Дембеле "Барселона" билан узоқ йиллик шартнома имзолайди

"Барселона" Усмон Дембеле билан шартномани 2027 йилгача узайтирмоқчи. Diario Sport нашри хабарига кўра, франциялик футболчининг агенти ўтган ҳафта "Барселона" раҳбарияти билан учрашган. Футболчи аллақачон каталонияликлар билан амалдаги шартномани 2027 йилгача узайтириш бўйича таклиф олган.

Манбага кўра, клуб раҳбарияти Дембелени энг муҳим ўйинчилардан бири деб билади. Бош мураббий Хави эса Усмонни польшалик ҳужумчи Роберт Левандовски билан бирга жамоанинг асосий ўйинчиларидан бири ҳисобланишини таъкидлаган.

"Барселона" яқин ҳафталарда Дембеле билан келишувга эришмоқчи. Клубнинг спорт директори Матеу Алемани бу масалани 30 июнгача, яъни клубни тарк этгунга қадар ҳал қилмоқчи. Футболчининг ўзи ҳам фаолиятини Каталония клубида давом эттиришни мақсад қилган.

Маълумот учун, Дембеленинг "Барселона" билан амалдаги шартномаси 2024 йилнинг июнида якунига етади. Франциялик футболчи жорий мавсум Ла Лиганинг 20 та ўйинида 5та гол урди ва 5та голли узатмани амалга оширди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!