Дилшод Раҳматов: Ёшларимиз Жаҳон чемпионларига қарши тенгма-тенг кураш олиб боргани одамни қувонтиради
Футзал бўйича Ўзбекистон Миллий терма жамоаси амалдаги жаҳон чемпиони Аргентина МТЖ билан ўртоқлик учрашувида майдонга тушди. "Ўзбекистон" спорт мажмуасида бўлиб ўтган баҳс Лотин Америкаси вакилларининг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Учрашувдан кейин Ўзбекистон терма жамоаси сардори Дилшод Раҳматов ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди:
"Авваламбор, мухлисларимизга ва шундай ўйин ташкиллаштириб бергани учун Футбол ассоциациясига катта раҳмат айтмоқчиман. Беллашув ҳақида гапирадиган бўлсам, биз уларнинг аввалги баҳслардаги ҳаракатларини чуқур ўргандик. Балки рақиб бугун бор имкониятини кўрсата олмагандир, лекин бизнинг йигитлар ҳам бошқача даража намойиш этди.
Шуни таъкидламоқчиманки, ёшларимиз жаҳон чемпионларига қарши тенгма-тенг кураш олиб боргани одамни қувонтиради. Эртанги ўйин натижаси тугал хулоса чиқаришмизга ёрдам беради: Аргентина ўз ўйинини кўрсата олмадими ёки биз жуда кучли ўйнадик".
Фикрлар