"Динамо"да бош мураббийнинг истеъфоси рўй бермади
Биринчи даврада ажойиб таассурот қолдирган «Динамо» клуби иккинчи даврага келиб бирданига ўзгарди-қолди. Клуб кетма-кет бешта учрашувдан бери фақат ютқазиб келяпти. Натижада самарқандик мухлислар қаттиқ ранжишмоқда. Айниқса, охирги турда ўз майдонида аутсайдер «Бухоро»га 0:3 ҳисобида ютқазиб қўйиши кутилмаган ҳол бўлди. Натижада ушбу учрашувдан сўнг «Динамо» устози Даврон Файзиев истеъфога чиқиши ҳақида маълум қилганди. Биз эса вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида бош менежер Илҳом Шарипов билан боғландик.
«Раҳбарият Файзиевга ишонишда давом этишини маълум қилишди»
- Бош мураббийимиз Даврон Файзиевнинг аризаси қабул қилинмади, - дея гап бошлади, Шарипов. - Аниқроғи, вилоят ҳокими ва клуб ҳомийлари унга охиригача ишонч билдиришларини маълум қилишди. Жамоа олдига 10-ўринни эгаллаш вазифаси қўйилган. Файзиев ариза ёзмоқчи бўлиб турганди. Кетма-кет мағлубиятлар туфайли мухлислар ҳам ранжишганди. Балки жамоага янги қон керакдир дея ишдан кетиш ҳақида ўйлаётганди. Бироқ боя айтиб ўтганимдек, раҳбарият мураббийга ишонишини маълум қилди. Бош мураббийнинг ўзи ҳам охирги учрашувдан кейинги матбуот анжуманида жамоа ўйини қониқарли бўлмаётгани учун истеъфога чиқаман деб айтганди. Лекин энди барчасидан сиз ҳам хабардорсиз, раҳбарият рухсат бермади.
«Гол урадиган футболчи топилмаяпти»
- Биласиз, биз аслида футболчиларни бошида про-лига учун йиққандик. Тўғриси, биринчи даврада бизга кўплаб ўйинларда омад кулиб боқди. Иккинчи даврага ҳам яхши тайёргарлик кўргандик. Тоғда ва Тошкентда шуғуллангандик. Ҳар куни икки маҳалдан машғулот ўтказгандик. Аслини олганда ортда қолган бешта учрашувда ҳам йигитларимиз ёмон ўйнашгани йўқ. Шунчаки, биздан омад юз ўгиряпти. Ҳар бир ўйинда гол уришимиз учун 5-6 тадан имкониятларимиз юзага чиқяпти. Лекин гол урадиган футболчи топилмаяпти. Лига Кубогида «Андижон»ни 2:1 ҳисобида ютиб ярим финалга чиқдик. Чемпионат баҳсида сафарда «Локомотив»га ютқазган бўлсак-да, ёмон ҳаракат қилмагандик. Негадир жамоамиз ўйинида сифат кўринмай қолди. Футболда эса сифат муҳим роль ўйнайди. Лекин биз тушкунликка тушиб қолаётганимиз йўқ. Ўйлайманки, ишларимиз юришиб кетади. Олдимизда яна 8 та ўйинимиз бор. Бўлажак учрашувларда имкони борича максимал очколарни қўлга киритишга ҳаракат қиламиз.
«Футболда оқ ва қора чизиқлар ҳам бўлади»
- Аслида биз ёзги селекция чоғида таркибимизга яна айрим янги ўйинчиларни олишимиз керак эди. Аммо раҳбариятимиз ҳозирги таркибдаги ёшларга кўпроқ имкон беришимизни ва улар ўйнаши, маҳоратларини оширишлари кераклигини айтди. Гапнинг очиғи, кучли футболчиларни олишга пулимиз йўқ. Шу боис биринчи даврада ўйнаган ўйинчиларга яна ишонч билдирилди. Ўйлайманки, битта учрашувда ютиб олсак, ишларимиз ҳам юришиб кетади. Худо хоҳласа, яхшиликка умид қиламиз. Футболда оқ ва қора чизиқлар бўлади. Биз сабр қилиб, ушбу ҳолатни енгиб етишимиз керак. Ҳали ғалабали кунларимиз келади.
«Лига Кубогини ютсак яхши, аммо муҳими Суперлигада қолишимиз керак»
- Лига Кубоги янги мусобақа. Биз ҳар бир ўйинда ғалаба қозониб, мухлисларимизни хурсанд қилишни истаймиз. Шунинг учун Лига Кубогида иложи борича ютишга ҳаракат қиламиз. Лекин ярим финалда тажрибали жамоалар бор. «Қўқон-1912», «Пахтакор», АГМК каби рақиблар бор. Аммо бизнинг асосий мақсадимиз барибир Суперлигага қаратилади ва у ерда жон сақлаб қолиш биз учун энг муҳими.
«Аслида ҳимоя чизиғимизни кучайтиришимиз керак эди»
- Футболда ютқазса мураббий ютқазади, ютса эса жамоа ютади деган гап бор. Таркибимизни биласиз, кўпчилиги ёш футболчилар. Уларга ҳам барибир ўзларини кўрсатишлари учун вақт керак. Барибир кетма-кет бешта ўйиндаги мағлубият ҳаммага ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмайди. Аммо ўйиндан-ўйинга ҳаракатларнинг сифати ўзгармоқда. Лекин биринчи даврадан кейин ҳимоя чизиғини кучайтириш учун бу позицияга 2-3 та футболчи олишимиз керак эди. Афсуски, мудофаа чизиғимизда камчиликлар кўзга ташланиб қолмоқда. Мураббий ким яхши ишласа ўшани майдонга туширади. Барибир ўз олдимизга қўйилган мақсадни бажарамиз деб умид қиламан. Агар мураббий ўзгарган тақдирда ҳам янги келган мутахассис мен бу таркибни йиғмагандим деб аниқ айтарди ва менга вақт беринглар дерди. Ҳаракат қиламан дейди-ю, бироқ ўйин чиқмай қолса, бояги гапларни айтади. Шунинг учун Даврон Файзиевнинг ўзи ишлагани яхши. У Жиззахда ишлаган пайтда ҳам пулсиз, ўртача футболчилар билан жамоани лигада олиб қолишга ҳаракат қиларди. Биз бу мураббийга ишонамиз. Ҳозирги омадсизлигимиз эса вақтинчалик ҳолат. Биз у билан бирга ишлаб, бу вазиятдан чиқиб кетишга ҳаракат қиляпмиз. Албатта, қийин бўлади. Лекин биз ҳаракат қиламиз. Унинг ўрнига бошқа мутахассис номзодини кўриб ҳам чиққанимиз йўқ. Суперлигада ким шунчаки очко улашади, ҳеч ким! Клубларга эътибор қаратсак, фақат биз билан «Насаф»да легионерлар йўқ холос. Барибир клублардаги легионерлар ҳам натижаларга таъсир кўрсатади. «Бухоро» ҳам бешта хорижлик ўйинчини таклиф қилди. Аста-секин уларнинг ўйини ҳам яхшиланиб боряпти. Бешта ўйинда 5 очко олишди, иккита дуранг ва битта ғалаба. Айтмоқчиманки, легионерлар ҳам натижа кўрсатишяпти. Вилоятимиз ҳокими эса футболни жуда яхши кўради. Бу йил жамоани сақлаб қола олсак, кейинги йили янада яхши янгиликлар бўлади. Шунинг учун биз раҳбарларимизга панд бериб қўймаслигимиз лозим.
«Қийин пайтда мухлисларимизнинг жамоа билан бирга бўлишларини истардик»
- Олдимизда 8 та ўйин бор ва шуларнинг учтасини ўз майдонимизда ўтказамиз. Самарқандда «Сурхон», «Андижон» ва «Пахтакор»ни қабул қиламиз. Мухлисларимизни сабр қилишларини ва жамоамизга ишонишларини истардим. Натижа албатта бўлади. Биз мухлисларимизни чиройли ўйинларимиз билан яна хурсанд қиламиз. Биринчи даврада эса уларни мана шундай ўйинларга ўргатиб қўйгандик. Энди эса қийин пайтда ҳам ишқибозларнинг жамоамиз билан бирга бўлишларини хоҳлардим.
Фикрлар