Дилшод Комилов: "Илгари фаолиятимда бундай вазият бўлмаган"
Иккинчи даврада “Локомотив”дан “Насаф”га таклиф қилинган ҳимоячи Дилшод Комилов “Аждарлар” билан бирга илк бор мамлакат чемпионлигага сазовор бўлди.
У иккинчи даврада “Насаф” сафида Суперлигада 12 та учрашувда майдонга тушди. Албатта, ОЧЛ 2 да ҳам қаршиликлар шарафини ҳимоя қилди.
Эътиборлиси, Комиловнинг собиқ клуби “Локомотив” чемпионат якунида про лигага тушиб кетди. Дилшод эса у ердан кетди ва “Насаф” билан чемпионликни нишонлади.
- Дилшодбек, чемпионлик билан табриклайман. Иккинчи даврада "Насаф"га қўшилдингиз ва ярим йил ичида фаолиятингизда илк бор чемпионликка эришдингиз. Ўшанда "Насаф"нинг таклифи сиз учун кейинчалик мана шундай муваффақият келтиришини ҳеч ўйлаганмидингиз?
- Табрик учун раҳмат. “Насаф”га ўтишим чемпионлик келтиришини кутгандим. Иккинчи даврада айнан мана шу ният билан қўшилгандим.
- "Насаф" чемпион бўлгач, қаторасига мағлубиятга учради. Жамоа наҳотки, чемпионликдан кейин масъулиятни ҳис қилмай қўйган бўлса?! Бу борада нима дея оласиз?
- Чемпионликдан кейинги ўйинлар ҳақида нима дея оламан? Тўғри, шундан кейин ҳамма учрашувда мағлубиятга учрадик. Бу – футбол. Ғалаба ва мағлубият ҳар доим ёнма-ён бўлади. Қайсидир вазиятларда омадимиз етишмади. Жуда кўплаб имкониятлар яратиб, голга айлантира олмадик. Яна қайсидир ҳолатларда чарчоқ сезилгандир. Чунки ўйинларимиз кетма-кет бўлди, менимча, ҳар уч кунда ўйинлар ўйнадик. Шулар сабаб бўлди, деб ўйлайман. Бироқ масъулият ҳақида гап кетадиган бўлса, ҳамма ғалаба учун чиққанди, қўлдан келганича ҳаракат қилди.
- Янги мавсумда ҳам "Насаф"да қоласизми?
- “Насаф” жамоаси билан бир йиллик шартномам бор. Худо хоҳласа, кейинги йили ҳам “Насаф” билан бирга бўлиб, ОЧЛ Элитда муносиб иштирок этиш ниятимиз бор.
- ОЧЛнинг Қаршидаги охирги ўйинида Неъматовнинг ўрнида дарвозани қўриқладингиз ва хатто битта сейв ҳам амалга оширдингиз. Ўшанда ўзингиз ихтиёрингиз билан дарвозага турдингизми ёки...
- Дарвозага туришимга келадиган бўлсак, бу вазиятдан келиб чиқиб юз берди. Чунки захира қилиш имкони йўқ эди. Кимдир дарвозага туриши керак эди ва мен ўз ихтиёрим билан дарвозага турдим.
- Олдин ҳам фаолиятингизда шундай вазият бўлганми ё бу биринчисими? Дарвозабонликка ҳам қизиқиб турасизми?
- Илгари фаолиятимда бундай вазият бўлмаган. Бу биринчиси. Лекин дарвозага қизиқишим бор. Машғулотларда баъзида дарвозага туриб кўрганман.
Фикрлар