"Динамо" ва Абрамов ҳазиллашмаяпти, чоғи ёхуд Кубок ярим финалида сиз кутган жуфтликларми?
Ўзбекистон Суперлигасидан кейин Ўзбекистон Кубоги мусобақаси ҳам мухлисларнинг эътиборида. Аста-секин Кубок баҳслари ўз манзилига яқинлашиб қолди.
Соврин учун 4 та даъвогар қолди. Улардан учтаси Суперлига ва биттаси про лига вакили саналади. Булар – “Навбаҳор”, “Насаф”, ОКМК ва “Динамо” клублари. Бабаян жамоаси чорак финалда “Сурхон”ни таслим қилди. “Насаф” қийинчилик билан сафарда “Турон”ни мағлуб этиб қайтди. ОКМК “Хоразм”ни енгган бўлса, “Динамо” Тимур Кападзе бошчилигидаги “Олимпик”ни доғда қолдириб, ярим финал йўлланмасини қўлга киритди.
Куни кеча ярим финалга қуръа ташланди. Хабарингиз бўлса керак, “Насаф” “Динамо”га, ОКМК эса “Навбаҳор”га қарши ўйнайдиган бўлди. Ўзига яраша қизиқарли жуфтликлар, шундай эмасми? Айниқса, про лига етакчиларидан бири “Динамо”нинг ярим финалгача етиб келиши ажойиб натижа. Бош мураббий Вадим Абрамов яна совринларни соғиниб қолганини кўрсатиб қўяётгандек, гўё. Бунга “Пахтакор”ни ва ундан сўнг “Олимпик”ни таслим қилгани мисол бўлади. Энди Кубок йўлида “Насаф”ни мусобақадан чиқариб юбориши керак бўлади. Аммо жорий йилги Суперкубокнинг эгаси осонликча енгиладиганлардан эмас.
Айтмоқчимизки, “Насаф” – “Динамо” қарама-қаршилиги жуда томошабоп ўтса керак. “Динамо”нинг Кубокдаги эртакнамо натижалари яна давом этадими ёки ярим финалда “Насаф” самарқандликларни тўхтатиб қоладими? Буни кузатиш қизиқ. Лекин нима бўлганда ҳам про лига вакилининг Ўзбекистон Кубоги ярим финалигача етиб келганининг ўзи катта гап. Чунки ҳеч ким улардан бундай натижани кутмаган бўлса керак.
Яна бир жуфтликда ОКМК – “Навбаҳор” ўртасидаги қаттиқ жангга гувоҳ бўламиз. Буни финалдан олдинги финал десак тўғрироқ бўларди. Яқинда Наманганда мазкур клублар ўртасидаги учрашувда ғолиб аниқланмаганди. Энди уларни яна йўллари кесишадиган бўлди. Қосимов ва Бабаян тўқнашувида биз яна кескин муросасизликни кўришимиз шубҳасиз. Иккаласини мақсади Кубокни ютиш. Демак, фаворитлардан бири ярим финалда қоқилиши муқаррар.
Эслатиб ўтамиз, ярим финал учрашувлари 19 октярбда, финал эса 12 ноябрь кунига тайин қилинган.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар