Даврон Файзиев: ЎФАнинг қарори мени шошириб қўйди
Кутилганидек, 25 февраль куни янги футбол мавсуми учун қуръа ташланди. Аммо ҳаммани ҳайрон қолдирган ва кутилмаган воқеа – бу “Сурхон” билан “Динамо”нинг Суперлигага қўшилиб, қатнашчилар сони 14 тага етказилганлиги бўлди. Айниқса, самарқандликлар про-лигага мос тарзда тайёргарликни давом эттириб келишаётганди. Бироқ кутилмаган қарор “динамо”чиларни ҳам эсанкиратиб қўйган бўлса ажаб эмас. Энди бош мураббий Даврон Файзиев зудлик билан Суперлигага мос жамоани шакллантиришига тўғри келади. Бироқ бунинг учун уларда вақт қолдими? Ахир 8 март куни янги мавсумга старт берилади. Биз эса мазкур воқеадан кейин дарҳол “Динамо” жамоаси устози Даврон Файзиев билан суҳбатлашдик.
- “Динамо”нинг Суперлигага қўшилганлигини қандай сюрприз сифатида қабул қилмаслик мумкин? Аслида жамоани қуйи лигага тушириб юборишганди ва яна бизни олиб чиқишди. “Пахтакор” билан назорат учрашуви бўлаётган маҳалда Суперлигага қўшилганимизни эшитдим. Бунга эса ҳам ижобий, ҳам салбий қараш мумкин. Энди эса биз худди имтиҳон топшираётгандек вазиятга тушиб турибмиз. Суперлигадаги жумбоқ жамоа биз бўламиз. Ўзи шундоқ ҳам чемпионатга тайёргарликни олиб бораётгандик. Воқеалар ривожининг бундай тус олишини эса ҳеч ким кутмаганди. Бошга тушганни кўз кўради дейишади-ку. Лекин биз ҳеч кимдан қўрқмаймиз. Бўлиб ўтган ишларни фақат яхшиликка йўямиз. Мени ҳавотирга солаётгани шуки, мавсум бошланишига 10 кун вақт қолганида Суперлигада қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритдик...
- Яъни, сизларда деярли вақт қолмади...
- Ҳа, тўппа-тўғри, бизда вақт қолмаган.
- Чунки бунгача сизлар асосан про-лига дастури бўйича тайёргарлик кўраётгандинглар...
- Ҳа, шундай. Энди хоҳласак ҳам, хоҳламасак ҳам қолган 10 кун вақт ичида максимал даражада ҳаракат қилмасак бўлмайди. Ўйлайманки, биз мавсумда яхши қатнаша оламиз.
- Бўлар иш бўлди, энди зудлик билан нимадир қилиш режангиз борми?
- Ҳозирги пайтга келиб барча футболчилар банд. Ҳаммаси ўз клубига эга. Агар имкони бўлса икки нафар легионерни олиб келишга уриниб кўрамиз. Бу масала бўйича раҳбарлар билан гаплашамиз. Ўзимиз эса маҳаллий ёшларимизга эътибор қаратамиз. Улар йиғинлар чоғида ёмон таассурот қолдиришмаяпти. Энди эса ҳаммамиз катта имтиҳон олдида турибмиз. Лекин мен бунгача ҳам бу каби имтиҳондан ўтганман. “Сўғдиёна”да ишлаётганимда оғир вазиятдан чиқиб кетгандик.
- Бироқ ҳозирги вазият сиз учун яна янги чақириқ бўлди.
- Ҳа, ўзим ҳам янги чақирув ва янги синов сифатида қабул қиламан. Фақат яхшиликдан умид қиляпман.
- Қизиқ жиҳати 25 февраль куни ҳаммаси ойдинлашди. Ўша куни “Пахтакор”га қарши назорат ўйинини ўтказдинглар ва майдонга про-лига вакили сифатида тушиб, Суперлига қатнашчиси бўлиб тарк этдинглар...
- Ҳа, бу ҳам биз учун ўзгача қувонли бўлди.
- Дарвоқе, жамоангизнинг Суперлигага қўшилганлиги ҳақидаги хабарни биринчи бўлиб кимдан эшитдингиз?
- Ўйин пайтида телефонимни овозини ўчириб қўйгандим. Аммо кейинчалик телефонимга тинмасдан қўнғироқлар ва смслар келишни бошлади. Биринчи бўлиб кимдан эшитганим эсимда йўқ, аммо қайсидир журналист “Даврон ака, Суперлига билан табриклаймиз” деди.
- Вазиятга реал қарайдиган бўлсак, қўл остингиздаги таркибни Суперлига даражасига тортади деб айта оласизми?
- Жамоа яхши қатнашади. Бунга шубҳам йўқ. Таркибимизда элитанинг нафасини ҳис қилган ўйинчилар ҳам бор. Қўл остимдаги барча футболчиларга ишонч билдираман ва қўллаб-қувватлайман. Умид қиламанки, йигитлар ишончимни оқлай олишади.
- Сизнингча, “Динамо”ни айнан қандай тамойиллар асосида Суперлигага қўшишди деб ўйлайсиз?
- ОФК лицензиялаш талабларини белгилаб берганди ва шунга асосан ПФЛ бу борадаги шартларни маълум қилганди. Биз эса ушбу талабларни бажаришга киришгандик. Самарқанд аҳли ҳам катта футболни соғинганди. Стадионимиз ҳам, клубнинг инфратузилмаси ҳам талабларга жавоб бераётганди. Қатнашишимизга ушбу омиллар ҳам туртки бўлди деб ўйлайман. Биз энди мавсумни шунчаки ўтказмаймиз. Барча рақибларга ҳақиқий бош оғриқ бўлишга ҳаракат қиламиз.
- ЎФАнинг бу қарори мураббий сифатида сизни шошириб қўяётгандир-а?
- Албатта, мени шоширяпти. Чунки боя айтганимдек, деярли вақтимиз қолмаган ҳисоб. Ҳамма гап вақтимиз қисқалигидадир.
- “Сурхон” ҳам про-лига қатнашичиси бўлса-да, худди ҳаммасини олдиндан сезгандек таркибини маҳоратли ижрочилар билан кучайтириб бораётганди ва энди улар хотиржам равишда тайёргарлигини давом эттираверсалар бўлади. Нега “Динамо” ҳам “Сурхон” танлаган йўлдан юрмади?
- Ҳамма клуб ҳам аввало сметасига қараб жамоа тузади. Биз ҳам шунга қараб жамоа тузишни бошлагандик.
- Қуръа ташлаш маросими ҳақида фикрингиз қандай?
- Қуръани кўзи кўр бўлади дейишади. Барибир қачондир ҳамма жамоалар билан ўйнашимиз керак. Биринчи турни ўз майдонимизда мухлисларимиз қаршисида ўтказишимиз ёмон эмас. Айниқса, “Насаф”дек жамоа билан ўйнаш янада қизиқарли. “Сурхон” жамоаси ҳам биринчи турни ўз майдонида “Металлург”га қарши ўтказади. “Пахтакор” – “Локомотив” тўқнашуви биринчи турдаёқ рўй беришини ҳам ҳеч ким кутмаганди. Қуръадан нолишга ҳожат йўқ.
- ЎФА раҳбарияти бундай воқеалар ривожидан аввал “Динамо” клуби раҳбариятидан жамоа Суперлигага тайёрлиги борасида қандайдир суриштирувларни олиб борганмиди? Умуман, сизларни хабардор қилишганмиди?
- Тўғриси, биз билан ҳеч ким бу ҳақида боғлангани йўқ. Вилоят ҳокими билан охирги учрашувимизда про-лигадаги бюджетимиз тасдиқланганди ва шунга асосан иш олиб бораётгандик. Фақат лицензиялаш ишлари қандай бажарилаётгани билан қизиқишганди. Самарқандга келиб амалга оширилаётган ишлар билан танишишганди. Жамоа эса бу пайтда Тошкентда тайёргарлик кўраётганди. Энди бу биз учун унутилмас кун бўлиб қолади.
- Ҳаммаси ойдинлашгач, режаларингиз ҳам тубдан ўзгариб кетди. Энди нима қилмоқчисиз?
- Йиллик режаларимизнинг ҳаммаси ўзгаради. Мана, ҳозир шунинг устида бош қотириб ўтирибмиз. Режаларимизни 100 фоизга ўзгартиришимизга тўғри келади. Майли, бизни кучсиз деб ҳисоблайверишсин, биз бор кучимизни кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Самарқандлик мухлисларни эса “Динамо”нинг Суперлигага қайтгани билан табриклайман. Йил давомида жамоамизга ишонишларини хоҳлайман. Шунингдек, янги мавсум бошланаётгани билан барча мухлисларни табриклайман.
Фикрлар