ҳақида гапирди.

“Жамоамда рус ва инглиз тилини айтарли ҳеч ким билмайди”

- Ҳа, мен бу ерга йилнинг бошида келдим. Дастлабки икки ой қийинроқ ўтди. Нимагаки, тили бошқача. Янги жамоа ва мослашув жараёнларини енгиб ўтиш керак. Бу ернинг ҳавоси ҳам бошқачароқ. Айтганимдек, икки ойда мослашишга ҳаракат қилдим, янги жамоага киришиб кетиш ва бу ернинг футболига кўникиш учун вақт кетди. Чунки бу ердаги ўйин услуби бошқача. Бизнинг Ўзбекистонда эса футбол услуби бироз бошқачароқ. Мени жамоамда рус ва инглиз тилини айтарли ҳеч ким билмайди. Шунинг учун бироз қийналгандим, ҳозир эса анча яхши. Жамоадагилар билан бир-биримизни тушуняпмиз, майдонда ҳам. Асосийси, шу.

“Ҳозирча 3 та гол урдим”

- Айни чоғда жамоам билан турнир жадвалида 6-ўринда боряпмиз. 3 та гол урдим ва 1 та ассист қилдим. Мақсадимиз албатта юқори ўринлардан бирини қўлга киритиш. Чемпионатни муваффақиятли якунлаш ниятидамиз.

расулов1

“Бу ерда индивидуал маҳоратга кўпроқ таянилади”

- Ўзбекистонда аксар клублар техникага таянган футбол ўйнашади. Грузияда айтганимдек, бироз бошқача. Бир-иккита клублар кескинроқ футбол ўйнашади. Қолганлари, аксарияти пас орқали ҳамда индивидуал жиҳатга суянган футбол ўйнайдилар. Шуниси билан фарқ қилади.

“Ҳозир Ўзбекистон фуболи анча кучли”

- Грузия чемпионатини Ўзбекистонникидан кучли дея олмайман. Негаки, ҳозирги пайтда Ўзбекистон футболи анча кучли. Кўплаб яхши легионерлар бор. Охирги пайтларда бизда футбол ривожланяпти. Чемпионатимизда кучсиз жамоанинг ўзи йўқ. Ҳаммаси ўзига яраша кучли. Грузияда кўпроқ индивидуал маҳоратга таянилади. Шунингдек, техникавий футбол ҳам ўйналади.

расулов3

“Жамоамга янада кўпроқ фойда келтиргим келяпти”

- Легионер сифатида кўпроқ жавобгарлик ҳисси кучли бўлади. Мухлислар ва жамоадагилар сиздан ҳаммадан кўра кўпроқ кутадилар, натижани. Мендаги камчилик сифатида фақат голни камроқ уряпман. Жамоамга янада кўпроқ фойда келтиргим келяпти ва бу йўлда ҳаракат қиляпман.

“Грузиядан қизиқишлар бор”

- Клубим билан шартномам шу йилнинг охиригача. Грузиянинг чемпионати менга ёқди. Ҳозирги пайтда менга Грузиянинг бошқа клубларидан қизиқишлар бор. Айни пайтда эътиборимни клубимга қаратиб, чемпионатни яхши тугатиш ва кўпроқ голлар уришга эътибор қиляпман. Шундан сўнг кейинги режа ҳақида ўйлайман.

расулом2

“Ўзбекистон чемпионатига эътибор катта”

- Грузияда Ўзбекистон чемпионатини кўпчилик яхши танийди. Чунки бизнинг чемпионатда грузиялик футболчилар кўп. Шу сабабдан Ўзбекистон чемпионатига бу ерда эътибор катта. Кўришади ва кузатишади. Ўзбекистон Суперлигаси ва про лигаси клубларида грузиялик футболчилар тўп суришяпти. Грузияликлар эса ўз чемпионатига кўпроқ бразилиялик, франциялик легионерларни олиб келадилар. Грузия футбол давлати ва бу спорт турини яхши кўришади.  

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!