
Дидье Дешам: "Бизда ёш жамоа бор. Улар тажриба тўплаб, кўпроқ барқарор бўлиши керак"
Франция терма жамоаси бош мураббийи Дидье Дешам ЖЧ-2026 саралаш босқичидан ўрин олган Украинага қарши баҳс (2:0) ҳақида фикр билдирди. Французлар муҳим ғалабага эришиб, йўлланма сари яна бир қадам ташлашди.
Украинага қарши ўйинни қандай баҳолайсиз? Франция Жаҳон чемпионати йўлида қадам ташладими?
"Бу муҳим ўйин эди. Биз бу беллашув юқори даражада кечишини билардик. Биринчи бўлимда устунликни эртароқ қўлга киритишимиз мумкин эди. Шундан кейин 4–5 дақиқа ичида пасайиш кузатилди. Буни айтиб ўтиш лозим, лекин асосийси бошқа. Биз 2:0 ҳисобида ғалаба қилдик ва дарвозамиз дахлсизлигини сақладик. Бироқ рақиб икки марта яхши имконият яратди.
Доим ғалаба қозонган яхши. Душанба куни гуруҳимиз етакчиси – Исландияга қарши ўйин кутмоқда".
Жамоа ўйинида барқарорликни қандай топиш мумкин?
"Бу ерда ҳаммаси рақибга ҳам боғлиқ. Юқорида босим ўтказиш кўп куч талаб қилади. Буни аввал ҳужумчилар бошлади, улар кўп югуришди. Кейинроқ эса югуришлар камайди. Барча 90 дақиқани назорат қилиш қийин. Бизда пасайиш эмас, балки рақибнинг кучли дақиқалари бўлди, десам тўғрироқ.
Ўйинни яхши якунладик. Бизда ёш жамоа бор, улар ҳаракатларни такрорлай-такрорлай тажриба ва барқарорлик тўплаб боради", – деди Дешам.
Фикрлар