Даврон Файзиев истеъфога чиқарилганидан сўнг нималар деди?

Иккинчи даврада энг омадсиз бўлиб турган «Динамо» клубида барибир бош мураббий ўзгарди. Барибир дейишимизнинг сабаби шундаки, бунгача ҳам Даврон Файзиев истеъфога чиқиш ҳақда ариза ёзгани, аммо Самарқанд вилояти ҳокими унга ишонишини маълум қилганди ва у ишлашда давом этаётганди. Шунга қарамасдан, клубдаги вазият ҳали ҳамон ўзгармади. Яна мағлубиятли ўйинлар юз бераверди. Айниқса, 20-турда ўз майдонида «Андижон» жамоасига имкониятни бой берганидан кейин Файзиев барибир кетмаса бўлмаслигини билди ва бу сафар қатъий равишда истеъфога чиқишга қарор қилди.

Маълумки, биринчи даврада «Динамо» ҳамманинг эътиборини ўзига қарата олган ҳолда мағлубиятсиз сериясини давом эттира олганди. Ваҳоланки, кўпчилик бошида бу клубга аутсайдер сифатида қарашганди. Аммо Даврон Файзиев ва унинг жамоаси бошқаларни ўзларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишга мажбур қила олганди. Лекин иккинчи даврага келиб ҳаммаси бутунлай ўзгариб кетди. Иккинчи давра бошланибдки, самарқандликлар фақат ютқазиб келишмоқда. Бунинг натижасида «Динамо» турнир жадвалида пастга тушиб кетди ва энди Суперлигада ўз ўрнини сақлаб қолиш учун курашмаса бўлмайди. Хуллас, жамоадаги вазият охири Файзиевнинг истеъфосига олиб келди. Хўш, энди шу билан клуб ўзини ўнглай олармикин? Дарвоқе, Даврон Ориповичнинг ўрнига Тачмурод Агамуродов тайинланди. Биз эса истеъфога чиқарилган мутахассис билан алоқага чиқдик. Биринчи навбатда унинг ўзи мазкур истеъфоси ҳақида гап бошлади.

- Натижага жавобгар доим мураббий саналади. Бўлди шу сабаб. Бундан бошқа сабаб йўқ. Ҳаққоний бўлмаган ишлар ҳам бўлди, лекин ортиқча гапириб ўтиришни истамайман, истеъфога чиқдим, тамом! Агар ўзимга ишонмаганимда йилнинг бошида жамоамиз яхши ўйин кўрсатиб, шунча очко йиғмаган бўларди, - дейди Даврон Файзиев.

- Дарҳақиқат, «Динамо» клуби биринчи давранинг кашфиёт жамоасига айланганди. Ўшанда 18 очко билан 7-ўринни эгаллаб турганди. Лекин…

- Ҳаттоки, биринчи даврани учинчи ўринда тугатиш имкониятимиз ҳам бор эди. Ўшанда ўз майдонимизда «Бунёдкор»ни ютганимизда айнан кучли учликдан жой олган бўлардик.

файзиев

- Айтмоқчи бўлганим, нима учун иккинчи даврага келиб «Динамо» 180 градусга ўзгариб қолди. Ваҳоланки, ҳеч ким жамоангиздан бундай муваффақиятсизликни кутмаганди.

- Ўйлашимча, иккинчи давранинг бошида бирин-кетин «Бунёдкор» ва «Локомотив» билан сафарда ўтказган ўйинларимиз руҳиятимизга таъсир қилди. Бундан ташқари, иккинчи даврага келиб барибир тажриба ҳам ўз сўзини айтишни бошлади. Афсуски, футболчиларимизга маҳорат етишмади. Йигитларда ўз кучига бўлган ишонч йўқолиб қолганди. Бизнинг эса ўша ишончни қайтаришимиз қийин бўлди. Бунга фақат ўйиндаги мағлубиятлар эмас, бошқа сабаблари ҳам бор. Барибир калтак охири жамоани бошқараётган мураббийнинг бошига келиб синади. Лекин буни ҳам тўғри қабул қилиш керак. Чунки футболда ҳеч қачон майда-чуйда нарсалар ҳам кечирилмайди.

- «Динамо»ни 1,5 йил давомида бошқардингиз. Айтиш керакки, ўтган вақт мобайнида натижа кўрсатишга киришаётгандингиз. Айтинг-чи, ишлаш жараёнида қаерда хатога йўл қўйдим деб ўйлайсиз?

- Ишлаш жараёнида ўйлайманки, хатога йўл қўйганим йўқ. Аслини олганда, ҳар бир ишда хато ва камчиликлар бўлади. Битта дарахтни эксангиз ҳам унинг мева бергунича парваришлашингиз керак. Шунчаки, дарахтни экиб қўйганингиз билан ҳеч нима қилмасангиз ҳосил бериши жуда қийин. Ҳозир бизда ҳамма тили билан футбол ўйнайди десам ҳам бўлади, жуда осон. Аслида гол уриш учун қанча меҳнат қилиш керак? Дарахтдаги мева ҳосил бериши учун сув бериб туришингиз керак, тўғрими? Гол уриш учун ҳам гўёки сув керак. Ҳозир бирор нима десам гапларимни баҳона ўрнида қабул қилишлари ва ўзини оқлаяпти деб ўйлашлари мумкин. Тўғри, мавсум бошида биз жумбоқ жамоа бўламиз деб айтгандим. Мавсум бошланишига 10 кун қолганида Суперлигада қатнашишимиз аниқ бўлганди. Аслида бошидаги вазифамиз қандай эканлигини ҳамма билади. Биз Суперлигага чиқиш учун таркибни йиққандик. Чунки про-лигада ўйнаётган жамоага Суперлигадан футболчи таклиф қилиш ҳам осон эмасди ва бу борада молиявий томондан ҳам мақтана олмасдик. Бошида футболчилар билан шартномалар тузгандик ва кейин Суперлигага чиққанимиздан сўнг ҳам ўша шароитда қолгандик. Кучайиш учун вақт камлик қилди. Селекция ишлари билан шуғуллана олмадик. Ўша пайтга бориб ўйинчилар ўз клубларига эга бўлишганди ва ҳаммада тайёр жамоа ҳосил бўлиб улгурганди. Лекин мен ўшанда ҳеч нимадан қўрқмагандим. Тўғри, бизни Суперлигага қўшишганидан хурсанд бўлгандим ва ўзига яраша ўша пайтда ҳаяжон ҳам бор эди. Чунки жамоамиз ўзини қандай кўрсата оларкин деб ўйлардим. Тан олиш керак, биринчи даврада футболчиларимиз ўзларини жуда яхши кўрсата олишди. Иккинчи даврага келиб эса боя айтганимдек барибир тажриба билиниб қолди. Бу нарса қачондир ўз сўзини айтади. Ҳар қандай жамоа ҳам йил давомида барибир бир марта бўлса-да, пастликка тушади. Лекин ўша пастликдан чиқиб олиш қийин бўлади. Афсуски, иккинчи даврани ўзимиз истаганчалик бошлай олмадик ва сиз айтганингиздек, қаторасига мағлубиятга учрадик. Майли, мен бирга ишлаган ва жамоамизда ўйнаган футболчиларимдан миннатдорман. Қолаверса, уларга ишонаман. Йигитлар футбол ўйнашни билишади. Чиройли ўйнай олишади. Тўғри, ютқазган ўйинларимизда мухлисларимизни озроқ ранжитиб қўйдик, аслида озроқ эмас анчагина. Ишқибозлар эса доим жамоаси қандай ҳолатда бўлишидан қатъий назар фақат ғалабани кутади. Мен мухлисларни ҳам тўғри тушунаман. Барибир кимдир, қачондир мағлубиятлар учун жавоб бериши керак-да. Шунинг учун истеъфога чиқиш борасида ҳаққоний қарор қабул қилдим деб ўйлайман.

файзиев4

- Мавсумнинг иккинчи қисмига келиб «Динамо»нинг натижаларига ҳамма ҳайрон қола бошлади. Ўша пайтда муваффақиятсиз ўйинлар туфайли турли гап-сўзлар ҳам пайдо бўлди. Масалан, футболчилар атайлаб ўйнашмаяптимикин, деган маънодаги савол ҳам туғилди…

- Йўқ, мен бу фикрга қўшилмайман. Футболчилар атайлаб ўйнашмади, деган гаплар асоссиз. Шунчаки, боя айтганимдек, пастликка тушиб қолдик ва бу қора чизиқ эди. Биринчи даврада ишқибозларимизни чиройли ўйинлар ва ғалабаларга ўргатиб қўйганимиздан кейин иккинчи даврада улар талаб қилган ғалабаларни кўрсата олмадик. Мағлубиятдан сўнг футболчиларда қўрқув, ҳаяжон ва айниқса босим пайдо бўлди. Афсуски, йигитлар ўша босимни енгиб ўта олишмади. Йигитларга доим айтдим: ўша қўрқувни тезроқ енгиб ўтинглар, биринчи даврадаги каби ўйнанглар деб уқтиргандим. Майдонга чиққанда мухлислар қўллаб-қувватлашади, агар бирор нима ўхшамай қолса, дарҳол ўйинчиларда босим пайдо бўлади. Оқибатда ўша юзага келадиган қўрқув хатога олиб келади. Биласизми, иккинчи даврада фақат ўзимизнинг хатоларимиздан жабр кўрдик, бу дегани эса фақат мағлубият. Ҳамма жойда ҳам мухлис фақат ғалабани талаб қилади. Лекин яхши ва ёмон кунда ҳам ишқибозлар жамоа билан бирга бўлиши керак. Шуни ишонч билан айта оламанки, Суперлиганинг бошқа клублари бюджет томонлама биздан икки-уч баробар, керак бўлса тўрт баробарга ҳам кучли. Лекин яна гапирадиган бўлсам, ўзини оқлаяпти деб баҳона ўрнида қабул қилишлари мумкин. Барибир бюджет ҳам ўз сўзини айтади, таъсир қилади. Лекин мана шундай қийин паллаларда ҳам жамоа аҳил бўлиб қолиши керак. Мен кимлар билан ишлаган бўлсам, ҳаммадан миннатдорман. 1,5 йил давомида меҳр қозона олганим албатта хурсанд қилади. Кетар чоғимда ҳисобчилар, фаррош-у, ошпазларнинг кўзидан ёш чиққани, йиғлаб хайрлашганида сиз ўзингизда ғолибликни ҳис қиласиз. Шу ерда шунча вақт давомида бекорга ишламаган эканман деб ўйлайсиз. Кетаётганимда ушбу ҳолатни кўриб бироз таскин топдим. Клуб қароргоҳини тарк этаётганимда ишчиларнинг мени эшик олдигача кузатиб қўйишгани менга чиндан ҳам юпанч вазифасини ўтади. Лекин ҳамма жойда ҳам паст ва баландликлар бўлиб туради. Нимаики бўлмасин ҳаммаси яхшиликка деб ният қиламиз. Демак, мен бундан-да кучлироқ бўлишга ҳаракат қиламан.

- Клубда бевосита фаолият олиб борган жараёнингизда ишингизга четдан ҳам аралашувлар бўлдими?

- Бир нарса деб айта олмайман. Келинг, шу саволингизга жавоб бермай. Ҳозир бир нима десам, «интирга», гап-сўз кучайиб кетади. Кетгач, ундай ёки бундай гапиряпти деб ўйлашлари мумкин.

файзиев2

- Чемпионатимиз ҳам тобора охирлаб қолмоқда. Ҳозирги пайтда «Динамо» аутсайдер бўлиб турибди. «Динамо»нинг имконияти қандай? Қолаверса, самарқандликларнинг тақвими ҳам бошқаларникига қараганда мураккаброқ кўриняпти.

- Тақвимга қарасангиз, қачон осон бўлган? Ёки йилнинг бошида осонмиди? Тақвим бир хил, ўша йилнинг бошида тузиб чиқилган. Нега энди ҳозир енгил ёки қийин дейишимиз керак? Ваҳоланки, йилнинг бошида ҳам тақвимимиз биз учун осон эмас эди-ку! Ҳамма «Динамо»ни кучсиз ва бўш жамоа деб ҳисоблашганди. Тўғри, чиндан ҳам биз бўш эдик, ҳар томонлама. Аммо биз ўз кучимизни ва ўйинимизни намойиш эта олдик-ку! Жамоа билан хайрлашаётганимда ҳам футболчиларга таъкидлаб ўтдим, Суперлигада ўйнашга қодирсизлар, ҳеч кимдан кам жойинглар йўқ дедим. Балки бюджет ёки ташкилий томонлама бошқалардан кўра кучсиз бўлишимиз мумкин. Аммо майдонда футболни югуриб ўйнашади. Йигитларга аҳил оилага айланган жамоани сақлаб қолишни, бундай кунлар ўтиб кетишини ва агар ғалабалар қозонишни бошлашса, бу менинг юзим бўлишини ҳам уларга айтдим. Мана шундай тузган аҳил жамоамиз бузилмаслигини улардан илтимос қилдим. Йил бошидан бери улар билан қаттиқ нонни ҳам, юмшоқ нонни ҳам баҳам кўриб едик. Агар «Динамо» битта ғалаба қозона олса, кейин бошқаларнинг фикри ўзгариши мумкин. Мен албатта йигитларга ишонаман. Улар ўз ўйинини топиб, «Динамо» Суперлигада қолади деган умиддаман.

- Ўзингизнинг кейинги режаларингиз қандай?

- Про лицензиясининг ўқиш жараёнидаги яна иккита босқичи турибди. Ушбу ўқишларни муносиб якунлашимиз керак ва яхшилаб куч тўплаб олишим даркор. Ҳаммаси Худодан. Албатта, қилинган ишларимни таҳлил қиламан, қаерда хато ва тўғри қилганимни кўриб чиқаман. Тўғриси, бундан-да кучлироқ бўлиб қайтишни истайман. Хуллас, эндиги режам бўйича про учун ўқишга эътибор қаратаман. Қолганига эса вақт олий ҳакам. Гарчи «Динамо»дан кетган бўлсам-да, самарқандлик мухлислар билан дўстман, ҳаммасини ҳурмат қиламан. Танқид эса келажак меваси. Шунинг учун ҳар доим билдириладиган танқидларни тўғри қабул қиламан. Самарқанд мен учун бегона эмас. Эсингизда бўлса, «Динамо»ни қабул қилиб олган пайтимда Самарқанд мени танитган деб айтгандим. Шу боис доим ўртамизда илиқ муносабат сақланиб қолинади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!