Денис Коростиченко: "Еличичга раҳмат, бу унинг ғалабаси"

Про лиганинг 6-турида “Локомотив” Қўқонда муҳим ғалабани қўлга киритди. Учрашувдан сўнг “темирйўлчилар” устози Денис Коростиченко журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

- Йигитларни, клубдагиларни ғалаба билан табриклайман. Оғир ғалаба бўлди. Узоқ йўлдан кам сонли бўлса-да, стадионга етиб келиб, бизни қўллаб турган мухлисларга катта раҳмат айтаман. Йигитлардан ғалабага қаттиқ ҳаракат қилгани учун миннатдорман. Улар рақибдан бир киши кам бўлса-да, ғалабага эриша олишди. Ундан ташқари мураббийлар штаби ва Мирко Еличичга ҳам раҳмат. У ўйинда жамоани мағлубият йўлидан олиб чиқиб кета олди, бу унинг ғалабаси, десак ҳам бўлади. Йигитлар катта ҳажмли ишни бажаришди. Биринчи бўлимда ўйин бироз ўхшамади, ўзимиз истаган ўйинни намойиш қилиб бера олмадик. Кераксиз хатолар бўлди. Бунинг сабабини билмайман, ўйиндан кейин уйга бориб, кўриб чиқамиз. Иккинчи бўлимда эса рақибдан бир киши кам бўлиб қолдик ва бизда фақатгина олдинга ўтиш варианти бор эди. Гарчи «Қўқон-1912» кучли жамоа бўлса-да, бу ерга дуранг эмас, ғалаба учун келгандик ва шунга яраша ғалаба голларини ура олдик. Рақиб мухлисларига ҳам раҳмат айтаман. Бош мураббийлар учун энг ёқимлиси, рақиб мухлисларининг қарсак чалиши, мақташи бўлса керак. Бу биз мураббийлар томонидан қадрланади. «Қўқон-1912» юрагимда қолган, бу ерда Темур Кападзе билан бирга ярим йил ишлаганман.

- «Локомотив» ўзининг кучли таркиби билан ҳам бу ерда ғалаба қозониши қийин бўлганди. Буни қандайдир лаънат деса бўладими?

- Ҳа, «Қўқон-1912»га қарши ўйнаш биз учун жуда қийин бўлган. Ўтган мавсумда Суперлигада ўз майдонимизда мағлуб бўлганмиз, бу ерда дуранг қайд этилганди. Ҳар йили жанговар ўйинлар бўлган. Бугунги ғалаба серияга айланиб, узоқроқ давом этишини истардим, албатта. Бу натижа ўзгариши учун курашдик ва ўзгартира олдик. Навбатдаги мавсумда ушбу жамоалар шу ерда Суперлига доирасида ўйнайди, деган умиддаман.

- «Локомотив» 10 киши бўлиб қолганидан кейин яхшироқ ўйин намойиш қилди. Қизил карточка ҳужум қилишга мотивация бўлди, деб ҳисобласа бўладими?

- Шундай бўлиб қолди. Танаффусда барчасини гаплашиб олдик. Қизил карточкадан кейин икки баравар куч билан ишлашимиз кераклигини билдик. Бу ҳам бир иштиёққа айланди. Биринчи бўлимни қандай темп билан ўтказган бўлсак, иккинчисида ундан-да кучлироқ ўйнашимиз кераклигини тушундик. Улар шундай ўйин кўрсатиб, ўзларининг нималарга қодирлигини намойиш қилиб беришди.

- «Локомотив» ўтган мавсум «Турон» билан ўтиш ўйинида қатнашиб, мағлуб бўлганди. Жамоанинг ҳозирги ўйини «Турон» билан баҳсдагидан кўра анчагина яхшилангани кўриниб турибди.

- Ўтган мавсум «Турон» билан баҳсда ўйин бобида пасайиш кузатилганди. Ўшанда биз учун оғир бўлганди. Учрашувгача бизда икки ҳафталик танаффус юзага келганди. Чемпионат якунланиб, ўтиш ўйинигача назорат ўйини учун рақиб топа олмагандик. «Турон» эса бир қанча ўйинлар ўтказганди. Буни баҳона сифатида кўрмайман. Ўтган мавсумда ҳам жамоамиз анчагина кучли эди. Бир қанча футболчиларимиз жамоани тарк этишди. Таркибга бошқа футболчилар олиб келдик. Бу биз учун эндигина бешинчи ўйин. Янги футболчилар ҳали ўзларини янада кўрсата олишади. Ҳали ўзимизнинг энг яхши ўйинларимизни кўрсата оламиз, деб ўйлайман.

“Локомотив” матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!