Даврон Файзиев: "Агарда сифатли майдонлар ташкил этилганда, бошқа жамоалар ҳам турнирда иштирок этган бўларди"

"Қўқон-1912" жамоаси бош мураббийи Даврон Файзиев тайёргарликлар ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

- "Қўқон-1912" турнирни кутилмаган мағлубият билан бошлади, кейинчалик ўзини тиклаб олди, бу ҳақда нима дея оласиз?

- Рақибни ҳурмат қилган холда айтишим мумкинки, "Андижон-SGS"га қарши дастлабки баҳсда шогирдларим рақибни бироз менсимаган ҳолда ўйин намойиш этишди. Бунинг эвазига жазоландик. Бу масалани жамоавий билан яхшилаб муҳокама қилдик.

Кейинги ўйинларда эса улар кўрсатмаларни тўғри бажаришди. Олдимизга қўйган дастлабки мақсадимизга эришдик — гуруҳ босқичидан чиқдик. Келгуси босқичдаги рақибимизни бугунги ўйиндан кейин билиб оламиз. Вазифамиз финалга қадар етиб бориш ҳисобланади.

қўқонн_1

- Жамоанинг умумий тайёргарлиги ҳақида нима дея оласиз? "Қўқон-1912" Про-лигага тушиб кетгач, асосий етакчилари жамоани тарк этди. Янги мавсумда қандай жамоа шаклланмоқда?

- Ҳозирги ҳолатимизни билиб турибмиз. Жамоанинг салкам 90 фоиз футболчи тарк этди. Янги футболчиларни кўрикдан ўтказяпмиз. Ҳозирда сафимизда келган футболчилар яхши ҳаракат қилишмоқда.

Албатта, уларнинг барчаси билан шартнома имзолай олмаймиз. Бу борада турнир сўнгида бир қарорга келамиз. Шу боис, жамоага келган янги футболчиларга клуб олдига қўйган вазифаларни тушунтиряпмиз.

Ҳозирча 10-11 нафар футболчини кўз остимизга олиб қўйганмиз. Қолаверса, маҳаллий ёшларга эътибор қаратишни мақсад қилганмиз. Уларни ҳам жамоага жалб қилганмиз. Ўйлайманки, бу ёшларнинг келажаги порлоқ, фақатгина уларга эътибор қаратиш ва ишонч билдириш керак.

Шу билан бирга, Суперлигада иштирок этган бир қатор футболчилар билан музокаралар ўтказяпмиз. Натижа қандай бўлишини вақт кўрсатади. Агар ҳаммаси ижобий якунланса, уларни турнирдан кейин Тошкентдаги йиғинда кўрамиз.

қўқон

- Селекция ишлари турнир бошлангунга қадар давом этадими?

- Олдимизда кам вақт қолган. Иложи борича, селекция жараёнида хато қилмасликка ҳаракат қиламиз. Клуб ишончини оқлайдиган футболчиларни қабул қилишга тайёрмиз. 15 февраль куни трансфер ойнаси ёпилади. Буни тушуниб турибмиз. Ушбу муддат сўнгигача барча трансферларимизни амалга оширишга ҳаракат қиламиз.

Турнир яхши ўтяпти. Бироқ майдон ҳолати чиройли футбол кўрсатишга халақит бермоқда. Менинг назаримда, турнир савияси аввалги йилларга нисбатан бироз пасайгандек туюлмоқда.

Келгуси йиллардаги турнирларда ҳар бир жамоа асосий таркиби билан иштирок этса, мақсадга мувофиқ бўларди. Ушбу мусобақа ҳам қайсидир мураббийлар учун фойдали саналади. Агарда сифатли майдонлар ташкил этилганда, бошқа жамоалар ҳам турнирда иштирок этган бўларди.

 

Манба: "Қўқон-1912" ПФК матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!