Дилшод Нуралиев: “Сурхон”дан кетиш аламли бўлди, аммо...
Хабарингиз бор бундан бир неча кун аввал Термизнинг “Сурхон” жамоасида кутилмаган ўзгариш юз берди. Бош мураббий сифатида ишлаб келаётган Дилшод Нуралиев истеъфога чиқарилиб, ўрнига Игорь Шквирин тайинланди. Аслида Нуралиев бошчилигида “Сурхон”нинг натижалари чакки эмасди. Ҳар ҳолда улар про-лигада “Машъал”дан кейин 2-ўринни эгаллаб туришганди. Маълум бўлишича, Дилшод Нуралиев Ўзбекистон ёшлар терма жамоасини бошқариши кутиляпти ва шунинг учун у термизликлар билан хайрлашган. Аслида воқеалар ривожи қандай тус олганини унинг ўзидан эшитсак.
- Мени ҳеч ким ишдан бўшатгани йўқ, ўз хоҳишим билан ариза ёздим, - деб гап бошлади, Нуралиев. - Чунки менга ЎФА ва ПФЛ раҳбарлари ёшлар терма жамоасини бошқаришни таклиф этишди. Менимча, ҳар бир мураббий терма жамоада ишлашни истайди. Масалан, ўзим учун ҳам терма жамоада ишлаш катта шараф. Лекин бу айнан ҳозир рўй берганини кутмагандим. Чунки бор эътиборимни “Сурхон”га қаратгандим. Ўз олдимизга қўйган мақсадимиз бор эди. Ёзги йиғинда таркибимизни яна кучайтиришни режалаштириб тургандик. Бунинг учун янги футболчилар билан гаплашиб тургандик. Қисқаси, олдимизга қўйилган вазифани бажариш йўлида ишлаётгандик. Айниқса, охирги пайтларда жамоамизнинг ўйини анча яхши чиқаётганди. Тўғриси, бу жамоадан кетиш менга аламли. Мен футболчиларга, футболчилар эса менга ўрганиб қолишганди. Албатта, ҳаммасини раҳбарлар ҳал қилади. Аммо ҳар доим биринчи ўринда терма жамоа манфаати туришини унутмаслигимиз керак. ЎФА раҳбарияти билан “Сурхон” раҳбарияти ўзаро келишиб олишган. Биз вазифани бажарувчилармиз, шу боис қаерда дейишса ўша ерда ишлашга мажбурмиз. Энди бундан буён терма жамоада ҳам астойдил меҳнат қиламиз. Аммо яна қайтараман: “Сурхон”дан кетишимиз жуда аламли бўлди. У ерда февраль ойидан иш бошлагандик, тўрт ой давомида катта меҳнат қилгандик. Ўйлайманки, Термизда яхши жамоа шакллантиришнинг уддасидан чиқа олдик. Айни пайтда “Сурхон” 2-ўринда боряпти. Жамоанинг кейинги учрашувлари “Орол” ва “Шўртан”га қарши ўтади. Ишонаманки, “Сурхон” бу ўйинларда олти очкони қўлга киритади ва мавқеини янада мустаҳкамлайди.
- Лекин сизни “Сурхон”дан ёшлар терма жамоасига ўтказишяптими, демак сиз ҳали ҳам ўзбек футболи учун керакли мутахассиссиз...
- Ҳа, тўғри айтасиз. Бунинг учун футболимиз раҳбариятига миннатдорчилик билдираман. Лекин тан олиш керакки, бунгача меҳнат қилиб ишлаётган жойингиздан кетиш барибир оғир бўлар экан. Боз устига “Сурхон”даги натижаларимиз ҳам чакки эмасди. Агар натижалар ўхшамаётганида мураббий қочиб кетиши ҳеч гап эмас. Лекин бизда у ерда ҳаммаси яхши эди.
- Клубдан кетишингизга термизлик мухлисларнинг муносабати қандай экан? Эшитишимизча, у ерда сизни ёқтирадиган ва ёқтирмайдиган ишқибозлар ҳам бор экан...
- Мураббий жамоани шакллантиряптими, мухлислар фақат ғалабани талаб қилишади. Буни тўғри тушунса бўлади. Ахир ҳамма ҳам ўз жамоасини Суперлигада кўришни хоҳлайди. Тўғри, ҳаммага бирдек ёқадиган иш қилиб бўлмайди. Аммо бизни қўллаб-қувватлаб, ишонаётган мухлислар ишонч билдирмаётган одамларга нисбатан жуда кўп эди. Машғулотларимизга ҳам келишиб далда бериб туришганди. Термизда ишлаб кўплаб ажойиб инсонлар билан танишдим. Тўғри, айрим мухлисларга ёқмаган бўлишим мумкин. Ютқазиб қўйган пайтларимизда айрим нотўғри гапларни ҳам гапиришди. Бу эса албатта мураббийларга қаттиқ таъсир қилади. Аммо биз бунга тўғри қарашимиз керак. Чунки мухлислар ҳар доим ўз жамоасинининг ғалаба қозонишини истайди. Масалан, “Пахтакор” дуранг ўйнаб қўйса, у ерда ҳам мухлислар гапиришади. Демак, “Сурхон”ни айтмаса ҳам бўлади. Сурхондарёда кўп йиллардан бери яхши футбол жамоаси бўлмагани у ердаги ишқибозларнинг руҳиятига ҳам таъсир кўрсатган. Шунинг учун улар “Сурхон”ни тезроқ Суперлигада кўришни хоҳлашяпти. Биз эса у ерда шу мақсадда қўлимиздан келганича меҳнат қилаётгандик. Футболчиларимиз ёмон натижа кўрсатишмаётганди.
- Энди у ерда Игорь Шквирин сизнинг ишингизни давом эттиради. Бундан кейинги воқеалар ривожини қандай баҳолайсиз?
- Биз у ерда ишни кеч бошлаганимиз учун ўзимиз истаган ҳамма футболчини ҳам қўлга кирита олмаганмиз. Игорь Шквирин вақтлироқ ўзига керакли футболчиларни таркибга йиғиб олса, умид қиламанки, жамоани Суперлигага олиб чиқа олади. Ҳозир ҳам “Сурхон”ни яхши шаклланган деб ҳисоблайман. Масалан, “Андижон”га қарши учрашувда ҳам йигитларимиз меҳмонда яхши ўйнашди. Про-лигада энг кучлиси бўлган “Машъал”га ҳам муноси қаршилик кўрсатаётгандик. Жамоамизнинг келажаги бор.
- Ёшлар терма жамоасида ишни нимадан бошлашни ўйлаяпсиз?
- Ҳозирча режа тузганим йўқ. Футболимиз раҳбарияти билан гаплашиб, расман ишга киришганимиздан кейин режалар тузамиз. ПФЛ бош директори Омон Ғофуров билан гаплашдим. Ўзбекистон футбол ассоциациясининг биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов менинг терма жамоага қайтишимни хоҳлаётганини маълум қилди. Албатта, биринчи бўлиб селекция ишларини олиб борамиз. Барча вилоятлар бўйича Тошкентда турнир ўтказиб номзод ўйинчиларни саралаб оламиз.
- Терма жамоада ишлаш борасида тажрибангиз катта ва буни олдинги натижалар ҳам кўрсатиб турибди. Клубда эса...
- Балки терма жамоага кўпроқ кераклигим учундир. Мени ёшлар терма жамоаси бош мураббийлигига лойиқ кўришаётгани ёқимли. Раҳбарлар билан яна бир бор учрашиб гаплашиб олганимиздан кейин барчаси маълум бўлади.
Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.
Фикрлар