Даврон Файзиев: Мавсум бошида "Эвертон"ни АПЛда қолиш учун курашади, деганда ишониш қийин бўларди
"Эвертон" АПЛ 33-туридан қолдирилган ўйинда "Кристал Пэлас" билан куч синашди. Унда майдон эгалари 3:2 ҳисобида рақибдан устун келди.
Биринчи таймда икки тўп фарқи билан ҳисобда ортда борган мерсисайдликлар иккинчи бўлимда 3 та гол уришни уддалади. Шу тариқа, Лэмпард шогирдлари лигада жон сақлаб қолди.
Таниқли шарҳловчи Даврон Файзиев телеграмдаги саҳифасида ўйиндан кейинги фикрларини баён этди.
- Мавсум бошида "Эвертон"ни АПЛда қолиш учун курашади деганда ишониш қийин бўларди. Яхши бюджет, нормал таркиб. Жараёнда эса ҳаммаси мураккаблашиб кетди. Ғоялари 2014 йилдан кейин янгиланмай қолган Бенитес билан клуб ҳам ўсишдан тўхтади. Лэмпард ҳам қийналди. Натижада, 37-турга келиб ливерпулликлар Чемпионшип остонасига бориб қолишди.
"Кристал Пэлас" билан ўйин сценарийси айнан шу мавсумни ўзида акс эттирди. Биринчи бўлим 0:2 ҳисобида бой берилди. Кейин эса қутқарув операцияси бошланди. Якунда 3:2, "Эвертон" чемпионат тугашига бир тур қолганда лигада қолишни уддалади. Бу воқеа "Гудисон"да рўй берди ва учинчи голдан кейиноқ мухлислар чидаб тура олмай, майдонни тўлдиришди.
"Эвертон" титул ютмади, аммо мавсум охирида мана бундай эмоцияларни ўз мухлисларига тақдим этди. Бу эса ўсиш учун яхши база бўлади. Ёқимли жамоа, қолгани яхши бўлди, - деди Даврон Файзиев.
Фикрлар