Денис Иванков: Мен "Пахтакор"ни танлайман

Ўзбекистон миллий терма жамоасида дарвозабонлар мураббийи Денис Иванков “Пахтакор” машғулотларида ҳам кўриниш берди.

Охирги пайтларда, Денис Александрович бирор-бир клубда ҳам ишлаш ниятида юрганини яширмаётганди ва бу борада унга таклифлар ҳам етарлича бўлаётганди. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, мутахассиснинг “Пахтакор” машғулотларида пайдо бўлгани уни клубнинг янги аъзосига айланганлиги ҳақидаги тушунчаларни ошириб юборгани ҳам рост.


Аввалига бу борада клуб матбуот хизмати билан боғланганимизда ҳали Иванков расмий равишда “Пахтакор”нинг аъзосига айланмаганлигини айтди. Шундан кейин эса вазиятга янада ойдинлик киритиш мақсадида Иванковнинг ўзи билан боғландик.


- Биласизми, мен ҳали “Пахтакор” клубида расман иш бошлаганим йўқ, - дея гап бошлади, Денис Александрович. - Айтишим мумкинки, мени бу ерга жамоа бош мураббийи Шота Арвеладзенинг ўзи чақирди. Лекин юқорида айтганимдек, ҳозирча расмий мақомда ишга киришганим йўқ. Шунчаки, “Пахтакор” дарвозабонлар мураббийининг ўрнига машғулотларда қатнашиб турибман. Сабаби ҳамкасбим уйда карантинда бўлиб турибди. У ўз ишига қайтганидан кейингина кўп масалаларга ойдинлик киритилади. Аниқроғи, менинг “Пахтакор”да ишлашим ёки ишламаслигим ана ўшанда ҳал бўлади. Айнан мана шундай сабабга кўра мен ҳозирча клуб билан шартнома тузмаганман. Шундай экан, “Пахтакор”нинг расмий аъзоси ҳисобланмайман. Фақат Арвеладзенинг илтимосига биноан ёрдам бериб турибман.

Ўзингиз гувоҳи бўлиб турганингиздек, Иванков катта футболни соғиниб қолганлиги билиниб турибди. Чунки у ҳам барча қатори уч ойсиз футболдан четда юрди ва карантиндан кейинги машғулотлар эса Иванковга ҳам ижобий таъсир кўрсатаётгани шубҳасиз. Ўз навбатида ушбу мураббий “Пахтакор” футболчиларнинг ишга бўлган муносабати хусусида ҳам гапирди.

- “Пахтакор”даги тайёргарлик жараёни ҳақида нима дейишим мумкин? Барчаси Европа стандартлари асосида. Машғулотлар юқори даражада ўтяпти. Ўйинчиларнинг ўзаро муносабатлари ҳам жойида. Биз барчамиз бир-биримизни яхши тушунган ҳолда ҳаракат қилишни бошлаганмиз. Кутилмаган таътилдан сўнг ҳаммаси аста-секин ўз ўрнига қайтмоқда. Карантин юз бергани сабабли ҳамма футболни соғиниб қолганди. Энди эса ҳамма машғулотларда ўзининг севимли иши билан чин юракдан шуғулланаётганини кўриш мумкин.

Умуман олганда, Денис Иванковга таклифлар етарли. Буни унинг ўзи ҳам тасдиқлади ва ўзаро мулоқот жараёнида айнан қайси клубларнинг таклифи уни қизиқтираётганини сўраганимизда шундай деди:

- Таклифлар бор, аммо мен “Пахтакор” билан ҳамкорлик қилишни хоҳлаган бўлардим.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!