"Динамо"га ишонмаганимда келмасдим, бу мен учун янги чақирув" - Марат Бикмаев "Сўғдиёна"дан кетишининг сабабини айтди

Биринчи даврани бўш ўтказиб, охирги ўринга “михланиб” қолган “Динамо” клуби йўл қўйган хато ва камчиликлардан хулоса чиқариб иккинчи даврага астойдил тайёрланяпи. Таркиб кучайтиришга эҳтиёж борлиги яққол кўриниб турганди. Шунинг учун раҳбарият ва мураббийлар штаби жамоага кўпни кўрган, тажрибали ўйинчиларни таклиф қилмоқда.

36 ёшни қаршилаган ҳужумчи Марат Бикмаев ҳам расман “Динамо” клуби аъзосига айланди. Билсангиз керак, яқинда самарқандликлар билан шартнома имзолади. Биринчи даврани Жиззахнинг “Сўғдиёна” клубида ўтказган футболчи ёзги селекцияда клубини ўзгартирди. Бикмаев бор эътиборини янги клубига қаратди. Марат Sports.uz мухбири билан мулоқот чоғида, дастлаб нега “Динамо”га ўтишга рози бўлгани ҳақида гапирди.

“Сўғдиёна” клубини тарк этганим сабаби шуки, у ерда етарли даражада ўйин амалиётига эга бўла олмаганим учун жамоадан кетдим. Кейин “Динамо” клуби раҳбарлари ва бош мураббий Андрей Сергеевич Шипилов қўнғироқ қилиб, жамоага таклиф қилди. Уларнинг чақирувига йўқ демадим. Нега? Чунки “Динамо” ҳозир ўзининг ўрнида эмас. Шу сабабли бу мен учун ҳам янги чақирув эди. Таклифни қабул қилишимга шу нарса ҳам туртки берган бўлса керак. Янги чақирув бўлган жойда албатта янги мақсадлар ҳам бўлади".

бикмаев1

Юқорида айтдик, Марат биринчи даврани “Сўғдиёна” таркибида ўтказди. Аммо ҳужумчи у ерда узоқ вақт қолмади. Боиси, жиззахликлар таркибига чемпионат бошида қўшилганди. Кўриб турибсизки, ярим мавсумдан кейиноқ, Бикмаев жамоасини ўзгартиришга қарор қилди. Бунга нима сабаб бўлди? Ёки Марат клуб билан қайсидир масалада келиша олмадимикин-а?

“Сўғдиёна” клуби билан уришиб кетганим йўқ. Биз икки томонлама ўзаро келишиб, дўстона равишда хайрлашдик ва бир-биримизга омад тиладик. Ҳолбуки, жамоада ҳеч қанақа муаммо йўқ ва барчаси яхши эди. Шунинг учун клубга нисбатан эътирозим йўқ", - деди Бикмаев.

бикмаев4

“Динамо” охирги ўриндан қутилиш ва юқори поғоналарга кўтарилиш учун Бикмаев каби тажрибали футболчилар хизматидан фойдаланишга қарор қиляпти. Табиийки, энди янги клубида ҳам Маратга ишонч ва эътибор катта бўлади. Футболчи ҳам “Сўғдиёна”дан фарқли ўлароқ янги клубида ўзини кўрсатишга бор кучини сарфлаши кутиляпти.

"Албатта, янги клубга ўтганимдан кейин менга осон бўлмайди. Биламан, менга юкланган вазифа жуда масъулиятли. Иложи борича ишончни оқлашга ҳаракат қиламан. Асосийси, майда-чуйда жароҳатлар бўлмаса, эсон-омон иккинчи даврага етиб олиб, ўйинларни бошлаб олсак, умид қиламанки, биз кўзлаган мақсадимиз учун жиддий курашамиз. Мен ҳар доим янги курашларга очиқман. “Динамо”да ҳам яхши ният қиламан. Ҳали чемпионат бошланмади, аста-секин янги жамоамга киришиб кетяпман. Иштиёқ бор ва бу иштиёқ менда ҳар доим бўлган. Шунинг учун айтяпман-ку, иккинчи давра бошлангунича жароҳатларсиз етиб олсам, оғриқлар бўлмаса ҳаммаси яхши бўлади, деган умиддаман".

бикмаев3

“Динамо” клуби қандай бўлмасин кучлилар орасида жон сақлаб қолишга ҳаракат қилади. Бу йил Суперлигага қайтган жамоа яна ортга қайтишни асло истамаслиги аниқ. Шу сабабли таркиб тажрибали футболчилар ҳисобига кучайтирилмоқда. Жамоа бу вазифани уддалар олармикин?

"Агар “Динамо”га ишонмаганимда келмасдим. Клубга ишонаман. Ҳаммаси яхши бўлади. Раҳбарият ҳам “Динамо” учун кўп иш қиляпти. Қолаверса, энди ҳамма гап биз футболчиларда қолган. Худо хоҳласа, иккинчи даврани яхши спорт формасида бошласак, ҳаммаси ижобий кўриниш олади, деб умид қиламан. Менимча, яна янги, яхши савиядаги ўйинчилар олинса керак. Кейин кўрамиз. Ҳозирча ҳаммаси ажойиб", - дея жавоб берди Марат.   

Дарвоқе, “Сўғдиёна” Виталий Денисовни қўлга киритиш орқали яхшигина шов-шув уйғотди. Бикмаев собиқ клубига ўтган ушбу футболчи борасида шундай деди:

"Ҳа, Виталий Денисовни “Сўғдиёна”га ўтишини билгандим. Унинг олдида 3-4 та варианти бор эди. У яхши жамоага тушди. “Сўғдиёна” ОФК Кубогида ўйнайди. Албатта, клубга ёрдами тегади. Денисовга фақат омад тилайман. Бир сўз билан айтганда, Виталий зўр бола".

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!