"Динамо" "Навбаҳор"нинг таклифига розилик берди. Баҳс қачон бўлиб ўтади?

Аввалроқ "Динамо" Ўзбекистон кубоги финалида ўйнай олмаслиги аниқ бўлган "Пахтакор" клубининг халқаро майдондаги иштирокидан келиб чиқиб, Суперлига ўйинини кўчириш юзасидан берган таклифига рози бўлганди. Эндиликда Вадим Абрамов бошчилик қилаётган жамоа кубок финалига йўл олган "Навбаҳор" билан келишувга эришди. 

5 октябр кунги финал олдидан "Навбаҳор" Суперлиганинг 14-туридан қолиб келаётган "Динамо"га қарши учрашувни ўтказиш учун 30 сентябр куни Самарқандга ташриф буюриши керак эди. Финалнинг иккинчи иштирокчиси бўлган "Андижон" эса 25 сентябр куни ўз майдонида "Нефтчи" клубини қабул қилади. Лига тақвим шакллантираётганда кубок финалига ким йўлланма олиши аниқ бўлмаган. Бунда "Сурхон" ва "Андижон" клубларининг ҳамда "Навбаҳор" ва "Пахтакор" клубларининг финалга қадар бўлган йўлида ўхшашлик мавжуд эди (30 сентябрда "Пахтакор" Элит Чемпионлар лигасида, "Навбаҳор" Суперлига қолдирилган ўйинида иштирок этиши белгиланганди). 

Финал иштирокчилари аниқ бўлгач, "Навбаҳор" "Динамо" билан беллашув санасини иккинчи бор қайта ўзгартиришни сўради (аввалроқ клуб кубок чорак финалидан ўрин олган "Сўғдиёна" билан ўйин олдидан "Динамо"га қарши тўқнашув санасини кўчиришни сўраганди). Тақвимдаги зичликдан келиб чиқиб, Лига мазкур сўровни қабул қилмади. Беллашувни кўчириш имконияти у фақатгина ФИФА кунларидан бирида ўтсагина мавжуд эди. Натижада "Динамо" ва "Навбаҳор" октябр ойидаги ФИФА кунларида ўйнашга келишиб олди. Эндиликда Самарқанддаги ўйин 12 октябр - шанба куни бўлиб ўтади. Терма жамоага аъзо футболчиларнинг Суперлига 14-туридан қолиб келаётган учрашувда иштирок эта олмаслиги ҳар икки клуб томонидан қабул қилинди. 

Лига финал ёки халқаро учрашувлари бор бўлган клублар тақвимини қулайроқ қилиш масаласига у регламент талабларига зид бўлмагани ҳолда рухсат этади. Бу ўзгаришлар клублар ишини қулайроқ қилиш учун бўлиб, бу билан Лига ёки транслясия ҳуқуқига эгалик қилувчи компания режаларида катта ўзгаришлар кузатилмайди.

ЎзПФЛ матбуот хизмати

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Усмонбек
14/09/2024 00:59
Бечора Динамо ким нима деса хуп екан