Давиде Анчелотти шунчаки Карло Анчелоттининг ўғли эмас, балки...
Бизга йил ўйинини тақдим этган Чемпионлар лигаси чорак финалида "Реал" пенальтилар сериясида ғалаба қозониб, ярим финалга йўл олди. Жавоб учрашувидаги энг кам тилга олинаётган инсон бу Давиде Анчелотти.
Карло Анчелотти Хосеп Гвардиолага қарши ҳеч қандай тактика ишлатмасдан шунчаки футболчиларни майдонга тушириб юборади, деган мемлар интернетни эгаллаб олган. Аслида ҳам шундай. Италиялик мураббий бу борада ҳеч нима қилмайди, унинг ўрнига ўғли мазкур вазифани ўз зиммасига олган. Айнан пенальтилар сериясида кимлар 11 метрлик жарима зарбаларини амалга оширишини ҳам Давиде танлаб берган. Қайсидир маънода "Сити"га қарши баҳснинг энг яхши мураббийи кичик Анчелоттидир.
Давиде Анчелотти шунчаки Карло Анчелоттининг ўғли эмас, балки унинг "Реал Мадрид"даги ёрдамчи мураббийи ва келажакда ўзи ҳам бош мураббий бўлишни орзу қилаётган ёш тактикачи. Аммо 34 ёшли мутахассис ҳозирча отаси билан бирга ишлаётганидан хурсанд, дейилади "The Athletic" нашрида.
Давиде 1990 йилда туғилган, ўшанда Карло "Милан"да ўйнаётганди. Дастлаб, футболчи бўлиш учун клуб академиясида таҳсил олишни бошлайди. Бироқ, у асосий жамоага ўта олмади ва бошқа йўлдан кетишга қарор қилди.
У Милан университетида спорт фанидан таҳсил олиб, мураббийликка қизиқиб қолади. Отасига 2012-йилда ПСЖда фитнес мураббийи сифатида қўшилган, кейин эса 2013-йилда у билан бирга “Реал Мадрид”га фитнес бўйича мураббийнинг ёрдамчиси сифатида кўчиб ўтган. 2016-йилда Давиде “Бавария”да отасига ёрдамчи бўлди ва у ерда ўзининг тактик билимини ошириб олди. Шунингдек, ота-оғил "Наполи" ва "Эвертон"да ишлашни давом эттиришди ва 2021 йилда "Реал"га қайтишди.
Давиде отасининг ўз фалсафасини амалга оширишда муҳим рол ўйнайди. У ўзини мураббий ва дўст сифатида кўрадиган ўйинчилар, айниқса, ёшлар билан яхши муносабатда бўлиб келмоқда.
Сўнгги пайтларда кичик Анчелоттининг "Базел"да иш бошлаши борасидаги миш-мишлар чиқди, лекин "The Athletic" бундай хабарларни рад қилиб, мутахассисни отаси билан қолишга қарор қилганини маълум қилди.
Фикрлар