"Динамо" бош мураббийсиз ўртоқлик ўйинида ғалаба қозонди

Про-лига янги мавсумига тайёргарлик кўраётган Самарқанднинг «Динамо» жамоаси чемпионат старти олдидан ўртоқлик учрашувида майдонга тушди, - бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар бермоқда.

Про-лиганинг яна бир вакили Жаҳонгир Жиямуродов бошчилигидаги «Зомин» жамоаси «Динамо» клуби меҳмони бўлди.

Учрашув ўртоқлик ўйини мақомида бўлса-да, ўйин қизиқарли ва жанговар руҳда ўтди. Масалан, 17-дақиқада «Динамо» ярим ҳимоячиси Шоҳрух Абдураҳмонов яккама-якка вазиятда чиқиб, чиройли зарба билан ҳисобни очди – 1:0.

32-дақиқада эса бир дақиқа олдин захирадан майдонга тушган Жонибек Кўчимов ҳам дарвозабон билан яккама-якка ҳолатда қолиб, ҳисобни тенглаштирди – 1:1.

55-дақиқада эса меҳмонлар стандарт вазиятдан кейин Шоҳжаҳон Аббосовнинг голи эвазига ҳисобда олдинга чиқиб олишди – 1:2.

75-дақиқа эса қанотдан узатилган тўпни ҳимоячи Жасур Ўринов рақиб дарвозасига жойлаб қўйди – 2:2

Ўйин якунига қадар ҳужумкорликни туширмаган «динамочилар» 90-дақиқада ўз ниятларига етишишди. Жамоа сардори Жасур Азимов томонидан жарима майдони ташқарисидан йўлланган кучли зарба рақиб дарвозасининг «тўққизлиги»дан ўрин олди – 3:2.

Маълумот учун, «Динамо» жамоаси Ўзбекистон кубоги саралаш босқичи доирасида 23 июнь куни Фарғонада «Истиқлол» жамоасига қарши майдонга тушади.

Ҳозирда “Динамо”га расман бош мураббий тайинлангани йўқ. Яқинда жамоа бошлиғи сифатида иш бошлаган Учқун Қобилов футболчиларни шуғуллантириб келмоқда.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!