Даврон Файзиев: Арвеладзе “Пахтакор”ни шу даражага олиб чиқиши учун камроқ вақт сарфлаши керак эди
Ads

“SPORTS.uz ҳафтаси” кўрсатувида таниқли шарҳловчи Даврон Файзиев Ўзбекистон Кубоги ярим финаллари борасида ўз фикрларини билдириб ўтди.

Жумладан жамоалар йўл қўйган хатолар бошқалар борасида сўз юритди.

- “Қўқон-1912” – “Пахтакор” ўйини борасида фикрларингиз?

- Ушбу учрашув шахсан ўзимда қизиқиш уйғотди. Чунки Суперлигада жамоаларнинг ўзаро тўқнашуви дуранг билан якунланганди. “Қўқон-1912” бу мавсум “Пахтакор”га ноқулай рақиблиги маълум бўлганди. Бундан ташқари кубок ярим финали эканлиги ҳам интригани оширди. Шу сабабли Қўқонга ўйинни томоша қилиш учун бордим ва афсусланмадим. Қизиқ тўқнашув бўлди. Лекин бу сафар чемпионатдаги беллашувдан иккала жамоада икки хил ўзгариш кузатилди.

“Пахтакор” ўйинида ўсиш бор, “Қўқон-1912”да пасайиш. Энди буни ҳар хил изоҳлаш мумкин. Масалан, мезбонларданинг ҳужумида етишмовчиликлар кўринди. Фирдавс Асадов олдинги чизиқда тўп тепди. Тўғри, у аввал ҳам ҳужумда ўйнагандир, бироқ классик ҳужумчи эмаслиги сезилди. Ҳимояда ҳам жуда кўп хатога йўл қўйишди. Аммо жамоа иштиёқ билан ҳаракат қилди, охиригача курашди.

sho_2

“Пахтакор” эса таркибдан келиб чиқиб, ниҳоят ўзига хос ўйин кўрсатишни бошлади. “Шерлар”нинг захирадан майдонга тушган футболчилари ҳаттоки, қўқонликларнинг асосий таркибдаги ўйинчиларининг савияси билан бир хил бўлса борки, кам эмас.

- “Пахтакор” ўйинида ўсиш кузатилаётгани нима билан боғлиқ?

- Балки мураббийлар ва футболчиларнинг фикрлари бир жойдан чиқишни бошлагандир. Олдин хорижлик мутахассиснинг ғоясини ўйинчиларлар англаб етмагандир. Ҳозир ўйинни йўлга қўйилаётгани сезилди. Қолаверса, бу таркиб билан ўзгариш кузатилиши керак эди. Шота Арвеладзе ҳам ўзига яраша тажрибага эга инсон. Грузиялик мураббий “Пахтакор”ни шу даражага чиқариши учун камроқ вақт сарфлаши лозим эди. Таркиб, имконият, молиявий устунлик шуни тақазо этарди. Аммо барибир бунинг уддасидан чиқди. Яқинда трансфер қилинган футболчиларнинг ҳаммаси терма жамоа даражасидадир.

paxtakor win sports1_1

- “Шерлар”нинг айни пайтда бошқалардан устунлиги жамоанинг захираси кўплиги билан боғлиқми ёки янги форматдаги узоқ давом этадиган мавсумга клубларимиз тайёр эмасми?

- Клубни бойлиги билан боғлиқ (кулади). Моддий барқарорлик нафақат бизда, балки жаҳон футболида ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Масалан, “Манчестер Сити”нинг аввалги ва ҳозирги ҳолатини таққосланг. Ўртамиёнадан суперклубга ўтиш жараёнида қийналди. Ҳозир “Манчестер Сити” билан ҳамма ҳисоблашади. Айни пайтда “шаҳарликлар” Англияда рекордларни тинмай уришмоқда.

“Пахтакор” моддий жиҳатдан Ўзбекистоннинг энг кучли клуби. Табиийки клубда барчаси энг яхшилардан бўлади. Бундай жамоа яхши ўйнаши шарт.

“Қўқон-1912” клуби нега мавсумни бир маромда ўтказа олмаяпти деб ўйлайсиз?

- Биринчи навбатда айтиш керакки, клуб раҳбариятида футболни жуда яхши кўрадиган инсонлар жамланган. Стадионни таъмирлашди. Улар мухлисларга футбол кайфиятини улашишга интилишмоқда. Қўқонда атмосфера ажойиб. Мураббий ва футболчиларнинг ҳам даражаси жойида. Энди бирданига топ жамоалар билан рақобат қилиш қийин. Натижаларга тўхталадиган бўлсак, базан таркибни мукаммал эмаслиги панд берди. Айрим ҳолларда мураббийлар тактик хатога йўл қўйишгандир.

“Қўқон-1912” – “Пахтакор” ўйинига эътибор қаратсак. Мезбонларда интилиш, шиддит бор. Лекин фикримча, тактика тўғри танланмаган. Пойтахтликларга қарши майдон эгалари очиқ футбол ўйнашди. Бу мумкин эмас. Учрашувдан сўнг матбуот анжуманида Нўъмон Ҳасанов унинг фел атвори шундайлиги, ҳужумкорликни яхши кўришини, мухлислар айнан шунинг учун стадионга келишини айтиб ўтди.

Тўғри, ҳаммамиз ҳужумкор ўйинни яхши кўрамиз. Лекин жамоа кубок ярим финалига чиқди, рақиб “Пахтакор”. Ўз ўзидан бу ерда натижа муҳим аҳамият касб этади. Финалга чиқса, тарихий натижа қайд этади. Умумий олиб қараганда, “Қўқон-1912” ҳужумкор ўйнагани яхши, бироқ юқоридаги омиллар сабаб тактика ҳимоявий бўлганида ундан ҳам чиройлироқ кўриниш касб этарди. “Шерлар” Қўқонда қандай голлар уришди? 2-3 киши ҳужумга ўтиб, ҳар хил услубда дарвозани ишғол қилишди. Биринчи гол бунинг яққол исботи. Ҳимоя йўқ, умуман.

Шуни ҳам қайд этиб ўтиш керакки, “Қўқон-1912” ютқазса ҳам беллашувдан сўнг мухлислар уларни қарсаклар билан кузатиб қўйишди.

- Иккинчи ярим финал ҳақида фикрларингиз?

- “Қўқон-1912” – “Пахтакор” баҳсида икки хил даражадаги жамоалар тўқнаш келди. “Бунёдкор” – АГМК учрашувида жамоаларнинг савиясида фарқ йўқ. Гарчи “қалдирғочлар” номдор, кўпроқ ютуқларга эришсада, тафовут сезилмади. Олмалиқликлар Миржалол Қосимов шогирдлари билан тенгма-тенг ўйнашди. “Бунёдкор” ва АГМК таркибида маҳоратли футболчилар етарли. Шу боис натижа - сенсация эмас. Тенгма-тенг жамоалар майдонда курашганида майда хатолар барчасини ҳал қилади. Биринчи голда дарвозабон нима қилди, очиғи тушунмадим. Бундай голлар ўтказиш “Бунёдкор” дарвозабонига тўғри келмайди. Бошқа вазиятларда яхши ҳаракат қилди. Лекин ўша ҳолатда билмадим, балки консентрацияни йўқотгандир. Айбни фақат посбонга тўнкамоқчи эмасман. Ҳимоячилар ҳам Музаффар Музафаровни зарба беришга қўйиб беришди.

АГМК иккинчи бор дарвозани ишғол қилганидан сўнг тўхтагандек бўлди. Шунда битта гол билан жазоланди.

agmk line up1

Ярим финалнинг битта учрашувида фаворит ғалаба қозонди. Иккинчи баҳсда АГМК кўпчиликни ҳайрон қолдирди.

- “Бунёдкор” – АГМК беллашувидан олдин мезбонлар фаворит ҳисобланаётганди. Мана шу жиҳат туфайли "қалдирғочлар" барибир ғалаба қозонамиз деб рақибни менсимай ўйнади деган фикрга қўшиласизми?

- “Бунёдкор” ҳозирги кунда кимнидир менсимайдиган жамоа эмас. Аввалгидек моддий жиҳатдан имконияти йўқ. Миржалол Қосимов ҳам бундай хатога йўл қўядиган мутахассис эмас. Мураббийнинг ўйинчи алмаштиришдаги топқирлиги ас қотди. Чунки Бахтиёр Ашурматов ўзгариш қилганидан сўнг гол урилди.

- Одатда финалда имкониятлар бир хил баҳоланади. Бу мулоҳаза бизнинг футболда, мана шу икки жамоа тўқнашувида ҳам билдирилиши мумкинми?

- Ҳал қилувчи баҳсда “Пахтакор” фаворит. “Шерлар” энг чўққига чиққан пайтда финалда иштирок этишади. "Пахтакор" юз фоиз ютади демоқчи эмасман. Лекин фаворит ва аутсайдерни ажратиш мумкин бўлган ўйин.

- Финалда “Пахтакор”га қаршилик кўрсатиш учун АГМКга нима ёрдам бериши мумкин?

- “Қўқон-1912”га етишмаган ҳимоявий ўйин АГМКга ас қотиши мумкин. Автобус услубидаги ҳимоя эмас. Тартибли ўйин, очиқ ҳудудларни ёпиб, тезкор футболчиларни қўриқлайдиган шунга ўхшаш тактика. Агар акси бўлса, икки жамоадаги даража рол ўйнаб қолади.

 

Бекзод ИСАЕВ