Дилшод Нуралиев: "Локомотив"да тажриба катта, "Бунёдкор"да эса иштиёқ баланд

Эртага Суперлиганинг 18-тур баҳсларига старт берилади. Чоршанба куни эса «Сурхон» - «Қизилқум» тўқнашуви орқали турга якун ясалади. Иккинчи давра барча жамоалар учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу боис борган сари ўйинларнинг шиддати ва муросасизлик руҳи ортиб боряпти. 18-турда ҳам сиз билан бизни бир қатор қизиқарли учрашувлар кутиб турганига шубҳа йўқ. Масалан, Тошкентда «Локомотив» ҳамда «Бунёдкор» ўртасидаги баҳс турнинг марказий учрашуви мақомига жуда мос тушади. Шунингдек, бошқа жуфтликларга бўлган қизиқиш ҳам катта. Шу боис мазкур тур олдидан 2012 йилги ўсмирлар ўртасида Осиё чемпиони бўлган Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Дилшод Нуралиев жамоаларнинг имкониятларини таҳлил қилиб чиқди.

26 август (душанба)

«Локомотив» - «Бунёдкор»

- Иккала жамоага ҳам оғир бўлади. Чунки «Бунёдкор»га ҳам, «Локомотив»га ҳам ғалаба керак. «Локомотив» жамоасида тажрибали ўйинчилар йиғилган. Лекин шу билан бирга «Бунёдкор» клубида иштиёқ баланд эканлигини айтишим мумкин. Шу сабабли улар ўйиннинг темпини ушлаб олишди. Ўйлашимча, «Локомотив»га оғир бўлади. Шу куни чиройли, ҳужумларга бой ўйин кўрамиз деб умид қиламан. Аммо ким ютишини айта олмайман. Назаримда, кучлар тенг келса керак.

Имкониятлар: 50х50

«Металлург» - «Навбаҳор»

- «Металлург» бу турда ўз майдонида ўйнайди. Шунинг учун «Навбаҳор»га яна қийин бўлади деб ўйлайман. Қолаверса, бекободликлар ўз майдонида кучлироқ ва чиройли ўйин кўрсатишяпти. Менинг фикримча, «Металлург» ўз майдонида ғалаба қозона олади. Бунинг устига «Навбаҳор»нинг охирги пайтлардаги омадсизлиги ҳам уларга таъсир қилиши мумкин.

Имкониятлар: 60х40

27 август (сешанба)

«Динамо» - «Бухоро»

- Даврон Файзиев «Динамо»да тажрибали ўйинчилар бўлма-да, яхши жамоани шакллантира олди. «Бухоро»да эса маҳоратли футболчилар билан бирга легионерлар ҳам талайгина. Лекин, ўйлашимча, «Динамо» ўз майдонида ғалабани қўлдан чиқариб юбормайди. «Бухоро»га анча оғир бўлади. Самарқандликлар иккинчи даврадаги илк ғалабасига эришади деб ўйлаяпман.

Имкониятлар: 60х40

«Пахтакор» - «Андижон»

- Ҳамма билади, «Пахтакор»нинг таркиби жуда ҳам кучли. Шунга яраша улар чиройли ва ҳужумкор футбол кўрсатишяпти. «Пахтакор»да кўп нарсага қодир бўлган, ранг-баранг ўйин кўрсатадиган футболчилар бор. Майдон эгаларининг ғалабасига кўпчилик шубҳа қилмаётган бўлса керак. «Пахтакор»нинг муваффақият қозонишини 80 фоизга баҳолайман.

Имкониятлар: 80х20.

«Насаф» - «Қўқон-1912»

- Қўқонликлар учта ўйиндан бери ажойиб ўйинлар кўрсатиб келишяпти. Аммо шуни ҳам унутмаслик керакки, «Насаф» жамоасида яхши ўйин тизими йўлга қўйилган. Айниқса, таркиби иқтидорли ёшлардан ташкил топган ва «Насаф»нинг футболчилари ғалабага жуда чанқоқ. Ўйлашимча, қаршиликлар осон бўлмаган ғалабани қўлга киритишади.

Имкониятлар: 60х40

«Сўғдиёна» - АГМК

- АГМКда тажрибали мураббий ва шу билан бирга тажрибали ўйинчилар ҳам бор. Аммо «Сўғдиёна» мавсумни яхши ўтказяпти ва иккинчи даврани ҳам кўтаринки руҳда давом эттиряпти. Шунга қарамай, жиззахликлар Ўзбекистон Кубоги чорак финалида ўз уйида мухлислари қаршисида «Бунёдкор»га ютқазиб қўйишди. Бу сафар ишқибозларини қувонтириш учун бор кучини ишга солишса керак. Менимча, ушбу қарама-қаршиликда дурангга кўпроқ мойиллик бор.

Имкониятлар: 50х50

28 август (чоршанба)

«Сурхон» - «Қизилқум»

- «Қизилқум» иккинчи даврада таркибига легионерларни олди. Лекин ҳали бу жамоанинг ўйинида бирор нимани кўрганим йўқ. «Сурхон» эса ўз уйида ўйнайди ва кичик ташаббус уларнинг томонида бўлиши аниқ. Шу сабабли термизликлар мухлислари кўз ўнгида ўтадиган беллашувда ғалабани қўлдан чиқариб юбормаса керак.

Имкониятлар: 60х40

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Фан
25/08/2019 13:10
60x40 Кукон фойдасигами.
Чунки учрашув Куконда утказилса керак, майли Куконни хам галабага тулик хакки бор.
Насаф мухлисларига хурмат саклаган холда Куконга ОМАД тилайман.
Кукон Насафни шу турда ютса ютибдида.
Металлург-Навбахор учрашувини бахолашда хам адашдингиз менимча камида 50х50.
Shaxboz Bekmurodov
25/08/2019 10:42
Nasafga omad
&
Surxon turon
25/08/2019 10:13
Koxin bub ketinge janob Nuraliev
Абдусамат Жураев
25/08/2019 09:27
Коконд уз уйида уйнайдику срорт.уз биринчи даврада икки томон келишилган холда уйин каршида булганку ???